Самарқанд шаҳридан истеъмолчи “Call center”га ўз мурожаатини қолдирди. Аризада билдирилишича, Шохжаҳон универсал савдо” МЧЖга қарашли “Optovik” савдо дўконидан сотиб олинган товар учун “Humo” пластик карточкасидан 2 марта 132 372 сўм маблағ ечиб олинган. Буни билган истеъмолчи бу ҳақда дарҳол сотувчига юзланган, аммо унинг талаби рад этилган. “Пандемия шароитида ҳар бир тийин пул ҳисобланиб турганида сотувчининг бундай хатти-ҳаракати ва бу жиддий қонун бузилиши жазосиз қолмаслиги керак” – деган хаёлда истеъмолчи Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ўз эътирозини билдиришга қарор қилди.
Ушбу мурожаатни ўрганиш жараёнида ҳақиқатан ҳам ўша куни 17.28 ва 17.29да бир дақиқалик вақт мобайнида 132 372 сўм(умумий суммаси 264 744) миқдоридаги маблағлар ечиб олинганлиги маълум бўлди.
Дўкон сотувчиси бу масалага Агентлик ходимлари аралашгандан кейингина пулни истеъмолчига қайтаришга мажбур бўлди.
Ҳурматли истеъмолчилар, товарлар учун тўловларни амалга ошираётганда, савдо квитанцияси ёки кассир квитанциясини сўранг, шунингдек, пластик картадан ушлаб қолинган маблағга эътибор беринг. МУҲИМИ: Олди-сотди амалга оширилганда истеъмолчига касса ёки товар чеки берилади. Товарни касса ёки товар чекини бермасдан сотиш тақиқланади.
(“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддаси).
6,128