Истеъмолчи С.М.Тахиатош тумани Абат Макан ОФЙда истиқомат қилади. Газ таъминоти идораси томонидан мазкур ҳудудга замонавий ҳисоблагичлар ўрнатила бошланганидан барча мамнун бўлди. С.М. хонадонида ҳам олдинги ҳисоблагич ўрнига янгиси ўрнатилди. Иш ниҳоясида кўрсатилган хизматлар учун 110 минг сўм олинди. Истеъмолчи олдинига бунга эътибор қаратмади, аммо бу хизматларнинг бепул бажарилиши кераклигини билгач газ таъминоти идорасига мурожаат қилди.Мурожаатлар эса жавобсиз қолаверди.
Шундан сўнг истеъмолчи жорий йилнинг 13 октябрь санасида Қорақалпоғистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ишонч телефонига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Мурожаатни Қўмитанинг истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўлими томонидан ўрганиб чиқиш вақтида истеъмолчидан ҳисоблагич қутичаси, алоҳида фильтр учун пул олинганлиги маълум бўлди.
Хусусан, “Энергия ресурсларини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш доирасида электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олишнинг замонавий асбобларини ўрнатиш тартиби тўғрисида”ги низомнинг айрим бандларида, ҳисобга олиш приборларини, шунингдек улар ўрнатиладиган махсус шкафларни харид қилиш, шу жумладан мавжуд (шунингдек индукцион) приборларни алмаштириш, монтаж қилиш, давлат қиёсловидан (шу жумладан, даврий давлат қиёсловидан) ўтказиш ҳамда ўрнатиш ҲЭТК ҳисобидан амалга оширилиши, Бюро вакиллари билан биргаликда маиший истеъмолчи иштирокида бепул уланиши, рўйхатга олиниши ва пломбаланиши амалга оширилиши белгиланган.
Ушбу бандни ҳисобга олсак таъминотчи идора томонидан истеъмолчи ҳуқуқи бузилганлигини кўришимиз мумкин. Қўмитанинг аралашуви натижасида истеъмолчидан талаб қилинган асоссиз 110 минг сўм қайтариб берилди.
8,657