Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан реклама бозорини тартибга солиш соҳасида амалга оширилган асосий чора-тадбирлар тўғрисида маълумот.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 сентябрдаги ПФ-5817-сон Фармонига асосан ташкил этилган бўлиб, Агентлик истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Бунда, Агентликнинг асосий фаолият йўналишларидан бири бу реклама бозорини тартибга солишдан иборат.
Маълумки, реклама фаолияти “Реклама тўғрисида”ги Қонун ва бошқа 10 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинади.
Агентлик томонидан реклама бозорини тартибга солишни нафақат назорат функциялари орқали, балки тушунтириш ва профилактика ўтказиш, қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олиш ва тезкор бартараф этиш чораларини кўриш йўли билан амалга оширишга кўпроқ эътибор қаратган.
Хусусан, рекламаларни жойлаштирилиши ва тарқатилиши бўйича жами 17 517 та ўрганиш ва мониторинглар ўтказилган бўлиб, уларда камчиликлар аниқланган 7 707 та ҳолатни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган.
Жумладан, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 февралдаги “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги 104-сонли қарори ижросини таминлаш мақсадида туман (шаҳар)ларда тузилган ишчи гуруҳлар билан биргаликда 12 318 та ташқи реклама конструкциялари хатловдан ўтказилганда, конструкцияларнинг 7 108 таси ёки 58 фоизи, шундан Тошкент шаҳрида 6630 та конструкциянинг 3207 таси ёки салкам 50 фоизи қарор талабларига мувофиқ эмаслиги аниқланган.
Аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва қарор талабларига мослаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар давом эттирилмоқда.
Бундан ташқари, телевидение, радио, босма нашрлар, ташқи реклама ва интернет сайтларида жойлаштирилган ва тарқатилган рекламаларни реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мослиги юзасидан жами 16 944 та ўрганиш (мониторинглар) ўтказилган ва ўрганиш натижаларида камчиликлар аниқланган 3874 та ҳолат юзасидан уларни тезкор бартараф этиш чоралари кўрилган.
Мисол учун, реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, энергетик ичимликлар рекламаси ичимликларни истеъмол қилиш жараёнларини намойиш этмаслиги, ушбу жараёнлар истеъмолчиларнинг ижтимоий ва спортга оид муваффақиятга эришиши ёки жисмоний ҳамда руҳий ҳолати яхшиланиши учун муҳим аҳамиятга эга деган таассуротни юзага келтирмаслиги кераклиги белгиланган бўлишига қарамай, таниқли спортчилар иштирокида турли энергетик ичимликлар рекламаси оммавий ахборот воситалари орқали жойлаштирилган. Бу ҳолат ҳам бартараф этилиши таъминланган.
Бундан ташқари, карантин даврида ижтимоий тармоқларда “Жазирамадан қувватлан!” шиори остидаги “Жара Energy” номли энергетик ичимлигининг реклама ролиги кенг тарқалди. Роликда таниқли эстрада ва кино шахслари иштирокида энергетик ичимликларни истеъмол қилиш жараёни акс этирилган. Агентлик томонидан ишлаб чиқарувчи ва ролик иштирокчиларига огоҳлантирувчи хат юборилди ҳамда ушбу энергетик ичимлигини тижорат мақсадида тарқатишнинг олди олинди.
Шу билан бирга, оммалашиб бораётган ахборот алмашиш ва тарқатиш манбаи ҳисобланган ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган рекламалар юзасидан олиб борилган ўрганишларда жами 573 та қонун бузилиш ҳолатлари аниқланди. Шундан, 317 та дори-дармон ва биологик фаол қўшимча (БАД) маҳсулотлари, 99 та алкоголь маҳсулотлари, 67 та тамаки маҳсулотлари, 30 та туризм соҳаси, 60 та бошқа товар ва хизматлар рекламасини жойлаштиришда аниқланган қонунбузалиш ҳолатларини олиб борилган тушунтириш ва профилактика тадбирлари натижасида бартараф этилди.
Мисол учун, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда “NOVITAM LIFE” биологик фаол қўшимчаси (БАД) – коронавирусни даволаш ва уни олдини олишдаги самарали восита” мазмунидаги рекламаси жойлаштирилган бўлиб, ушбу реклама орқали биологик фаол қўшимчаси истеъмолчининг тасаввурида дори воситаси эканлиги ва у даволаш хусусиятига эга эканлиги сингдирилмоқда. Ваҳоланки бундай касалликларга фақатгина шифокор кўриги ва тегишли таҳлиллар ёрдамида дори воситалари билан қарши курашиш мумкин. Шу сабабли “NOVITAM LIFE” биологик фаол қўшимчаси (БАД) рекламаси амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда жойлаштирилган рекламаларни олиб ташлаш юзасидан тезкор таъсир чоралари кўрилди.
