Бойсун тумани “Чилонзор” маҳалласи ҳудудида яшовчи аҳоли ёзнинг жазирама кунларида ичимлик суви таъминоти йўқлиги сабаб қийналиб қолишди.
Бу ҳақда амалий ёрдам беришларини сўраб Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасига telegram мессенжерига мурожаат қилишди.
Мазкур мурожаат қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Сурхондарё вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан ваколат доирасида ўрганиб чиқилди.
Ўрганишлар давомида муаммога сабаб “Хўжамайхона” булоғидан тортиб келинган ичимлик суви қувурлари 1984 йилда ўрнатилган бўлиб, “Дахнажом” қишлоғидан “Тиллакамар” қишлоғигача бўлган қисмидаги 400 метри (дм-325 мм метал қувурлар) маънан эскиргани маълум бўлди. Салкам қирқ йил давомида ичимлик суви қувурларининг сой ва тепаликлардан ўтган қисми сел келиши ва ер кўчиши оқибатида корозияга (чириш) учраган.
Ушбу ҳолат юзасидан тегишли тартибда, қисқа муддатларда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ва мавжуд ичимлик суви қувурларини ишга тушириш ҳамда юқорида кўрсатилган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан вилоятдаги сув таъминоти корхонаси “Сурхондарё сув таъминоти” МЧЖга кўрсатма берилди.
Бугунги кунда мазкур МЧЖ томонидан “Чилонзор” маҳалласини тўлиқ ичимлик суви билан таъминлаш борасида тегишли таъмирлаш ишлари якунига етказилмоқда.
7,693