Хусусан, “Kun.uz” сайтида эълон қилинган “Сув келди – фотосуратга туширилиб вазирга кўрсатилди – сув ўчди. Нишондан яна мурожаат” мавзуидаги мақолада Нишон туман “Байналмилал” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқароларнинг мурожаати баён қилинган эди.
Тўғри, аҳолига тоза ичимлик суви етказиб бериш билан боғлиқ муаммо ҳал этилганди. Бу ҳақда ижтимоий тармоқ орқали видео ва суратлар орқали хабар ҳам берилди. Хонадонига ичимлик суви келиб турганига аҳоли хурсанд бўлди, гарчи бу сув йиллар давомида оқмагани учун лойқа, зангли бўлиб, истеъмолга яроқсиз эди. Фақат сувни тиниб оқишини кутишгина қолганди, холос. Лекин уларнинг бу қувончи узоққа чўзилмади. 5-6 кундан сўнг сув берилиши тўхтатиб қўйилди. Бу ҳақдаги мурожаатларга эса ҳеч ким изоҳ бермади.
Сайтда кўтарилган мазкур муаммо Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Қашқадарё вилояти ҳудудий тузилмаси мутахассислари томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганиш жараёнида ҳақиқатан ҳам “Байналмилал” МФЙга бир неча кундан буён ичимлик суви берилмаётганлиги маълум бўлди. Унга сабаб “Нишон-2” сув узатиш иншоотида юзага келган носозлик бўлгани аниқланди.
Шу айтиш мумкинки, “Нишон-2” сув узатиш иншооти вилоятдаги йирик сув узатиш иншоотларидан бири ҳисобланади. Талимаржон сув омборидан келадиган ичимлик суви ушбу иншоот орқали вилоятнинг Нишон, Қарши, Касби, Миришкор ва Муборак туманлари аҳолисига етказиб берилади. Мабодо бу иншоот таъмирлашга тўхтатилгудек бўлса, 5 та туман аҳолиси ичимлик сувисиз қолишига сабаб бўлади. Ана шуларни инобатга олган ҳолда мутасадди ташкилотлар томонидан аввал керакли тайёргарлик кўрилди, сўнг иншоот фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Юзага келган носозлик бартараф этилди. Натижада маҳалла аҳолисига ичимлик суви етказиб бериш қайта йўлга қўйилишига эришилди.
7,231