Истеъмолчи Ф.Дўсматов телевидение орқали “Home Shopping” (Уй дўкони) берган рекламаси бўйича ўз рўзғорига ёритгич лампочка ва махсус пардалар тикиш учун мўлжалланган тикув машинасига телефон орқали буюртма берди. Ушбу буюртма учун 478 минг сўм пулини ҳам онлайн тарзда ўтказиб юборди. Аммо келтирилган товарлар очиб кўрилганда лампочкалар, ҳатто тикув машинаси ҳам оддий эканлиги маълум бўлди. Бундан ҳайрон бўлган истеъмолчи наҳотки алданиб қолган бўлсам, деган фикрга келди. Сабаби у телефон орқали ҳар битта тикув машинаси расмларини кўриб сўнг танлаганди. Келишиб пулларини ҳам тўлаганига қарамай унга умуман бошқа товарларни келтиришганидан хафсаласи пир бўлди.
Ф.Дўсматов реклама орқали кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилиб, бу ҳақда эътирозини билдирди. “Home Shopping” вакили унинг муаммосини ҳал қилинишини айтган бўлса ҳам ундан бирон бир натижа бўлмади.
Бундай ишончсиз реклама масаласи бўйича Ф.Дўсматов Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг ишонч телефонига ариза билан мурожаат қилди. Агентликнинг Тошкент шаҳар ҳудудий тузилмаси томонидан етказиб берувчига мурожаат бўйича сўров юборилди ва муаммо ҳал этилишига эришилди. Шундан сўнг истеъмолчига буюртмага тўланган маблағ қайтариб берилди.
8,897