Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрдаги ПФ-5817-сон Фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Агентликнинг Тошкент вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан жорий йилнинг ўтган даври давомида ўзига юклатилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, реклама бозорини тартибга солиш, аҳоли ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимини ошириш, истеъмолчилар мурожаатлари билан ишлаш, истеъмолчиларнинг номуайян доираси манфаатларини кўзлаб таҳлиллар ўтказиш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва бошқа йўналишларда бир қатор чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Шундан, “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунга қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақидаги, “Реклама тўғрисида”ги Қонунни янги таҳрирдаги лойиҳалари, шунингдек, товарлар назорат хариди ва экспертизасини ўтказиш, фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори тадбирларини амалга ошириш ва норматив ҳужжатларни истеъмолчиларга таъсирини баҳолашни тартибга солувчи ҳужжатлар лойиҳалари Вазирлар Маҳкамасига киритилди.
Истеъмолчиларнинг муаммолари билан ишлаш мақсадида ҳудудий бошқармада 71.207-04-69 ишонч телефони, расмий сайти ва телеграм саҳифалари, электрон почта ҳамда бошқа интерактив ахборот ресурслари орқали аҳолидан тезкор равишда мурожаатларни қабул қилиш йўлга қўйилди.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида истеъмолчиларнинг 1659 та мурожаатлари кўриб чиқилган, ушбу мурожаатлар асосида ўтказилган ўрганишларда 4955,0 млн. сўм миқдорда зарар келтирилган истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланган.
Таҳлиллар истеъмолчилардан келиб тушаётган мурожаатларнинг 65 фоизи коммунал, қурилиш ва транспорт хизматларига оид, 21 фоизи савдо, 8 фоизи алоқа, банк-молия ва ижтимоий хизматлар ҳамда 6 фоизи реклама ва бошқа масалаларга тўғри келишини кўрсатмоқда.
Келиб тушаётган мурожаатлар асосида истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида 5 дан ортиқ соҳаларда ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилиши юзасидан 6 та иш қўзғатилди ва қонунбузилиш ҳолатларини тўхтатиш ва бартараф этиш бўйича 6 та кўрсатма берилди.
3 нафар ҳуқуқбузарларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, тегишли судларга юборилди.
Оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан Агентликнинг Тошкент вилояти ҳудудий тузилмаси @toshvil_consumer сайтида турли мавзуларда 383 та материал ва ҳуқуқий ахборот жойлаштирилди.
Карантин даврида аҳоли учун муҳим бўлган 28 та йўналиш ва мавзуларда ҳуқуқий тушунтириш ва электрон ахборотлар берилди.
35 турдаги озиқ-овқат ва гигиена маҳсулотлари, 90 турдаги дори воситалари чакана нархлари юзасидан кунлик мониторинг ўтказилди.
COVID-19 вирусли инфекциясини даволаш ва профилактика қилишга мўлжалланган дори воситалари нархини оширмаслик юзасидан 860 та дорихонага расмий огоҳлантириш хатлари берилди.
Келиб тушган ахборот ва мониторинг натижаларига асосан 14 та дорихонада текшириш ва ўрганишлар ўтказилди.
Натижада белгиланган устамаларга риоя этилмаслиги натижасида истеъмолчиларга етказилган 4 218 530,69 сўм зарар қайтарилди ҳамда 14 та ҳолат бўйича тегишли кўрсатма юборилди.
Дори-дармон нархлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш мақсадида телеграмм тармоғида ишловчи @dorinarx_bot махсус ахборот тизими ишга туширилди.
Истеъмолчиларнинг дори воситалари нархи билан боғлиқ масалалардаги 75 та мурожаати кўриб чиқилди.
3 та соҳада, хусусан савдо, транспорт ва алоқа хизматлари кўрсатиш соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасининг ҳолати қониқарлилиги юзасидан 8 мингта иштирокчи ўртасида ижтимоий сўровномалар ўтказилди. Сўровнома натижалари бўйича тахлилий маълумотлар ва таклифлар Вазирлар Маҳкамаси ва мутасадди идораларга киритилди.
9 та шаҳар ва туманда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимояланганлик даражаси таҳлил қилинди ва баҳоланди.
Агентликнинг асосий фаолият йўналишларидан бири ҳисобланган реклама бозорини тартибга солиш соҳасида бир қатор профилактика ва назорат тадбирлари амалга оширилди.
Хусусан, Тошкент вилоятида ўтказилган таҳлилларда 70 та ҳолатда рекламалар қонун талабларига зид равишда тарқатилаётганлиги аниқланган.
Қонунбузарликларнинг 47 фоизи дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар рекламаси, 21 фоизи реклама қилиш тақиқланган маҳсулот рекламасига тегишли бўлиб, олиб борилган профилактика натижасида аниқланган барча қонун бузилиш ҳолатлари бартараф этилган.
Реклама фаолиятини тартибга солиш соҳаси ҳамда реклама муносабатлари бўйича келиб тушган 89 та мурожаатнинг 79 фоизи ижобий ҳал қилиниб, 21 фоизига тегишли тушунтиришлар берилган. Шунингдек,
3 та ҳолатда 1413,0 минг сўм миқдоридаги маблағлар истеъмолчи фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган.
Тошкент вилояти ҳудудларида жойлаштирилган жами 823 та ташқи реклама қурилмалари хатловдан ўтказилиб, уларнинг 669 таси ёки 81 фоизи белгиланган талабларга мувофиқлаштирилиб, 373 та ноқонуний ўрнатилган турли ўлчамлардаги ташқи реклама конструкциялари жойлардаги махсус ишчи гуруҳлар билан ҳамкорликда бартараф қилинди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш бўйича вилоят ҳудудида жойлашган 3 та олий таълим муассасаларида семинар тренинглар ўтказилди.
Шу жумладан, Тошкент вилояти “Мадад” нодавлат ташкилоти иштирокида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорликда жойларда аҳоли ва тадбиркорларнинг ҳуқуқий билимини ошириш тадбирлари ўтказилди.
Ҳурматли истеъмолчилар ўз ҳуқуқлари бузилиши ҳолатлари юзасидан бевосита Агентлик ва Тошкент вилоят ҳудудий тузилманинг 71.207-04-69 ҳамда 1159 ишонч телефони, consumer.uz ва @toshvil_consumer сайти орқали мурожаат қилишлари мумкин.
Ўткир ҲАКИМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш
қўмитасининг Тошкент вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари
4,818