QR-код – тўртбурчак шаклдаги оқ-қора белгиларга эга тасвир бўлиб, савдо мажмуалари, дўконлар томонидан тақдим этиладиган чекларда, коммунал тўловлар квитанцияларида, реклама плакатларида ва турли ҳил маҳсулотлар қадоқларида учрайди. Бир сўз айтганда, бугунга келиб QR-код кундалик ҳаётимизга чуқур кириб келганини таъкидлаш мумкин.
QR-коднинг яратилиш тарихи
QR-кодлар биринчи марта 1994 йилда пайдо бўлган. Toyota компаниясига тегишли Denso Wave корхонаси ишлаб чиқариш жараёнини яхшилаш учун янги кодни ишлаб чиқди. Ушбу код транспорт воситалари ва эҳтиёт қисмларини кузатишда ёрдам берди. У кодланган маълумотни асл ҳолида тезкор очилишини таъминлаш учун яратилган бўлиб, унга “Тезкор жавоб коди” (Quick Response code) деб ном берилган.
2000 йил бошларига келиб, Японияда QR-кодлар мамлакатда шу қадар кенг тарқала бошладики, уларни турли хил плакатлар, пакетлар ва маҳсулот қадоқларида топиш мумкин эди. Фақатгина 2010 йилга келиб, АҚШ ва Европада кодлардан фойдаланиш бошланди. Ҳозирги вақтда QR-кодларни деярли ҳар бир мамлакатда учратиш мумкин.
У қандай ишлайди?
QR-код худди супермаркетдаги штрих-код каби ишлайди. Агар сизда смартфон бўлса, кодни телефон ёрдамида сканерлаш ва унга киритилган маълумотларни ўқиш кифоя. Демак, истеъмолчида смартфон ёки махсус илова ўрнатилган бошқа мобил мослама бўлиши керак холос. IOS ва Android платформали мобиль алоқа қурилмалари QR-кодларни тўғридан-тўғри асосий камера орқали “ўқиши” мумкин.
QR-кодлар ўзида қисқа матнли хабарлар, СМС-хабарлар, турли хил веб-сайтларга ҳаволалар (YouTube, Facebook, Instagram), боғланиш учун маълумотлар, ташкилот тўғрисида маълумот, маҳсулот ҳақидаги батафсил маълумот, географик ва навигация маълумотларини ва бошқаларни сақлаши мумкин.
QR-коднинг қулайлиги нимада?
QR-кодларнинг асосий устунлиги бу маълумот билан ишлашнинг юқори тезлигидир. QR-коддан фойдаланиш истеъмолчиларга қидирув сўровларини ёзиш ёки ишлаб чиқарувчининг Интернетдаги веб-саҳифаси манзилини эслаб қолиш каби ортиқча ҳаракатларини камайтириш имконини беради.
Шунингдек, QR-кодлардан контактсиз тўловлар сифатида фойдаланиш мумкин. QR-код билан тўлаш усули сизга тўлов карта ёки нақд пул ишлатмасдан олди-сотди қилиш имконини беради. Бошқа усуллар билан таққослаганда, бу контактсиз тўловнинг энг хавфсиз усули: банк картасини сотувчига топшириш ёки унинг маълумотларини веб-сайтларга киритишнинг ҳожати йўқ.
QR-кодлар Ўзбекистонда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 4 декабрдаги “2016-2018 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида электрон тижоратни ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” 353-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳамда молиявий хизматларнинг он-лайн имкониятларини кенгайтириш мақсадида Ягона умумреспублика процессинг маркази савдо терминалидан фойдаланмасдан QR-код орқали амалга ошириладиган янги тўлов тизимини жорий этди.
Ўзбекистон Республикасида Рақамли банкни ривожлантириш концепциясига мувофиқ, 2020 йил март ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки тижорат банклари билан биргаликда QR-код асосида универсал стандартлаштирилган “QR он-лайн” тўловлар хизматини ишга туширди. Истеъмолчилар товарлар ва хизматлар учун тўловни сотувчи QR-кодини сканерлаш ва тўлов хизматини етказиб берувчининг мобиль иловасида харид суммасини киритиш орқали амалга оширишлари мумкин.
Ёдда сақланг
QR-код орқали тўловни жорий қилган баъзи савдо ва хизмат кўрсатиш шахобчалари нақд пул ва пластик картадан фойдаланмасдан тўлов амалга оширилса, истеъмолчига чек тақдим этиш шарт эмас деб ҳисоблашади. “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 10-моддасига мувофиқ, “Олди-сотди амалга оширилганда истеъмолчига касса ёки товар чеки берилади. Товарни касса ёки товар чекини бермасдан сотиш тақиқланади”.
|
39,659