Истеъмолчилар ҳуқуқларини химоя қилиш агентлигининг ишонч телефонига маиший электр техника жиҳозларининг сифатсизлиги, кафолат муддатида таъмирлаш тартибларига риоя қилинмаслик, алмаштириб бермаслик ва бошқа ҳолатлар юзасидан ҳам қўнғироқлар бўлиб туради.
Ана шундай мурожатлардан бири 2 миллион 400 минг сўмлик товарнинг носозлиги ҳақида бўлди. Истеъмолчи Г.М. яхши ниятда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларимиздан бирининг музлатгичини харид қилади. Аммо музлатгич носоз чиқади ва ушбу муаммони ҳал қилиб беришини сўраб савдо дўконига бориб учрашди. Сотувчи музлатгични таъмирлатиб беришга ваъда қилди…
Лекин буни кутиб истеъмолчининг фақат вақти кетди, холос.
Агентликнинг Жиззах вилояти ҳудудий тузилмаси бу муаммони ўрганиб чиққанида Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 13-моддаси бузилганлиги маълум бўлди. Жумладан, ушбу моддада истеъмолчига нуқсонли товар сотилгандаги ҳуқуқлари белгилаб берилган.
Нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:
- товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
- товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;
- товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
- харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
- шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.
Ҳудудий тузилма томонидан истеъмолчи ҳуқуқи тиклаб берилишига эришилди. Носоз музлатгич дўконга, унга тўланган пул эса истеъмолчига қайтариб берилди.
6,114