2020 йил 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлигида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги томонидан “Шаҳар йўловчи ташиш транспорти хизматлари кўрсатишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасининг қониқарлилиги юзасидан ўтказилган сўров ва унинг таҳлили” мавзуида брифинг ўтказилди. Брифингда Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги директори Э.Хаитметов, Тошкент шаҳар транспорт бошқармаси масъул ходими А.Тошхўжаевлар томонидан Агентлик томонидани аҳоли ўртасида ўтказилган сўров ва унинг таҳлилий натижалари ҳақида, аҳолига кўрсатилаётган хизматлар ҳақида маълумот бериб ўтилди.
Хусусан,Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
11 сентябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19 декабрь 2019 йилдаги 1015-сонли “Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва 12 та вилоятда шаҳар йўловчи ташиш транспорти хизматлари кўрсатишда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасининг қониқарлилиги юзасидан сўров ўтказилди.
Агентлик томонидан 2019 йилнинг декабрь ойида республика бўйича истеъмолчилар ҳуқуқларининг умумий ҳимояланганлик даражаси билан бирга аҳолига шаҳар йўловчи ташиш транспорти хизматлари кўрсатиш соҳасида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилинганлиги ҳолатига баҳо бериш мақсадида 1661 нафар респондент ўртасида ижтимоий сўров ўтказилган.
Сўровнинг биринчи бўлимида дастлаб истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини билиш даражаси ўрганилди. Сўровда иштирок этган 52,5% респондент истеъмолчилик ҳуқуқи бузилгани, 63,9% респондент ҳуқуқларини қайта тиклай олмагани, 73,7% респондент эса ваколатли давлат органига бу ҳақда мурожаат қилмаганлиги ҳақидаги фикрларини билдиришган. Агентлик томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ушбу соҳада аҳолининг, яъни истеъмолчиларнинг ҳуқуқий билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. “Саволга жавоб”, “Истеъмолчи ён дафтарига” ва “Тадбиркорларга эслатма”мавзуларида қўлланмалар тайёрланмоқда.
Сўровнинг иккинчи бўлимида йўловчи ташиш транспорти хизматларидан фойдаланиш, транспорт хизматларини баҳолаш, истеъмолчиларнинг йўловчи ташиш транспорт хизматлари билан қониққанлик даражаси ўрганилди.
Ўтказилган сўров натижалари таҳлил қилинганда, респондентларнинг 77% жамоат транспортидан фойдаланишини, 74,3% йўловчи томонидан транспортда янги йўналишларни очиш бўйича таклифлар берилган, 50%дан ортиқ иштирокчи йўналишда қатнаётган автобус ва микроавтобуслар сони ва уларнинг хизмат сифати қониқтирмаслигини билдирган.
Бундан ташқари, йўлкира учун тўланган пулга чипта берилмаслик, автобусларнинг бекатларда узоқ вақт туриб қолишини, автобус ва микроавтобусларда совутиш ва иситиш тизимининг ишламаслиги ҳамда бекатларда автобус қатнов жадвали (рақами ва қачон келиши) ҳақидаги маълумотларнинг мавжуд эмаслигини ҳақида ўз фикрларини баён қилишган.
Шунингдек, сўровда баъзи транспорт хизматларини янада яхшилаш, ҳайдовчи ва назоратчи муносабати, жамоат транспорти техник ҳолати ҳамда маршрутли таксилар (микроавтобуслар) хизматлари бўйича таклифларини қайд этишган. Жамоат транспорти бекатлари ҳолатига респондентлардан 29,7% салбий фикр билдирган ва 75% йўловчи ташиш транспортларидаги ўриндиқлар ҳолатини ўртача баҳолаган.
Сўровнома натижалари бўйича маълумот ва таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги ва тегишли давлат органлари ва ташкилотларига киритилди.
Агентликда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, қурилиш ва транспорт бошқармаси томонидан аҳолининг жамоат транспорти ва ундан фойдаланишдаги асосий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари ҳақида тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, истеъмолчилардан Агентликка келиб тушаётган мурожаатлар атрофлича ўрганиб чиқилиб ижобий ҳал этилмоқда.
Тадбир сўнггида оммавий соҳа мутахассислари ахборот воситалари ходимлари томонидан берилган саволларга жавоб беришди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги
Ахборот хизмати
5,854