Ҳеч кимга сир эмаски, реклама истеъмолчиларга таъсир кўрсатиш бўйича энг самарали воситалардан биридир. Телеканаллар орқали маҳсулотлар рекламаси билан шуғулланувчи дастурлар ҳам талайгина, шу жумладан, “Hop-Shop” дастури.
Тошкент вилояти Ангрен ва Оҳангарон шаҳарларида истиқомат қилувчи икки истеъмолчининг мурожаатлари бир хил товар – сув иситигич мосламаси хариди билан боғлиқ бўлди.
Биринчи мурожаатда “Hop-Shop” теледўконида иситиш мосламаси рекламасида 60 градус иситилиши бўйича маълумот берилган. Буюртма 394 000 сўмга сотиб олинган ва ўрнатилганда сувни 30 градус иситиб берган, холос.
Иккинчисида ҳам айнан “Hop-Shop” дастури рекламасига ишониб 408 000 сўмлик сув иситгичга буюртма берилган. Аммо келтирилган жиҳозга тегишли комплект тўлиқ бўлмаган. Бунинг натижасида ундан фойдаланишнинг имкони бўлмаган.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Тошкент вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан Агентликнинг “Call center”га кетма-кет тушган мазкур мурожаатлар ўрганиб чиқилди. Ҳақиқатан ҳам “Home Shoping Medlia” МЧЖ истеъмолчиларни 2 ойдан ортиқ вақт давомида мурожаатини ҳал этмай овора қилгани ҳамда қўпол муомалада бўлгани маълум бўлди.
Албатта, шундан сўнг иккала истеъмолчи сифатсиз товардан воз кечиб, унга тўланган пулларини қайтариб беришларини талаб қилишга мажбур бўлишди. Ахир бундай сифатсиз хизмат кўрсатилиши уларни қанча овора қилиб, ранжитиб қўйди-да.Шундан сўнг товарга тўланган пул истеъмолчиларга қайтариб берилишига эришилди.
10,539