Чекиш инсон саломатлиги учун оқибати салбий ҳолатга олиб келувчи зарарли иллат ҳисобланади. Чекиш чекувчи учун ҳам, атрофдаги бошқа инсонлар учун ҳам зарар келтиради. Инсоннинг замонавий ҳаёт тарзида чекиш кўпгина сурункали касалликларни келтириб чиқарувчи, иш қобилиятини пасайтирувчи, ногиронликни ва ўлимнинг кўпайишига сабаб бўлувчи хавфли омилларнинг асосийларидан бири бўлиб қолмоқда.
Чекиш инсонни умрини ўртача 10-15 йилга қисқартиради, 90 фоиз ҳолларда ўпка саратон касаллиги ҳам юзага келтиради. Тамаки маҳсулоти айниқса юрак ва қон томирлари, нафас йўллари, ўпка фаолиятига кучли салбий таьсир этади. Тамаки чекмайдиган соғлом одамнинг юраги минутига 72-80 марта қисқарса, 3-4 дона сигарета чекилгач пулс тезлашиб, минутига
100-120гача етади. Кунига 1 қути сигарета чекиш – бу 1 йилда 500 рентген нурланишни олган билан баробар.
Мамлакатимизда “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида” Қонун қабул қилинган. Ундан кўзланган асосий мақсад фуқаролар, хусусан ёшлар соғлигини, жисмоний ва маънавий ривожланишини таъминлашдан иборат.Шунингдек, бу қонун алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади.
Сир эмаски, баъзилар ёшлигиданоқ тамаки ва алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилишга ружу қўйишади. Бунга оиладаги муҳит, атрофидаги тамаки чекувчи тенгдошлари ҳам сабаб бўлиши мумкин. Булардан ташқари томошабинлар эътиборига ҳавола этилаётган баъзи миллий ҳамда хорижий кинофильм ва сериалларнинг таъсири ҳам катта бўлмоқда.
Мамлакатимизда “Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ барча ахборот маҳсулотларида ёшга оид тоифаси белгиси қўйиб борилиши керак.
Шу билан бир қаторда кино ва сериалларнинг бошланишида “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида” Қонун талабига асосан алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзув жойлаштирилиши белгиланган. Албатта, бу қоидалар телевидение орқали намойиш этилаётган кинофильм ва сериалларда ўз аксини топмоқда.
Аслида тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб этиш, яъни тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишни рағбатлантирувчи, шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ҳамда бадиий образларни ошкора ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган хатти-ҳаракат деб баҳо берилиши мумкин.
Олиб борилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда, айрим ҳолларда телетомошабинларга тақдим этилаётган кино ва сериалларда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш (чекиш) ва тамаки тутуни акс этган саҳналари ҳеч қандай тақиқларсиз (беркитилмаган ҳолда) эфирга узатилмоқда.
Бундай ҳолатлар фуқароларнинг соғлиғини, аввало, вояга етмаган ёшларнинг соғлиғини тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг зарари ва кўникмасидан, шу билан боғлиқ ижтимоий ва бошқа салбий оқибатлардан ҳимоя қилишга, шунингдек, жамиятда соғлом турмуш тарзини шакллантириш ҳамда қарор топтиришнинг ташкилий ва ҳуқуқий шарт-шароитларини яратишга қаратилган ишларга ўзининг ножўя таъсирини кўрсатиши мумкин.
Жаҳон тажрибасидан айтадиган бўлсак, тамаки маҳсулотини чекиш билан боғлиқ саҳналар қўйилганида миллионлаб ўспирин ёшлар орасида чекиш ҳолатлари кўпайиб кетган.Шундан сўнг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) юқумли бўлмаган касалликларнинг олдини олиш департаменти директори- Д-р Дуглас Беттчер фильмларда тамаки истеъмол қилиш (чекиш) саҳналари намойиш этилиши жуда кучли таъсир қилувчи тамаки маҳсулотлари рекламаси эканлигини таъкидлаб ўтган.
Ўз навбатида ЖССТнинг халқаро хуқуқ бўйича тамаки назорат идоравий конвенцияси имзолаган 180 та давлатда тамаки рекламаси сотувни рағбатлантиришни ҳамда ҳомийликни тўхтатишни талаб этади.
Кўплаб мамлакатлар спорт ва мусиқа тадбирларида тамаки ҳомийлиги тақиқланганига қарамай, фильмлар қаҳрамонларида чекиш эпизодлари кўрсатилмоқда.
