Ҳақиқатан ҳам бу кўпчиликни қизиқтирган савол бўлиши мумкин. Албатта,бу борада Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 июлдаги 633-сонли қарорининг 1-иловаси билан ҳар битта тўлдирилган суюлтирилган газ баллонларининг нархи 1120 сўмдан 20 кг учун 22 400 сўм белгилаб берилган.
Хусусан, Сирдарё вилояти Боёвут тумани ва Бахт шаҳар ҳудудида истиқомат қилувчи аҳоли бундан бехабар бўлиб, газ баллонлари ўз вақтида келтирилгани учун нархига қизиқиб ҳам кўришмаган бўлиши мумкин. Аммо “Ҳудудгаз Сирдарё” газ таъминоти филиалининг “Боёвуттумангаз” ва “Бахтшаҳаргаз” бўлимлари эса аҳолидан ҳар битта тўлдирилган суюлтирилган газ баллони учун 27000 сўмдан тўловлар олиб юрган.
Яқинда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Сирдарё вилоят тузилмаси томонидан амалга оширилган ўрганишда, 2020 йил 8 ойи давомида аҳолига “Боёвуттумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан 82 563 та ва “Бахтшаҳаргаз” газ таъминоти бўлими томонидан 25 079 та суюлтирилган газ баллонлари аҳолига тарқатилгани, улардан олинаётган 27000 сўмнинг 22400 сўми газ баллонлари учун, 4600 сўми эса баллонларни ўрнатиб бериш бўйича кўрсатилган хизматлар (баллонларни лойиҳа (эскиз) асосида ўрнатиб берилиши ҳамда уларни мустаҳкам жойлашганлиги, барча уланган жойларни зичлиги совун кўпиги билан текширилиб берилиши хизматлари ҳақи “Ҳудудгаз Сирдарё” МЧЖ томонидан 3602 сўм белгиланган) учун олинганлиги аниқланган. Аммо, ушбу хизматлар ҳақиқатда кўрсатилмаган.
Амалдаги қонунчиликка мувофиқ ушбу хизматлар истеъмолчиларнинг хоҳишларига кўра кўрсатилиши мумкинлиги белгиланган.
Натижада, газ таъминоти корхоналари томонидан истеъмолчиларнинг эркин танлов ҳуқуқи бузилган ва кўрсатилмаган хизматлар учун 495 153 200 сўм ҳақ олинган.
Шунга кўра, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Сирдарё вилояти ҳудудий тузилмаси махсус комиссиясининг 2020 йил 6 октябрдаги 21/04-сонли қарорига асосан “Ҳудудгаз Сирдарё” газ таъминоти филиалига асоссиз олинган маблағларни истеъмолчилар билан қайта ҳисоб-китоб қилиниши юзасидан кўрсатма берилди.
10,590