Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида” 2020 йил 20 февралдаги 104-сонли қарорига асосан ҳар бир туман (шаҳар) бўйича махсус ишчи гуруҳлар тузилиб, унга кўра ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ушбу қарор талабларига мувофиқлиги юзасидан хатловдан ўтказиш бўйича зарур чоралар кўриш вазифаси юклатилган.
Бу борада деярли барча ҳудудларда махсус ишчи гуруҳлари тузилган бўлиб, ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) юқоридаги қарор талабларига мослаштириш юзасидан хатлов ишлари амалга оширилмоқда. Республикамиз бўйлаб жами 10 мингдан ортиқ ташқи реклама объектлари (конструкциялари) ўрнатилган бўлиб, уларнинг 1820 таси қарор талабларига мослиги ўрганилди. Жорий йилнинг 20 март ҳолатига кўра ишчи гуруҳ томонидан қарор талабларига мувофиқ бўлмаган 425 та ташқи реклама объектлари (конструкциялари) аниқланган. Шунингдек, ўрганиш жараёнида эгаси аниқланмаган 34 та, тегишли ҳужжати (паспорт, гувоҳнома, сертификат, рухсатнома) мавжуд бўлмаган
305 та, эскирган, яроқсиз ҳолатга келиб қолган 9 та, автомобиль йўлларининг ажратувчи бўлагида, хусусан, йўлнинг ёнма-ён жойлашган қатнов қисмларини ажратувчи, транспорт воситалари ҳаракатланиши ёки тўхташи учун мўлжалланмаган, йўл сатҳидан баланд ва (ёки) ётиқ чизиғи билан белгиланган қисмида ҳамда тротуар ва пиёдалар йўлкаларида, хавфсизлик оролчаларида ўрнатилган 197 та ташқи реклама конструкциялари аниқланган.
Мазкур хатлов жараёнида, ҳозирги кунда жойлаштирилган ташқи реклама объектлари белгиланган талабларга тўғри келмаслиги, баъзилари рухсатсиз ўрнатилганлиги сабабли махсус ишчи гуруҳ кўрсатмасига асосан, эгалари томонидан ихтиёрий равишда, ўз кучлари билан 69 та ташқи реклама объектлари (конструкциялари) олиб ташланган (демонтаж қилинган) ва 109 та ташқи реклама объектлари (конструкциялари) эгаларига ўттиз календарь кун ичида демонтаж қилиш юзасидан тегишли огоҳлантириш хатлари тақдим этилди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси
5,671