Худди шунингдек, ижтимоий тармоқларда “ТИСОВИР” кенг таъсир доирадаги вирусга қарши препарат! У барча РНК типидаги вирусларни, шу жумладан, янги коронавирус инфекцияси қўзғатувчисини (COVID-19) ингибирлайди. “ТИСОВИР” Ўзбекистон Республикаси ва бошқа етакчи давлатларнинг COVID га қарши даволаш стандартларида мавжуд” мазмунида реклама ахборотлари жойлаштирилганлиги аниқланди.
Мазкур оммавий ахборот воситалари орқали кенг жамоатчилик учун реклама қилиш мумкин бўлмаган, яъни шифокор рецепти асосида бериладиган ва таъсири илмий исботланмаган дори воситасини рекламасини бартараф этиш юзасидан тезкор таъсир чоралари кўрилган.
Агентлик ўз ваколатлари доирасида реклама фаолияти субъектлари томонидан тақдим этилган реклама эскизларининг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги юзасидан хулосалар бериб келади. Хусусан, ўтган йил давомида берилган 109 та хулосаларнинг 52 тасида реклама эскизининг реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига номувофиқлиги билдирилган ва ноқонуний реклама тарқатилиши олди олинди.
Мисол учун, “Pulsar Group Brewery” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган алкоголлик қуввати нолга тенг бўлган пиво маҳсулотининг рекламаси бўйича “Реклама тўғрисида”ги Қонуннинг 23-моддаси талабларига асосан ҳар қандай қувватдаги алкоголь маҳсулотларининг рекламаси тақиқланиши юзасидан хулоса берилди.
Бундан ташқари, Агентлик томонидан реклама берувчи (тайёрловчи, тарқатувчи, буюртмачи)ларни қонун талабларига риоя этилишини таъминлаш юзасидан турли соҳа ва йўналишда 32 та расмий огоҳлантириш хатлари берилди ҳамда бу тўғрисида оммавий ахборот воситалари ва Агентликнинг расмий веб-сайтида ёритилган (сайтда реклама бўйича огоҳлантириш хатлари ва қонун ҳужжатлари нормалари бўйича расмий тушунтиришлар рўйхати ва матни жойлаштирилган).
Яна бир амалий чора-тадбирлардан бири бу реклама соҳасида норматив ҳуқуқий базани такомиллаштирилаётганлиги.
Маълумки, “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 1998 йилда қабул қилинган бўлиб, қонун 22 йилдан бери амал қилиб келинмоқда. Табиийки, унга тегишли тузатишлар киритиш вақти келган. Шу муносабат билан, бугунги кунда “Реклама тўғрисида”ги қонунни ривожланган бозорнинг янги талабларига мос келадиган янги таҳрири ишлаб чиқилди. Мазкур қонун лойиҳаси бевосита таъсир кўрсатадиган қонун сифатида ишлаб чиқилиб, унда қуйидагилар назарда тутилган:
рекламани тарқатиш тили;
реклама соҳасида ваколатли орган ва нодавлат ташкилотларнинг қўшимча ваколатлари;
реклама фаолияти субъектларининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари,
рекламага ва товарларнинг алоҳида тураларига қўйилган умумий ва махсус талаблар, булар:
вояга етмаганлар рекламаси;
дори воситалари, биологик актив ва озиқ-овқат қўшимчалари рекламаси;
болаларга мўлжалланган озиқ-овқатлар рекламаси;
алкоголли ичимликлар, тамаки ва тамаки ўрнини босувчи маҳсулотлар рекламаси;
халқ табобати товарлари ҳамда бошқа товар ва хизматлар рекламасига қўйилган талабларни янада кенгайтириш;
юридик шахсларнинг реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузишига нисбатан жавобгарлигини тиклаш, молиявий санкциялар қўллаш назарда тутилган.
Мисол учун, Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилиши ва таржимаси қўшимча равишда бошқа тилларда такрорланиши мумкинлиги, бунда рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси унинг давлат тилидаги асосий маъносини бузмаслиги белгиланмоқда.
Шунингдек, қонунда республикамизда виночилик соҳасини жадал ривожлантириш, узум навларини кўпайтириш, маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмларини ошириш бўйича қабул қилинаётган Фармон ва қарорлар ижроси доирасида ҳамда хорижий далвлатлар тажрибасини ўрганиш натижаларига кўра, маҳаллий кўпикланадиган ва табиий вино маҳсулотлари рекламасини ҳам тартибга солиш масаласи назарда тутилмоқда.
Фаррух МАДАМИНОВ,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш
агентлиги бошқармаси бошлиғи
3,502