Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Сирдарё вилояти ҳудудий тузилмаси Гулистон шаҳар “Обод Юрт” МФЙ, 3-мавзе, 78-уйда яшовчи фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиб чиқди. Мазкур мурожаатда “Омад” Хусусий уй-жой мулкдорлар ширкати томонидан кўрсатилаётган хизматлардан истеъмолчилар норози эканлигини билдиришган. Жумладан, ўнга яқин эътирозларда қуйидагилар ҳолатлар келтирилган:
- Кўрсатилаётган хизматларнинг тарифи қиммат ва мижозлар билан келишилмаган;
- электр энергияси таъминоти яхши эмас;
- канализация қувурлар системаси талабга жавоб бермайди;
- кўп қаватли уй атрофи ободонлаштирилмаган;
- уйнинг фасад қисми сифатсиз таъмирланган;
- кўрсатилаётган хизматлар юзасидан аҳолига (ёлғиз, боқувчиси йўқ фуқароларга) имтиёзлар берилмаётгани;
- электр энергияси тармоқлари талаб даражада эмас ва хавфсизлиги таъминланмаган;
- амалга оширилган ишлар юзасидан хонадон эгаларига ҳисобот бермаган ва йиғилишлар ўтказилмаган;
- аҳоли тўловларни ўз вақтида амалга оширишига қарамай таъмирлаш ишлари сифатли бажарилмаган;
- Кўрсатилаётган хизматларнинг сифатсизлиги юзасидан қилинган мурожаатлар ижобий ечим топмаган.
Мурожаат юзасидан ҳудудий тузилма томонидан Сирдарё вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасига сўров хати юборилди. Жавоб хатида “Омад” ХУЖМШга қарашли 12 та кўп қаватли уйлар қаторида 78-сонли кўп қаватли уй ҳам 2018 йил “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида таъмирланиши бўйича манзилли рўйхатга киритилганлиги ва дастур асосида уларга жами 1500,0 млн.сўм (бир млрд. беш юз млн.сўм) миқдорида банк кредит маблағи, 78-сонли кўп қаватли уйга эса 69,0 млн.сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилган бўлишига қарамай пудратчи ташкилоти томонидан таъмирлаш ишлари амалга оширилмагани ва бу маблағ режали ишлатилмаганлиги ҳақида маълумот берилган.
Ушбу ҳолат бўйича пудратчи ташкилотнинг фаолияти назорат қилувчи органлар томонидан назоратга олинган бўлиб, қонунчиликда белгиланган тартибда чоралар кўрилиши юзасидан амалий ишлар бошланган.
Шунингдек, Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш Сирдарё вилояти ҳудудий инспекциясининг 24.06.2020 йилдаги 46-сонли хати билан 71,0 миллион сўм мурожаат қилинган 78-уйни таъмирлаш учун қайта ҳисоб-китоб қилинган. Бугунги кунда “Обод Юрт” МФЙдаги “Омад” ХУЖМШга қарашли
78-уй таъмирланмоқда.
Фуқароларнинг юқорида келтириб ўтилган барча мурожаатлари Гулистон шаҳар Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бўлими томонидан назоратга олинган.
6,248