Рекламалар бугунги кунда ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Улардан товарлар харид қилишда, иш ва хизматларга буюртма беришда фойдаланамиз.
Республикамизда рекламани тайёрлаш ва тарқатиш билан боғлиқ муносабатлар 1998 йилда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги Қонун билан тартибга солиниб, унинг асосий вазифалари:
юридик ва жисмоний шахслар ёки маҳсулотлар тўғрисида ахборот оқимини шакллантириш;
тадбиркорлик ва истеъмол маданиятини такомиллаштириш;
рекламанинг давлат ва жамоат манфаатларига, ахлоқ ва маънавиятнинг умум эътироф этилган нормаларига, юридик ва жисмоний шахсларнинг ишчанлик обрўсига, атроф муҳит ҳолатига тажовузидан ҳимояланиш чораларини таъминлаш;
маҳсулотнинг характери, тайёрланиш усули ва жойи, истеъмол хусусиятлари, сифати ва бошқа тавсифлари, уни реализация қилиш шартларига кўра истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ маълумотлар реклама воситасида тарқатилишининг олдини олишдан иборат.
Ўз навбатида, мазкур Қонунда рекламани қайси тилларда тарқатилишига оид нормалар келтирилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида ёки реклама берувчининг хоҳишига кўра бошқа тилларда тарқатилади. Белгиланган тартибда рўйхатга олинган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар) асли қайси тилда бўлса, шу тилда келтирилиши мумкин.
Ушбу нормага мувофиқ, реклама давлат тилида ёки бошқа тилларда берилиши мумкин, яъни бу танлов реклама берувчининг ихтиёрида бўлади.
Бироқ, “Давлат тили ҳақида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг (янги таҳрирда) 20-моддасига мувофиқ, лавҳалар, эълонлар, нархномалар ва бошқа кўргазмали ҳамда оғзаки ахборот матнлари давлат тилида расмийлаштирилади ва эълон қилинади ҳамда бошқа тилларда таржимаси берилиши мумкинлиги белгиланган.
Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислохотлар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларига турли фаолият соҳаларида иш юритишда кўплаб имкониятлар берилиши, хорижий инвестицияларни жалб қилиниши, импорт ва экспорт салоҳиятининг ошиб бориши, рақобат мухитининг ривожланиши реклама соҳасида ҳам замонавий ёндошувларни ва айниқса, хорижий рекламаларнинг кириб келиши билан бирга мамлакатимиз ҳудудида ҳам давлат тилидан бошқа тилларда реклама ахборотлари берилишининг оммавийлашувига сабаб бўлмоқда.
Халқимизнинг кўп асрлик маданий, илмий-маърифий ва бадиий тафаккури, интеллектуал салоҳиятининг ёрқин ва бебаҳо маҳсули бўлган давлат тилимиз бўлмиш ўзбек тилининг нуфузи ва мавқеини янада ошириш мақсадида сўнгги йилларда кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан оширишга қаратилган амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Шу ўринда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ишлаб чиқилган “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасида рекламанинг тилига оид бир қатор нормалар киритилди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади ва таржимаси қўшимча равишда бошқа тилларда такрорланиши мумкин.
Бунда, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузмаслиги;
ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилида берилган матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолатда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 10 фоизидан ошмаслиги;
босма нашрларда ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матнли, аудио ва видео форматдаги умумий реклама майдонининг 10 фоизидан ошмаслиги;
теле ва радиоканалларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тилларда бериладиган таржимаси кунлик умумий реклама ҳажмининг 20 фоиздан ошмаслиги керак.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмида белгиланган талаблар қуйидагиларга татбиқ этилмайди:
фақат бошқа тилларда фаолият юритадиган радио эшиттириш ва теледастурлар, босма оммавий ахборот воситалари, Интернет жаҳон ахборот тармоғи ресурсларига;
хорижий тилларда тарқатилган телекўрсатувлар олдидан, кейин ва кўрсатув давомида ҳамда босма оммавий ахборот воситалари ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида олдин, кейин ва ичида хорижий тилларда жойлаштирилаётган рекламаларга;
белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган товар белгилари (хизмат кўрсатиш белгилари), босма усулда терилган бўғинли белгилар (логотиплар).
Яъни, мазкур қонун лойиҳаси қабул қилиниши билан, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама фақатгина давлат тилида, яъни ўзбек тилида тарқатилади ва қўшимча равишда ушбу реклама мазмунинининг таржимаси бошқа тилларда такрорланиши мумкин бўлади.
Ўз навбатида, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси унинг асосий маъносини бузмаслиги кераклиги асосий талаб ҳисобланади.
Шунингдек, рекламанинг бошқа тиллардаги таржимасига ҳам бир қатор талаблар қўйилмоқда.
Хусусан, ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни давлат тилида берилган матнининг пастки қисмида горизонтал ҳолатда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг 10 фоизидан ошмаслиги;
босма нашрларда ва Интернет жаҳон ахборот тармоғида жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матнли, аудио ва видео форматдаги умумий реклама майдонининг 10 фоизидан ошмаслиги;
теле ва радиоканалларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тилларда бериладиган таржимаси кунлик умумий реклама хажмининг 20 фоиздан ошмаслиги керак.
6,057