Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 февралдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ушбу йўналишда давлат органлари ҳамда ташкилотлари ҳамкорлигини самарали ташкил этишни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 59-сонли қарори билан республика ҳудудида чакана савдода бўлган маҳсулотлар сифати ва хавфсизлигини назорат қилишнинг янги тартиби жорий этилмоқда. Ушбу қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига қуйидагилар юклатилган:
Чакана савдо объектларида сотиладиган халқ истеъмоли товарлари сифати ва хавфсизлигининг белгиланган техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлиги юзасидан тизимли равишда ўрганишлар ўтказиш;
Ушбу тадбирлар қонунийлик, ошкоралик, холислик, адолатлилик, тенглик ва шаффофлик принципларига асосланган ҳолда амалга ошириш.
“Ўзстандарт” агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва миллий аккредитация тизимида аккредитация қилинган синов лабораториялари Агентликка назорат хариди доирасида олинадиган халқ истеъмоли товарларини тезкор равишда экспертизадан (тестдан) ўтказишда амалий ёрдам кўрсатишлари лозимлиги белгиланган.
Агентлик ички бозордаги сифатсиз ва номувофиқ товарлар савдосини аниқлашга қаратилган мазкур турдаги тадбирларни ўтказиш бўйича амалиётга эга. Ўтган йил якунлари бўйича 12 турдаги маҳсулот назорат хариди ва экспертизаси ўтказилди. Булар 80 ишлаб чиқарувчининг 88 номдаги маҳсулотлари – қолипли нон, ун, шакар, ичимлик суви, сутли консервалар, колбаса маҳсулотлари, сариёғ, гўштли консервалар, пишлоқ, ўсимлик ёғи, кўмир, цемент маҳсулотлари. Экспертиза натижаларига кўра 28 номдаги маҳсулот техник-норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермаслиги аниқланди, уларнинг 6 таси бўйича мувофиқлик сертификати Ўзстандарт агентлиги томонидан бекор қилинди. Жамоатчиликни хабардорлигини ҳамда саводхонлигини ошириш мақсадида экспертиза натижалари Агентлик соnsumer.gov.uz сайтида жойлаштирилиб борилмоқда ва бошқа оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилмоқда.
ХАЛҚАРО АМАЛИЁТ.
Чакана савдо объектларида маҳсулотлар назорат хариди ва экспертизасини ўтказиш аксарият давлатларда кенг қўлланилади. Хусусан, Россия Федерациясида назорат харидини ўтказиш бўйича тадбирларни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва инсон фаровонлиги бўйича Федерал хизмат (Роспотребнадзор) амалга оширади. Энг муҳими, назорат харидини ўтказиш тўғрисида тадбиркорлик субъекти олдиндан огоҳлантирилмайди, шу боис мазкур текширувлар режали ҳисобланмайди.
Германияда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ваколатли давлат органи бўлиб Озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Федерал вазирлиги ҳисобланади. Бироқ, истеъмолчиларга бевосита ёрдамни ҳамда назорат харидини ўтказишни жамоат ташкилотлари амалга оширади. Товар ва хизматларни мустақил текширишни амалга оширадиган Маҳсулот ва хизматларни тестдан ўтказиш институти (Stiftung Warentest) махсус журнал чоп этиб, унда бундай текширувлар натижаларини эълон қилиб боради.
Яқин вақтлар ичида, истеъмолчилар учун қулайлик яратиш мақсадида Агентлик томонидан расмий веб-сайтида маҳсулот турлари бўйича экспертиза натижалари жойлаштириладиган алоҳида бўлим очилиши режалаштирилган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги аҳолини сифатли ва хавфсиз маҳсулот билан таъминлаган ҳолда, истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчиларни ўрнатилган ишлаб чиқариш ва соғлом рақобат нормаларига қатъий риоя қилишга чақиради.
3,602