Мамлакатимизда аҳолини уй-жойга бўлган эҳтиёжини таъминлаш мақсадида кўп квартирали уйлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда. Агентликка бундай уйларнинг баъзилари белгиланган вақтда тугатилмаётганлиги, уларга ўрнатилган ҳисоблагичларнинг стандарт талабга мос эмаслиги, технологик ва муҳандислик қурилмаларига кафолат муддати берилмаганлиги бўйича истеъмолчилардан мурожаатлар келиб тушмоқда.
Агентлик мазкур муаммолар нима сабабдан юзага келаётганлигини ўрганиш мақсадида 206 та кўп квартирали уй-жойлар қурилиши билан шуғулланувчи субъектлар томонидан 2019 йилда фуқаролар билан тузилган 13902 та шартномалар (давлат дастурларига киритилган намунавий уй-жойлар қурилишидан ташқари)нинг таҳлилини ўтказди. Ачинарлиси, янги қурилаётган кўп квартирали уйларни улуш киритиш асосида қуриш учун тузилган шартномаларда қурувчининг мажбуриятлари назарда тутилмаган, шунингдек, истеъмолчининг ҳуқуқлари эса таъминланмаган.
Шартномада уйни қуришга рухсат бериш ва қурилиш билан боғлиқ ҳужжатлар билан танишиш, қурилишни тугаллаш муддатидан асоссиз равишда кечиккан тақдирда жарима ундириш ва квартирани қабул қилиб олгандан сўнг кафолат муддатига қадар аниқланган камчиликларни бартараф этишни талаб қилиш каби истеъмолчининг ҳуқуқлари киритилмаган.
Жавобгарлик масаласига келсак, қурилишни тугаллаш муддати, уйларга ўрнатилган ҳисоблагичларнинг стандарт талабга мослиги, технологик ва муҳандислик қурилмаларга кафолат муддати, инвестор квартирани қабул қилиб олгандан сўнг кафолат муддатига қадар аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва қурилишни тугаллаш муддати кечиктирилган тақдирда (форс-мажор ҳолатидан ташқари) қурувчининг мажбуриятлари ҳисобланиши кабилар шартномадан ўрин олмаган. Шу боис янги қурилган уйлар истеъмолчига қувонч ўрнига ташвиш келтирмоқда.
Бу ҳолатда Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг Шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган шартлари ҳақиқий эмаслиги ҳақидаги 21-моддаси талаблари бузилган. Яъни шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган ва қонун ҳужжатларига зид бўлган талаблари ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Агар уларни қўлланиши натижасида истеъмолчига зарар етказилган бўлса, бу зарар ишлаб чиқарувчи (сотувчи, ижрочи) томонидан қопланиши лозим. Шунингдек, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
Агентлик истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига зид шартлар (ҳолатлар) киритилишига йўл қўймаслик, шунингдек, кўп квартирали уйларни қуриш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритди ва тегишли чоралар кўрилди.
Фаолиятимиз давомида истеъмолчиларда электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, иссиқлик манбаи таъминоти, қурилиш ва транспорт хизмати каби соҳаларда ҳам муаммолар учраётгани кўзга ташланади.
Агентлик томонидан мазкур муаммолар нима сабабдан юзага келаётганлигини ўрганиб, истеъмолчилардан тушаётган мурожаатларни ижобий ҳал этиш чора-тадбирларини кўрмоқда. Жумладан, электр энергиясидаги узилишлар ва белгиланган стандартларга мос бўлмаган қувватда етказиб берилиши, табиий газ босимининг пастлиги, газ қувурлари етиб бормаган ҳудудларни суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланиши бўйича тушган мурожаатлар ижобий ҳал этилмоқда. Шунингдек, ичимлик суви ва кўп квартирали уйлардаги марказлаштирилган иситиш тизими ва иссиқ сув таъминоти, ҳисоблагичларни қиёсловдан ўтказиш ва истеъмолчиларга қўйилаётган асоссиз қарздорликлар ҳисобланиши каби коммунал хизматлар соҳасидаги муаммолар ҳам ўз вақтида ечим топмоқда.
Агентлик бу борада нафақат истеъмолчиларнинг, балки хизмат кўрсатувчи корхона ходимларининг ҳам ҳуқуқий билимини оширишга қаратилган маърифий тадбирлар ташкил қилмоқда, истеъмолчига эслатмалар тайёрлаб, тақдим этмоқда. Бундай тадбирлар истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини таъминлашда яхши натижалар бермоқда.
9,363