Кўпгина ижтимоий тармоқларда “Жазирамадан қувватлан!” шиори остидаги “Жара Energy” номли энергетик ичимлигининг реклама ролиги кенг тарқалди.
Бир минутдан иборат клипда Эмин (таниқли рус қўшиқчиси) энергетик ичимлик банкасини очиб истеъмол қилади, сўнг уни давом эттириш учун юлдузларимизга узатишни бошлайди.
Ушбу видео ролик ишлаб чиқарувчи интернетдаги расмий веб-сайтида ва иштирокчилар Инстаграмдаги шахсий профил саҳифаларида жойлаштирилди.
Табиийки, рекламани томоша қилгандан сўнг миллионлаб мухлислар яъни Instagram обуначилари (улар асосан ўспирин ва ёшлардан иборат) янги ичимликдан татиб кўриш истагига эга бўладилар.
Таъкидлаш жоизки, вояга етмаганлар ўртасида энергетик ичимликлар тарқалишини чеклаш чоралари бўйича тегишли қонун лойиҳаси муҳокамадан ўтди. Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги” ҳамда “Реклама тўғрисида”ги Қонунларга тегишли ўзгартиришлар киритилди ва 2020 йил 11 апрелдан кучга кирди
“Реклама тўғрисида”ги Қонунга “Энергетик ичимликлар рекламаси” бўйича қўшимча 221–модда киритилган. Унга кўра энергетик ичимликларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги огоҳлантириш, шунингдек бундай ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот қайд этилиши керак.
АЙНИҚСА: болалар ва ўспиринлар учун.
ҚОНУНГА КЎРА ТАҚИҚЛАНГАН ҲОЛАТЛАР:
– 7:00 дан 22:00 гача телевизор ва радиода энергетик ичимликлар рекламаси;
– ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар ўртасида энергетик ичимликлар намуналарини бепул тарқатиш;
– агар ичимлик номи, савдо белгиси ёки тасвиридан фойдаланилса, ҳомийлик тадбирлари;
– сотиш, шу жумладан, тарқатиш;
– энергетик ичимликлар рекламасини болалар ва ўспиринлар учун мўлжалланган оммавий ахборот воситаларида, шунингдек, тиббий, спорт ва таълим муассасаларида реклама қилиш.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси томонидан ишлаб чиқарувчи ва ролик иштирокчиларига огоҳлантирувчи хат юборилди. “Жара Energy” энергетик ичимлигини тижорат мақсадида тарқатишнинг олдини олиш ва “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг талабларига риоя қилиш учун тегишли чоралар кўрилди.
7,290