Пахтачи туманида истиқомат қилувчи М.А. ишдан кеч келиб ош-овқатларни ўтин ёқиб, ўчоқда пишириш каби юмушлардан чарчади. Бунга сабаб “Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ Пахтачи туман бўлими томонидан тасдиқланган график бўйича икки ойдан буён суюлтирилган газ келтирилмаяпти. Бу ҳолат нафақат истеъмолчи М.А. хонадони, балки бутун “Фай” маҳалласининг ҳам муаммосига айланди.
Истеъмолчи Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг “Call center”га мурожаат қилди. Агентликнинг Самарқанд вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан олиб борилган ўрганишларда ушбу маҳалла аҳолиси 2 ойдан буён суюлтирилган углеводородли газ баллонлари билан таъминланмаганлиги маълум бўлди. Масалага ойдинлик киритилгач, газ таъминоти корхонасига бу ҳақда тушунтиришлар олиб борилди ва мурожаат ижобий ечим топди. Натижада “Фай” маҳалласининг деярли барча аҳолиси суюлтирилган газ баллонлари билан таъминланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 августдаги “Аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига кундалик ҳаётда фойдаланиш учун суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги 646-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 37-моддасига мувофиқ газ таъминоти ташкилоти истеъмолчига суюлтирилган углеводород газини туманлар (шаҳарлар) ва ижтимоий соҳа объектлари бўйича тасдиқланган суюлтирилган углеводород газини етказиб бериш жадвалларига мувофиқ етказиб бериши кераклиги белгиланган.
5,617