Америка Қўшма Штатларидаги тадқиқотлардан бири шуни кўрсатадики, биринчи марта чекишни бошлаган ўспирин ёшларнинг 37 фоизи буни экрандаги чекиш саҳналари таъсири остида қилган. 2014 йилда АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва профилактика марказларининг ҳисоб-китобига кўра, мазкур мамлаккатнинг ўзида экрандаги чекиш саҳналари таъсири остида 6 миллиондан ортиқ ўспирин ёшлар чекишни бошлаган. Ачинарлиси, улардан 2 миллиони кейинчалик тамаки истеъмол қилганлиги натижасида келиб чиқадиган касалликдан вафот этган.
Масалан, 2011 йилда Буюк Британия ва Шимолий Ирландияда 5000 дан ортиқ ўспирин иштирокида тадқиқот ўтказилган. Тадқиқотда фильмларда чекиш саҳналари таъсири остида тамакига ўрганган 15 ёшли ўспиринлар ва экрандаги чекиш саҳналарини умуман кўрмаган тенгқурларига нисбатан чекиш ҳолати 73 фоизга ортган. АҚШ, Канада ва Норвегияда ўтказилган тадқиқотларда ҳам шундай натижалар олинган.
Маълумотларга қараганда 2014 йилда камида 50 мамлакатда 6500 та бадиий фильмлар ишлаб чиқилди ва намойиш этилди. Ҳиндистон 1966 (60 фоиз), Европа Иттифоқида 1603 (25 фоиз), АҚШда 707 (11фоиз), Хитойда 618 (10 фоиз), Японияда 615 (9 фоиз) ва Корея Республикасида 248 (3 фоиз).
АҚШдан ташқарида ишлаб чиқилган кўплаб фильмларда чекиш саҳналари мавжуд. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, тамаки ситеъмол қилиш саҳналари Европанинг олтита давлатида (Германия, Ирландия, Италия, Полша, Нидерландия ва Буюк Британия), шунингдек Лотин Американинг иккита мамлакатида ( Аргентина ва Мексика) ишлаб чиқарган энг оммабоп филмьларда тамаки ситеъмол қилиш саҳналари мавжудлиги этилган. Хисоботда Исландия ва Аргентинада суратга олинган ўнта филмьнинг тўққизтасида чекиш саҳналари мавжуд.
Шунга қарамай, АҚШда ишлаб чиқилган фильмлар дунё бўйлаб фильм ишлаб чиқариш ва тарқатишга сарфланадиган инвестицияларнинг ярмини ташкил этади ва дунёнинг 60 фоиздан кўпроғини эгаллайди.
Ҳаётимизда содир бўлаётган ижтимоий муҳит улғайиб келаётган болалар ва ўспиринларнинг хатти-харакатларида катта таъсир кўрсатади. Ёшлар атроф-мухитни жуда диккат билан кузатадилар: улар бошқаларни, айниқса улар қойил қолганларни кузатадилар ва уларнинг хатти-ҳаракатларини тақлид қиладилар. Томошабинлар билан шахсий муносабатлар иллюзиясини яратадиган фильмдаги қаҳрамонлар ёшларнинг онгида улар орзуларни амалга ошириши, умидлар уйғотиши ва ҳаяжонли дақиқаларни яратиши мумкин. Дунёнинг машҳур юлдузлари иштирокидаги фильмларда бош қаҳрамонларнинг чекиш образлари ёшлар онгига ёмон таъсир ўтказиши мумкин. Оқибатда ёшлар орасида касалликлар кўпаяди, соғлиғи ёмонлашади, оқибати барвақт ўлим ҳолатига олиб келади.
Ўз навбатида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар хуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси томонидан Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ва тижорат телеканалларида намойиш этилаётган маҳаллий ва хориж киноматографлари томонидан ишланган сериаллар, фильмларни намойишларини кузатиш жараёнида тамаки тутуни саҳна кўринишлари намоён бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг 2011 йил 27 июндаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддасида Алкоголь ва тамаки маҳсулотларини реклама қилишга йўл қўйилмаслиги, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишни тарғиб этиш, яъни алкоголь ва тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишни рағбатлантирувчи, шахсда уларни истеъмол қилишнинг зарарсизлиги ҳақидаги тасаввурни шакллантирувчи ғоялар, қарашлар ҳамда бадиий образларни ошкора ёки яширин шаклда тарқатишга қаратилган хатти-ҳаракатлар тақиқланиши белгиланган.
Юқоридагиларни эътиборга олган ҳолда телевидениенинг масъул ходимлари томонидан эфирга узатилаётган ҳар бир кино ва сериалларда тамаки маҳсулотларини чекиш ҳамда тамаки тутуни акс этган саҳналарни беркитиш юзасидан тегишли ишлар амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўларди.
Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки Ўзбекистон Республикасининг
2011 йил 27 июндаги “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддасига асосан алкоголь ва тамаки маҳсулотларнинг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик белгиланган.
А. Ахмедов,
Агентликнинг Реклама фаолиятини тартибга
солиш бошқармаси бош мутахассиси.
5,856