Жорий йил 2 февралда kun.uz сайтида “Монополиянинг яна бир зарарли оқибати: Самарқандда пул тўлаган юзлаб харидорлар автосалондан машиналарини ололмаяпти” сарлавҳали мақола чоп этилган эди. Унда мазкур интернет нашр мухбири Шуҳрат Шокиржонов Самарқанд шаҳридаги авто етказиб берувчи корхона — “Самарқанд автотеххизмат” МЧЖ билан шартнома имзолаган мижозларнинг машиналари берилмай турилгани, бу каби безовта бўлаётган харидорлар сони эса камида 300 нафар эканлигини билдиради.
Ушбу мақолада келтирилган фактларни ўрганиш ва истеъмолчиларга ҳуқуқий кўмак бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан муайян чоралар кўрилди.
Хусусан, 3 февраль куни Самарқанд вилояти Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама фаолиятини тартибга солиш бошқармаси томонидан вазият ўрганилди. Аниқланишича, чиндан ҳам “Самарқанд автотеххизмат” МЧЖ томонидан ўтган йилнинг охирги чораги мобайнида 39 нафар юртдошимиз билан имзоланган шартномалар бўйича тегишли мажбуриятлар бажарилмаган экан. Жумладан, энг кечи билан шу йил 31 январь куни етказиб берилиши шартнома бандларида қатъий белгилаб қўйилган машиналар ўз эгаларига етказиб берилмаган.
Агентлик вакилларининг аралашуви билан кечанинг ўзида 21 нафар истеъмолчи ўз машинасини олди. Шу билан бирга, уларга кечиктирилган ҳар бир кун учун шартномада белгиланган миқдорда пеня тўлаб бериладиган бўлди. Шунингдек, МЧЖ мутасаддиларининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 19-моддаси талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги аломатлари бўйича жавобгарлиги масаласи кўриб чиқилмоқда.
Бугун, 4 февраль куни қолган 18 нафар мижоз ҳам “Самарқанд Автотеххизмат” МЧЖдан ўз автомобилларини олиб кетади.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги жамоатчилик назоратини амалга оширгани ва фуқароларимиз ҳуқуқи бузилгани ҳақида берган хабари учун сайт маъмурияти ҳамда журналистга миннатдорлик билдиради. Шу билан бирга, келгусида ҳам изчил ҳамкорликка тайёр эканимизни маълум қиламиз.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Ахборот хизмати.
8,483