Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 11 сентябрдаги
ПФ-5817-сон Фармонига мувофиқ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ташкил этилди. Агентлик истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Бу ҳақда «Истеъмолчилар ҳуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилиниши ҳамда аҳолини табиий газ билан таъминлашда истеъмолчи ва таъминотчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари» мавзуига бағишланган ўқув семинарида Тошкент шаҳар Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармаси бошлиғи ўринбосари С.Садиков йиғилганларга тушунча бериб ўтди.
Ўқув семинарида Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) газ таъминоти корхоналари раҳбар ходимлари, абонент бўлими бошлиқлари, метрологлари, Тошкент шаҳрида фаолият юритувчи ҳисоблагичларни таъмирлаш корхоналари, Мажбурий ижро бюроси, “Ўзнефтгазинспекция”, ҳудудгаз “Тошкент шаҳар” МЧЖ, “Ўзстандарт” агентлиги ҳудудий бўлинмаси масъул ходимлари иштирок этишди.
Ўтказилган тадбирдан кўзланган мақсад табиий газ таъминотида истеъмолчилар билан тузилган шартнома шартларига риоя этилишини таъминлаш ва газ таъминоти корхоналар томонидан истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилиши ҳолатларининг олдини олиш ва янги меъёрий ҳужжатлар билан таништитиб ўтилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг
12.01.2018 йилдаги “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 22-сонли қарорининг инсон манфаатларига тўлақонли хизмат қилаётганлигини мисол тариқасида келтириб ўтиш мумкин. Унга мувофиқ, маиший истеъмолчиларга табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш замонавий ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш, рўйхатдан ўтказиш, даврий давлат қиёслови ва пломбалаш тегишли равишда ҳудудий газ таъминоти ташкилотлари маблағлари ҳисобидан амалга оширилмоқда.
Бу қарорда маиший истеъмолчиларнинг табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарининг даврий давлат қиёсловидан ўз вақтида ва сифатли ўтказилишини ташкил қилиш бўйича жавобгарлик тегишли равишда газ таъминоти ташкилотларига юклатилган.
Тадбиркорлик субъектларини газ тармоқларига фойдаланишга тайёр ҳолда улаш уларнинг хоҳишига кўра амалга оширилиши белгиланган.
Шунингдек, хонадонларда аҳоли билан газ приборларини профилактика тадбирларни ўтказиш,
ички газ тармоқлари ва газдан фойдаланиш ускуналарини белгиланган муддатда техник тафтишдан ўтказиш зарур.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5059-сон Фармонига асосан
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида энергия ресурслари учун тўловларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ундирилишига, электр ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда талон-торож қилиш ҳолатларини аниқлаш, бартараф этиш ва олдини олишга, шунингдек, суд ҳужжатларининг сўзсиз ижросини таъминлашга масъул бўлган Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди.
Маълуки, мажбурий ижро бюроси истеъмолчилар билан ишлайди, ваколатига кўра тўловларни ундириш билан шуғулланади, энергия ресурсларини етказиб бериш ва фойдаланиш соҳасидаги қоидаларни бузганлик учун эса юридик шахсларга белгиланган тартибда молиявий жарима қўллайди.
Тадбирда масъул ташкилотларга газ таъминоти бўйича тушаётган мурожаатлар ва уларнинг ижобий ечими ҳақида ҳам батафсил маълумот бериб ўтилди. Тадбир савол-жавоблар асносида қизиқарли ўтди.
5,981