15 март – Халқаро истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан Халқ таълими ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари билан ҳамкорликда республика умумтаълим мактабларининг 9-,10- ва 11-синф ўқувчилари ўртасида “Сифат танлови – соғлом овқатланиш гарови!” мавзуидаги тадбирлари ташкил этилди. Шу мақсадда ўқувчиларга соғлом овқатланиш тамойилларини оммалаштириш, ёшларнинг жисмоний фаоллик даражасини ошириш ва соғлом турмуш тарзини олиб бориш бўйича билимлари янада ошириб бориш режалаштирилди.
“Сифат танлови – соғлом овқатланиш гарови!” мавзуидаги тадбирни ўтказишдан асосий мақсад соғлом овқатланишда сифат танловининг роли, соғлом овқатланиш орқали инсоннинг соғлиғини мустаҳкамлаш ва турли касалликлардан фориғ бўлиш ҳақида ўқувчиларга тушунча беришдан иборат бўлди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 29 августдаги “2015 — 2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш Концепциясини ва чора-тадбирлар комплексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан Соғлом овқатланишни таъминлаш концепцияси қабул қилинди.
Мазкур Концепцияда аҳоли турли гуруҳларининг соғлом овқатланишга бўлган эҳтиёжларини қондиришни таъминлайдиган шарт-шароитлар яратиш ва жисмоний фаоллик зарурлиги қайд этилган. Жойларда аҳоли ўртасида нооқилона овқатланиш билан боғлиқ касалликларнинг олдини олиш ва соғлом овқатланишга доир кенг тушунтириш ишлари олиб бориш ҳам белгиланган.
Ўқувчилар сифат танловини ўзлари таҳсил олаётган мактабдан бошлашлари мумкин. Масалан, мактаб ошхоналарида ошпаз ва хизмат кўрсатувчиларнинг махсус кийимдалиги, қўл ювиш воситаларининг мавжудлиги, стол-стуллар ва идишларнинг озодалиги ва бутлигига эътибор қаратишлари керак. Ошхонада ҳафта таомнома тузилган бўлиши ва унда уларнинг вазни ҳамда нархлари кўрсатилиши лозим. Мева-сабзавотлар ва улардан тайёрланган салатлар, сут ва сут маҳсулотлари янги бўлиши лозим. Пиширилган овқатларнинг органолептик ҳолати (кўриниши) яхши ҳолатда бўлиши зарур. Бундан ташқари, ўсмирлар ўзлари учун қулай ҳолда тезкор шароитда йўл-йўлакай, тез тайёр бўладиган маҳсулотлардан таомланиб кетишга одатланишган. Булар – булочкага солинадиган гамбургер, чизбургер, хот-дог, сосиска ва колбаса маҳсулотлари, “чипс”лар, газланган салқин ичимликлар, аҳолига сотиш учун уй шароитида тайёрланган маҳсулотлар, кремли қандолат маҳсулотлари, қўлбола қатиқ, ўткир таъмли соуслар, кетчуплар, майонез, консервалар, маринадланган сабзавот ва мевалар, табиий кофе, тетиклантирувчи ва қувватни оширувчи ичимликлар ҳамда сақичлар каби маҳсулотлардиир. Сир эмаски, бу маҳсулотлар ёшларнинг “севимли” озуқасига айланиб улгурган. Аммо бу таом, ичимлик, қандолат маҳсулотлари ўзининг мазалиги билан барчага бирдек маъқул бўлиши билан бир қаторда ёшлар организмига салбий таъсир кўрсатиши, сурункали истеъмол қилиш натижасида юрак-қон томир касалликларига, ошқозон-ичак тракти зарарланишига, қанд касаллиги ва бошқа кўплаб хасталикларнинг ривожланишига хавф ортиб бориши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас.
Тадбирлар давомида Ўзбекистонда 1996 йилнинг 26 апрелида қабул қилинган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунчалар бериб борилади.Шунингдек, ушбу Қонунга кўра, ўқувчилар учун истеъмолчи харид қилган озиқ-овқат маҳсулот истеъмолга яроқсиз бўлганда уни сифатлисига алмаштириб олиши ёки ўзига етказилган зарарнинг тўлиқ ҳажмда қопланишини талаб қилиш ҳуқуқлари билан ҳам таништириб борилади.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Ахборт хизмати
[dflip id=”2409″][/dflip]
6,115