Умумтаълим мактаб ўқувчи ёшлари ўртасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қонунчилигидан хабардорлик даражасини баҳолаш бўйича ўтказилган ижтимоий сўров натижалари юзасидан
МАЪЛУМОТНОМА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5817-сон Фармонига асосан, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг асосий вазифаларидан бири бўлиб, аҳолининг истеъмолчилик билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ҳисобланади. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича кундалик ҳаётда кўп учрайдиган муаммоларни аҳолига, биринчи навбатда умумий таълим мактабларида таълим олаётган ўқувчиларга тушунтириш, уларда истеъмолчи ҳуқуқи тўғрисида тушунчани шакллантириш, кундалик ҳаётда ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича элементар билимларни бериш, истеъмолчи ҳуқуқлари соҳасида низоли вазиятларни қонуний ечими йўлларини кўрсатиш бугунги кунда истеъмолчи ҳуқуқи соҳасида муҳим масалаларидан бири бўлиб қолмоқда. Шунингдек, мактаб ўқувчилари ўртасида нооқилона овқатланиш билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш ва улар тарқалиши даражасини пасайтириш, соғлом турмуш тарзининг асоси сифатида соғлом овқатланишга доир кенг тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этиш, ўқувчиларнинг сифатли ва соғлом озиқ-овқатлар билан таъминланишини назорат қилиш соғлом авлод шаклланишида муҳим аҳамият касб этади.
Умумтаълим мактаб ўқувчиларининг истеъмолчилик маданиятини ошириш, соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик ёшларнинг баркамол авлод бўлиб етишишида муҳим аҳамият касб этишини тарғиб қилиш мақсадида, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан Халқ таълими вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан келишилган тақдимот слайтлари асосида республика ҳудудларида жойлашган умумтаълим мактабларида (танлов асосида) “Сифат танлови – соғлом овқатланиш гарови!” мавзусида жорий йилнинг март ойи давомида 9-11-синф ўқувчилари ўртасида тарғибот тадбирлари ўтказилди. 48 та ўқув семинарларида 4 мингдан ортиқ ўқувчи ёшлар ва ўқитувчилар иштирок этган тадбирларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва соғлом овқатланишга доир ҳамкорликда тайёрланган тақдимот слайдлари намойиш этилди.
Ташкил этилган тадбирлар доирасида 1871 нафар ўқувчи ёшлар ўртасида уларнинг истеъмолчи ҳуқуқлари тўғрисидаги билимлари даражасини баҳолаш ва кундалик овқатланиш рациони ҳамда овқатланишда нималарга эътибор беришлари ҳақида сўровнома ўтказилди. Сўровномада 14-17 ёшдаги (1000 нафар қиз ва 871 нафар ўғил бола) ўқувчилар иштирок этди (1-расм).
Вилоятлар кесимида энг кўп иштирокчи Сурхондарё вилоятида қатнашган бўлса (520 нафар), энг кам кўрсаткичлар Сирдарё (45 нафар) ва Жиззах (46 нафар) вилоятларида ўтказилган сўровда кузатилди (2-расм).
Сўровномада қўйилган саволлар ва уларнинг натижаларига бевосита тўхталадиган бўлсак, дастлабки Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунидан хабарингиз борми? – деган саволга респондентларнинг 1673 нафари ёки 89,4 фоизи “ҳа” деган жавобни тақдим этишгани эътиборга молик.
Сўровда қатнашган ўқувчилардан аксарият қисми мазкур қонунчиликдан ҳабардор эканликларини билдиришганини, ушбу соҳада охирги вақтларда юз бераётган ўзгаришлар билан, жумладан ОАВ ва интернет тармоқлари орқали истеъмолчилик ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан боғлиқ кенг қамровли тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борилаётганлиги билан изоҳлаш мумкин.
Шунингдек, ушбу ишларни давом эттириш ва мазкур қонунчилик ҳабардорлиги билан ёшларни етарлича қамраб олиш учун аввало биринчи навбатда мактабларда олиб борилаётган тарғибот тадбирларининг кўламини кенгайтириш, кундалик муҳим истеъмолчилик муносабатларига оид масалаларнинг қонунчилик ечими бўйича мактаб ўқувчилари учун жорий этилган даврий нашрлар орқали рукнлар бериб бориш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.
