Автомобилларга бўлган эҳтиёж катта, уларни ўз вақтида, сифатли ҳолатда харид қилганлар албатта хотиржам ва хурсанд бўладилар. Аммо акс ҳолатлар учрса-чи?..
Шартнома асосида “АS- Namangan SERVIS” ШК га қарашли “Toshkent viloyati АS” филиали автосалонидан харид қилинган янги автомашинанинг саккиз кундан сўнг кўз кўриб, қулоқ эшитмаган “сифатлари” очилиб қолди.
Қандай қилиб дейсизми? Оҳангарон шаҳрида яшовчи мазкур автомашина эгаси Х.Т. унга баъзи бир аксессуарларни қўйдириш учун устахонага олиб боради. Иш жараёнида мутахассис истеъмолчига олди томон капоти ҳамда том қисмида бўялган жойлари сифатсизлигини билдиради. Бундан хайрон бўлган истеъмолчи автомобилни диққат билан кўриб беришларини сўраганида орқа эшиклари ва бошқалар ҳам шу аҳволда эканлигини айтишади.
Х.Т. бундан ҳайратга тушиб ёқа ушлади, қон босими нечага чиқиб кетганини ҳам билмай қолди. Хаёлига эса фақат бу янги автомашина эмас экан-ку… деган ўйдан бошқа нарса келмади. Хурсандчилик ўрнига ташвиш олиб келган автомашина муаммоси юзасидан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг 1159 ишонч телефонига мурожаатини йўллади.
Агентликнинг Тошкент вилоят ҳудудий тузилмаси томонидан ўрганилган мурожаат юзасидан ваколат доирасида “Ўзавтосаноат” АК ва “GM UZBEKISTAN” АЖларга тегишли сўров хатлари юборилди.
Албатта бу мурожаатга холис муносабат билдириш мақсадида “UzAuto Motors “ AЖнинг бўёқлаш, пайвандлаш цехлари, кафолат бўлими, сотувдан кейинги хизмат кўрсатиш дирекциясининг мутасадди ходимлари ва “АS- Namangan SERVIS” шўъба корхонасидан филиал раҳбари, омбор мудирларидан таркиб топган махсус ишчи гуруҳи тузилди. “NEXIA-3” русумли автомашинанинг ҳолатини ўрганишга истеъмолчи Х.Т. ҳам таклиф этилди.
Хўш, автомобилдаги нуқсонлар ҳақида қандай хулосалар бор? Улар ким томонидан ва қандай баратараф этилар экан, деган хулосани кўпчилик кутаётган бўлса керак.
Ишчи гуруҳ томонидан автомобиль лак-бўёқ қопламалари сифатсиз сепилганидан чиққан муаммо бўйича кўрилган таҳлилда ўнга яқин нуқсонлар борлиги ҳақида тегишли баённома расмийлаштирилди: яъни автомобиль олд капот ва буфери, чап қаноти ва шу томон эшиги, том панели, ўнг томоннинг олд ва орқа ғилдираклари ва бошқа шунга ўхшаш кўплаб нуқсонлар.
Автомобиль ишлаб чиқарган “UzAuto Motors “ Aжга келадиган бўлсак, GSIP тизимида (автомобиллар текшируви стандартлаштирилган глобал жараён)да бу нуқсонлар қайд этилмагани ва автомобиль корхона ҳудудидан соз ҳолатда чиқарилганини билдирган. Аммо ўрганиш ва кўрик хулосасида шу нарса маълум бўлдики, муаммо “АS- Namangan SERVIS” шўъба корхонаси автомобилни сотув олди кўригини ўтказмай хатоликка йўл қўйганидан келиб чиққан. Ва ниҳоят ҳақиқат қарор топди, истеъмолчи Х.Т. нинг бузилган ҳуқуқлари тикланди. Агентликнинг Тошкент вилоят ҳудудий тузилмаси саъй-ҳаракати билан истеъмолчига “АS- Namangan SERVIS” ШК томонидан нуқсонли автомашина ўрнига сифатлиси алмаштириб берилди.
Ҳурматли истеъмолчилар!
Ёдда тутинг: Автосалондан харид қилинаётган автомобиль албатта сотув олди кўригидан ўтказиб берилиши шарт.
* Хусусан автомототранспорт воситалари савдо залига қўйилгунига қадар ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган ишлар ҳажмига мувофиқ савдо олди тайёргарлигидан ўтиши керак.
* Сотувчи расмийлаштиришгача харидорга автомототранспорт воситасини сотишдан олдин тайёрлашга доир бажарилган ишларнинг сифатини, унинг бутланганлигини текшириш, шунингдек кафолат мажбуриятлари шартлари билан танишиш имконини бериши керак.
* Сотувчи автомототранспорт воситасини танлашда малакали ёрдам берилишини таъминлаши, харидорни ушбу воситаларнинг сотувда мавжуд бўлган русумлари ва моделлари билан таништириши керак.
!!! Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида Чакана савдо қоидаларини ҳамда Ўзбекистон Республикасида умумий овқатланиш маҳсулотларини (хизматларини) ишлаб чиқариш ва сотиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 75-сонли қарори.
6,656