Акция ва лотерея ўйинлари ҳақидаги рекламалар барча учун қизиқарли. Аммо унда иштирок этиш истагида бўлганларнинг баъзида реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига зид, таржимаси ғализ, матнлари ҳеч қандай маънони бермайдиган маълумотлардан фойдаланиши оқибатида истеъмолчилик ҳуқуқлари бузилиши мумкин.
Шу ўринда “ғолиб бўл ва ютиб ол!”, “ўйна ва ғолиб бўл”, “сотиб ол ва автомобил сохиби бўл”, “ўйнанг ва ютинг”, “сўровномада қатнашинг ва қуйидаги совринларидан бирини ютиб олинг” каби иборалар қўлланилаётган рекламаларга тўхталиб ўтсак. Бу матнлар асосан буйруқ маъносида таклиф этилаётганлиги, имловий хатолар ва ўзбек тили луғатидан тўғри фойдаланилмай тузилган. Мазкур рекламаларда қонун ҳужжатларига зид равишда ёшга доир чекловлар мавжудлиги ҳақида ахборот берилмаган ҳолатлар ҳам учрайди.
Реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга оширувчи ваколатли давлат органи ҳисобланувчи Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги томонидан бу борада бир неча бор огоҳлантириш ва тушунтиришлар берилишига қарамасдан акция ёки лотерея ўйинлари рекламаларида юқорида қайд этилган хатоликлар ҳамон такрорланмоқда.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги реклама берувчи ва тарқатувчилар томонидан қонунийлик, аниқлик, ишончлилик тамойилларига қатъий амал қилишлари, асоссиз, ҳеч қандай исбот ва далиллар бўлмаган ҳолда ахборот тарқатишни, рекламадан фойдаланувчиларга зарар етказмайдиган шакллар ва воситалардан фойдаланган ҳолда фаолият юритишлари ва энг асосийси истеъмолчиларни чалғитадиган ёлғон ёки ноаниқ маълумотларни реклама воситаларида тарқатмасликлари учун оммавий ахборот воситалари ва телеграм каналларига эслатма хати юборди
6,731