Ушбу саволга 85 фоиз ўқувчилар томонидан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги” – дея тўғри жавоб берилган, бироқ респондентларнинг 281 нафари, яъни 15 фоизидан “Адлия вазирлиги”, “Молия вазирлиги” ёки “Ўзбекистон ёшлар иттифоқи”- деган нотўғри жавоблар олинган. Бундай ҳолат кўпроқ Навоий (вилоятнинг умумий респондентлари сонига нисбатан 73,5%) ва Сирдарё вилоятларида (вилоятнинг умумий респондентлари сонига нисбатан 51,1 %) қайд этилган. Бу ҳолатни ўқувчи ёшларнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваколатли органлар ва уларнинг фаолияти тўғрисида етарлича маълумотга эга эмаслиги билан изоҳлаш мумкин. Бу эса, ўз навбатида ваколатли давлат органлари фаолияти тўғрисида ёшларнинг истеъмол билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этади.
Эндиликда, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонунига 2020 йил 10 мартдаги ЎРҚ-608-сон Қонуни билан киритилган янги 241-моддага асосан вояга етмаган шахслар ҳам ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши масалалари юзасидан давлат органларига, ташкилотларга ёки уларнинг мансабдор шахсларига ушбу Қонунда белгиланган тартибда мустақил равишда мурожаат беришга ҳақли. Яъни, ўқувчи ёшларнинг истеъмолчилик борасида ҳуқуқлари бузилган тақдирда уни тиклаш мақсадида ваколатли орган ҳисобланган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига бевосита мурожаат этишлари мумкин.
Нисбатан мураккаброқ бўлган саволга сўровда қатнашганларнинг деярли 4/5 қисми нотўғри жавоб тақдим этишган. Мазкур саволга берилган жавоблардан кўриниб турибдики, сўровда қатнашган 1871 нафар ўқувчиларнинг 17 фоизи яъни, 318 нафаригина тўғри жавобни белгилашган.
Ушбу саволга нотўғри белгиланган жавобларга нисбатан, тўғри белгиланган жавоблар кўпроқ бўлган вилоятларга Бухоро, Сирдарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларини кўрсатишимиз мумкин.
Маълумки, истеъмолчи – Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 1-моддасига асосан, фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс) сифатида намоён бўлади.
Истеъмолчи ким ва унинг мавқеи ҳамда уларнинг сотувчи (иш, хизмат кўрсатувчи)лар билан ҳуқуқий муносабатларини ўқувчи ёшларда хозирдан шакллантириб бориш, келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш чораларни ўқувчиларга етказиш мақсадида, улар ўртасида мавзуга оид иншолар ва диктантлар каби танлов тадбирларни ўтказишни йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ.
Ушбу саволга 831 нафар (45,5%) ўқувчилар томонидан тушлик пайтида истеъмол қилиш учун фастфуд, уй шароитида тайёрланган маҳсулотлар ёки кремли қандолат маҳсулотларни маъқул кўришларини билдирганлар.
Мазкур жавоблар асосан, Қорақалпоғистон Республикаси (ҳудуднинг умумий респондентлар сонига нисбатан 61,1%), Бухоро (вилоятнинг умумий респондентлар сонига нисбатан 74,2%), Сурхондарё (вилоятнинг умумий респондентлар сонига нисбатан 69,8%), Сирдарё (вилоятнинг умумий респондентлар сонига нисбатан 77,7%) ва Тошкент вилоятларининг (вилоятнинг умумий респондентлар сонига нисбатан 56,8%) ўқувчилари томонидан берилган.
Маълумки, инсоннинг юрак-қон томир касалликларига, ортиқча вазн, ошқозон-ичак тракти зарарланишига, қанд касаллиги ва бошқа кўплаб хасталикларнинг ривожланишига ушбу маҳсулотларни сурункали равишда истеъмол қилиниши омил бўлаётганлиги тўғрисида Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан огоҳлантирилмоқда. Уй шароитида тайёрлаб сотиладиган маҳсулотлар эса санитария-гигиена қоидалари талаблари асосида тайёрланмаслиги табиий албатта. Шунинг учун бундай маҳсулотларни истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария бош врачининг “Республика умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг хавфсиз овқатланиши тўғрисида” 2010 йил 18 сентябрдаги 8-сонли қарори билан умумтаълим муассасаларининг ўқувчилари учун таъқиқланган маҳсулотлар рўйхати белгиланиб, ушбу рўйхатда булочкага солинган гамбургер, чизбургер, хот-дог, сосиска ва колбаса маҳсулотлари ҳам ўрин олган. Хозирги кунда мактаб ошхоналарида шу каби маҳсулотлар сотилишига йўл қўймаслик устидан тўлақонли назорат олиб бориш масаласи долзарблигича қолмоқда. Таълим муассасаларидаги ошхона ва буфетларнинг тўғри фаолият юритишини назорат қилишни ваколатли органлар томонидан янада кучайтирилиши мақсадга мувофиқ. Шунингдек, бунга нафақат масъул ваколатли ташкилотларнинг, балки аҳолининг, айниқса ота-оналарнинг ҳам масъулиятини ошириш керак. Яъни фарзанди таҳсил олаётган таълим муассасаси ошхонаси ёки буфетда қандай маҳсулотлар сотилаётгани, фарзанди қай бирини харид қилаётгани ва унинг белгиланган талабларга мутаносиблигини назорат қила олиши лозим. Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги ПФ-5538-сон “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг 2018 йил 26 декабрдаги 16-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасасининг Кузатув кенгаши ҳақидаги намунавий Низом”га асосан умумтаълим мактабларида кузатув Кенгашини тузиш орқали жамоатчилик назоратини ўрнатиш мумкин.
