Андижон Давлат Тиббиёт институти талабалари ўртасида истеъмолчилик маданиятини такомиллаштириш, истеъмолчилик билими ва саводхонлигини ошириш бўйича ўқув семинари бўлиб ўтди.
Тадбирда истеъмолчилар хуқуқларини давлат томонидан ҳимоя қилиниши ва овқатланиш гигиенаси ва озиқ-овқат маҳсулотларини яроқлилик муддатлари ва сифати тўғрисида фикрлар билдирилди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасида 1996 йил 26 апрелда «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 30 та моддадан иборат Қонун қабул қилинган. Мазкур қонунда истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари, товарлар сифати, кўрсатиладиган хизматлар,
бажариладиган ишларнинг сифатли бўлишига қўйиладиган талаблар белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси Андижон вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган ушбу ўқув семинарида Андижон вилояти ҳокимлиги, вилоят давлат санитария-эпидемиология маркази, Ўзбекистон илмий синов ва сифат назорати маркази вилоят филиали ва тиббиёт институти масъул ходимлари томонидан ёшларга ҳуқуқий тушунчалар бериб ўтилди.
Хусусан,
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5817-сонли Фармони қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги, вилоятларда эса Монополияга қарши курашиш ҳудудий бошқармалари ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси ташкил этилганлиги ҳақида талабаларга маълумот берилди.
Ўқув семинари давомида савдо-сотиқ, маиший сервис хизмати, умумий овқатланиш корхоналари, гўзаллик салонлари ва бошқа соҳаларда кўрсатиладиган
хизматларда талабаларнинг истеъмолчилик борасидаги саволларига мутахассислар томонидан тўлиқ жавоблар берилди.
Шундан сўнг семинар иштирокчиларига бошқарманинг қонуний ваколатлари, жойлашган манзили, телефон рақами ҳамда электрон почта манзили туширилган
145 дона буклетлар тарқатилди.
Семинар тадбири якунида, талаба истеъмолчилар ўртасида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини янада кучайтириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
8,535