“Истеъмолчи ҳуқуқи” саҳифаси ҳар галги анъанасига содиқ қолган ҳолда муштарийларнинг муаммоларига амалий ёрдам беришда давом этади. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ходимлари билан биргаликда олиб борилаётган ишлар аҳолининг кўпгина қисмига катта амалий ёрдам бўлаётган бўлса-да, таҳририятга келиб тушаётган мурожаатлар ҳамон жойларда ечимини кутаётган муаммолар талайгина эканлигини, у ерда яшовчи аҳолининг “тезкор ёрдам”га муҳтожлигини англатади. Саҳифамизда ана шундай айрим муҳтожликларнинг ечимлари билан таништирамиз.
САҲИФА ЭКСПЕРТИ: Ўткир ҲАКИМОВ, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Тошкент вилояти ҳудудий тузилмаси ходими
“БЕШ ЙИЛДАН БЕРИ ҲЕЧ ҚАНДАЙ НАТИЖА ЙЎҚ…”
Бизда беш йилдан буён электр энергиясидан муаммолар бор. Яъни ток кучланиши жуда паст. Шу сабабли чироқлар хира, болаларим дарс қилишга қийналишади. Бундан ташқари, телевизор, буткул ишламай қолган. Ҳудудий электр тармоғига мурожаат қилганман, лекин беш йилдан буён бирор ўзгариш йўқ. Мана шу масалада амалий ёрдам беришларингизни сўрайман.
Ҳ. Ўрозов, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани
— Истеъмолчининг “Даракчи” газетасига йўллаган ушбу мурожаати Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига йўналтирилгач, биз мурожаатни “Шаҳрисабз ҲЭТК” билан ҳамкорликда ўрганиб чиқдик. Ҳақиқатан ҳам мазкур ҳудуддаги электр таъминотини янгилашга эҳтиёж борлиги аниқ бўлди. Шу мақсадда йиллик режалаштирилган ишлар ҳажми белгиланган бўлиб, электр таъминоти корхонаси тасарруфидаги мавжуд таъмирталаб электр тармоқларини босқичма-босқич янгилаш ишлари бошланган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли тармоқларни янгилаш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2661 сонли қарорига мувофиқ 2021 йилги дастур асосида Шаҳрисабз тумани Ўртақўрғон қишлоғида янги замонавий трансформатор пункти ўрнатилиши режалаштирилди. Шу билан нафақат биргина истеъмолчи, балки мазкур қишлоқда истиқомат қилувчи аҳолининг барқарор, сифатли электр энергиясига бўлган эҳтиёжи таъминланади.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:
Шу ўринда айнан электр энергияси бўйича, аниқроқ айтадиган бўлсак, “ақлли ҳисоблагичлар” хусусида таҳририятга энг кўп йўлланаётган саволга ҳам мутахассис жавоб берди.
“Ҳисоблагичим янгисига алмаштирилди, аммо бу тўғрисида далолатнома тақдим қилинмади. Шу тўғрими? Ҳуқуқий томондан тушунтириб берсангиз.”
— “Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги” низомга асосан энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборлари ўрнатилган ва улангандан сўнг таъминотчининг ваколатли ходими, бюро вакили ҳамда истеъмолчи иштирокида энергия ресурсларининг ҳисобга олиш прибори ўрнатилганлиги тўғрисида уч нусхада далолатнома тузади. Далолатнома таъминотчининг ваколатли ходими, бюро вакили ва истеъмолчи томонидан имзоланади. Бир нусхаси истеъмолчига тақдим этилади, қолган нусхалари таъминотчи ва бюрода қолади, деб кўрсатилган. Ўзбекистон Республикаси “Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори иловасига асосан тасдиқланган.
ИЧИМЛИК СУВИНИНГ СИФАТИ ТАҲЛИЛ ҚИЛИНДИ, ЭСКИ СИМЁҒОЧЛАР ЯНГИЛАНАДИГАН БЎЛДИ
Бизнинг маҳалламизда анча йиллардан бери электр симёғочлари яроқсиз ҳолатга келиб қолган. Бунинг натижасида унинг симлари осилиб, хавотирли вазият юзага келган. Маҳаллада ёш болалар ва ёши улуғларимиз кўп. Уларнинг кўчада юришидан биз доим хавотирда ўтирамиз. Уни тузатиш эса ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Бундан ташқари, ичимлик суви ўз вақтида берилмаяпти. Устига устак сувнинг сифати ҳам ўзгарганга ўхшайди. Шу масалаларда бизга ёрдам берсангиз.
Ҳ. Тошматов, Тошкент вилояти Ангрен шаҳар
—Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига йўналтирилган ушбу мурожаат Агентликнинг Тошкент вилояти ҳудудий тузилмаси ҳамда “Тошкент ҳудудий электр тармоқлари корхонаси” АЖ билан ҳамкорликда ўрганиб чиқилди. Аниқланишича, бугунги кунда ҳақиқатан ҳам мурожаатда қайд этилган ҳолат ҳудуд аҳолиси учун ноқулайлик ва хавф туғдираётгани маълум бўлди. Мазкур ҳудуднинг электр энергия таъминоти “Дезелчи” ПСдан чиқувчи “Л-Д-ЦРП” фидеридаги трансформатор пункти орқали амалга оширилади. Трансформатор янгилаш орқали симёғочлар тартибга келтирилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 23 ноябрдаги “2017-2021 йилларда паст кучланишли тармоқларни янгилаш ва модернизация қилиш дастури тўғрисида”ги ПҚ-2661 сонли ҳамда 2019 йил 20 мартдаги “Обод қишлоқ” дастури тўғрисидаги 4201-сонли қарорларига мувофиқ манзилли жадвалга киритилган. Бундан ташқари, “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ Ангрен шаҳар бўлими томонидан жорий йилнинг 30 ноябрь куни “Дукент” сув олиш иншооти ҳамда “Аппартак” тоза ичимлик суви йиғиш резервуарида ювиш, хлорлаш ишлари олиб борилган ва ичимлик суви қайта таҳлил қилинганда “O`ZDSt” 950:2011 талабига мос келиши ва истеъмолга яроқлилиги аниқланди.
МУШТАРИЙЛАРГА МУРОЖААТ
Агар савдо ва хизмат кўрсатувчилар ҳуқуқларингизни қонунга хилоф равишда поймол этишса, республиканинг қайси ҳудудида бўлишингиздан қатъи назар, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва “Даракчи” нашри ҳамкорлигида ташкил этилган “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳаси сизга ёрдамга келади. Бунинг учун сиз ҳафтанинг ҳар сешанба куни соат 10:00 дан 16:00 гача газетанинг (+998 95) 194-64-16 ва ҳафтанинг иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача Агентликнинг 1159 қисқа рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин. Фақат мурожаат қолдиришдан олдин “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳасига дейишни унутманг.
Моҳинур РУСТАМОВА тайёрлади
3,165