Ушбу саволга саволномада қатнашган ўқувчиларнинг 1167 нафари, яъни 62,4 фоизи организм учун фойдали бўлган шарбатлар, чой, сут ва кефир ичимликларини севиб истеъмол қилишларини билдирган бўлсалар, бироқ қолган 704 та, яъни 37,6 фоиз ўқувчилар газланган салқин ёки энергетик ичимликларни истеъмол қилишни афзал кўришларини билдирганлар.
Бундай жавоблар кўпроқ Навоий (вилоятнинг умумий респондентлар сонига нисбатан 59,3%) ва Сурхондарё вилоятларида (вилоятнинг умумий респондентлар сонига нисбатан 76,5%) қайд этилган. Бу ҳолатни ўқувчи ёшларнинг энергетик ва бошқа газланган салқин ичимликларни истеъмол қилиш ҳам ўсиб келаётган ёш организм учун зарарли эканлиги тўғрисида маълумотга эга эмасликлари билан изоҳлаш мумкин.
Ўзбекистон Республикасининг “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунида, таркибида 150 мг/л.дан ортиқ миқдорда кофеин ва (ёки) инсон организмига тонусни ўзгартирувчи таъсир кўрсатиш учун етарли миқдордаги бошқа компонентлар мавжуд бўлган ичимликлар энергетик ичимликлар сифатида тавсифланиб, мазкур қонуннинг 14-моддасига биноан ушбу турдаги маҳсулотлар ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилинишига йўл қўйилмаслиги қатъиян белгилаб қўйилган.
Ушбу белгиланган қонун талабларини нафақат ўқувчиларга балки тадбиркорларга ҳам етказиш мақсадида тарғибот воситаси сифатида турли буклетлар ва бошқа тарқатма материалларни ишлаб чиқиб, уларга бепул етказиш орқали уларнинг истеъмолчилик борасидаги саводхонлигини ошириш ўз ижобий натижасини бера олади.
Мазкур саволга берилган жавобларга асосан маълум бўлдики, сўровномада қатнашган ўқувчиларнинг 53,6 фоизи, яъни 1003 нафари бундай маҳсулотларни ҳарид қилмайдилар. Бу билан ушбу маҳсулотларни уларнинг ўсиш даврида истеъмол қилиш организм учун зарарлилигидан хабардор эканликларини билишимиз мумкин.
Лекин, сўровномада қатнашган 46,4 фоиз, яъни 868 нафар ўқувчилар ушбу саволга бундай маҳсулотларни дўконлардан, мактаб ошхонасидан ва ота-оналарининг ўзлари олиб келишларини маълум қилганлар.
Ачинарлиси, сўровда қатнашган 120 нафар (6,4%) ўқувчилар ушбу маҳсулотлар юқорида кўрсатилган Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария бош врачининг 2010 йил 18 сентябрдаги 8-сонли қарорига асосан мактаб ошхоналарида сотилиши тақиқланган бўлсада, айнан ушбу ошхоналардан ҳарид қилишларини маълум қилганлар.
Ушбу берилган салбий жавоблар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, кўпроқ Навоий (вилоятнинг умумий респондентлар сонига нисбатан 63,8%), Самарқанд (вилоятнинг умумий респондентлар сонига нисбатан 82,1%), Сирдарё (вилоятнинг умумий респондентлар сонига нисбатан 84,4%) ҳамда Тошкент вилоятлари (вилоятнинг умумий респондентлар сонига нисбатан 55,0%) салмоғига тўғри келмоқда.
Мазкур ҳолат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги 1015-сон қарори билан Агентликка берилган ваколатдан фойдаланган ҳолда юқорида келтирилган камчиликларни олдини олиш, соғлом овқатланишни йўлга қўйиш бўйича умумтаълим мактаблари томонидан амалга оширилаётган ишларни ўрганишни ташкил этиш юзасидан Агентлик ҳамда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда тегишли чора-тадбирлар белгиланишини ва уни изчил амалга оширилиши лозимлигини тақозо этмоқда.
Маҳсулотларни ҳарид қилиш жараёнида унинг ишлаб чиқариш санаси ва яроқлилик муддатига эътибор беришлари сўровномада қатнашган 1452 нафар (77,6%) респондентлар томонидан маълум қилиниб, ушбу ҳолатни ижобий деб баҳолаш мумкин.
Сўровномада қатнашган қолган 419 нафар (22,4%) респондентлар томонидан маҳсулотлар ҳарид қилиш жараёнида унинг нархига ёки ташқи кўринишига эътибор беришларини билдирилиб, ушбу ҳолатнинг кўпроқ қисми Навоий (вилоятнинг умумий респондентлар сонига нисбатан 86,4%) ва Сирдарё (вилоятнинг умумий респондентлар сонига нисбатан 48,8%) вилоятларига тўғри келмоқда.
Ушбу ҳолатдан келиб чиқиб, мазкур ҳудудларда ёшлар ўртасида истеъмолчилик маданияти тарғиботи ишларини янада кучайтириш мақсадга мувофиқдир.
Сотиб олган маҳсулотининг истеъмолга яроқлилик муддати ўтган бўлса савдо нуқтасидан яроқлисига аламаштиришни талаб қилишини маълум қилган ўқувчилар 1430 нафар (76,4%)ни ташкил қилиб, ушбу ҳолатни ҳам ижобий кўрсаткич деб баҳолаш мумкин.
Маҳсулотнинг истеъмолга яроқлилик муддати ўтган тақдирда уни чиқиндига ташлаб юборилиши ёки аҳамият берилмаслиги каби салбий жавоблар даражаси вилоятлар кесимида таҳлил қилинганда, бу кўрсатгич кўпроқ Андижон (вилоятнинг умумий респондентлар сонига нисбатан 59,2%) ва Навоий (вилоятнинг умумий респондентлар сонига нисбатан 43,8%), вилоятларига тўғри келмоқда.
Бу борада истеъмолчиларнинг амалдаги қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ҳуқуқлари тўғрисида фуқароларни узлуксиз равишда хабардор этиб борилиши мақсадга мувофиқдир. Истеъмолчиларни хабардор этиш механизми сифатида инернет расмий сайтлари, расмий телеграмм каналлари, мобиль алоқа операторлари томонидан СМС хабарлар юборишни қўллаш ўз ижобий натижаларини беради дейишимиз мумкин.
- Ошхоналарда сотилаётган таомларнинг сифатини янада яхшилаш учун нималар қилиш керак деб ўйлайсиз?-деган саволга респондентлар томонидан ошпаз ва хизмат кўрсатувчиларнинг махсус кийимда хизмат кўрсатишларини, ошхоналарни қўл ювиш воситалари билан таъминланиши, стол-стуллар ва идишларнинг озодалиги ва бутлигига эътибор қаратиш лозимлигини, ҳафталик таомнома тузиш ва унинг ўқувчилар эътиборига ҳавола этишни, мева-сабзавотлардан овқат ва салатлар тайёрлаш, сут ва ундан тайёрланувчи маҳсулотлар кўламини кўпайтириш, ошхонларда тез-тез дезинфекция ва дезинсекция ишларини ташкил этиш лозимлиги каби таклифлар билдирилди.
Сўровноманинг соғлом овқатланиш билан боғлиқ аксарият саволларига берилган ижобий жавобларнинг салбийларига нисбатан кўпроқ қисмини ташкил этишига сабаб, унда умумий қатнашган респондентларнинг 53% қисми қиз болаларга тўғри келаётганлигини инобатга олиб, улар табиатан ўғил болаларга нисбатан ўз соғлиқларига кўпроқ эътибор беришлари, ёшлик давриданоқ соғлом турмуш тарзига амалга қилган ҳолда ортиқча вазнга эга бўлишга йўл қўймасликлари билан боғлиқ деб ҳисоблаймиз.
6,213