Экспертиза натижалари тўғрисида
Қуюлтирилган сут – болалигимиздан ҳар биримиз севиб истеъмол қиладиган маҳсулот ҳисобланади. Ҳозирда истеъмолчилар мазкур маҳсулотнинг хилма-хил турларини харид қилиш имкониятига эгалар. Савдо мажмуаларининг расталари миллий ва чет эл ишлаб чиқарувчиларининг турфа хил қуюлтирилган сут маҳсулотлари билан тўлиб-тошган.
Бироқ, биз харид қилаётган қуюлтирилган сут сифати, унинг қадоғида келтирилган маҳсулот таркибига ҳар доим ҳам мувофиқми? Мазкур саволга Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги жавоб топишга қарор қилди.
ТАНЛОВ БОСҚИЧИ
Синовдан ўтказиш учун мазкур маҳсулотнинг 6 турдаги намунаси танлаб олинди. Улар қуйидагилар:
- “Зайка” сут асосли шакар билан қуюлтирилган маҳсулот (250 г.), “GOOD FOOD ORGANIC” ҚК МЧЖ (Ўзбекистон);
- “Алексеевское” қаймоғи олинмаган шакарли қуюлтирилган сут (270 г.), “Алексеевский сутконсерва комбинати” ЁАЖ (Россия);
- “Лакомка” сут асосли шакар билан қуюлтирилган маҳсулот (320 г.), “GOOD FOOD ORGANIC” ҚК МЧЖ (Ўзбекистон);
- Қаймоғи олинмаган шакарли қуюлтирилган сут (320 г.), “Агро Браво” МЧЖ;
- “Сгущёнка” таркибида сут бўлган шакар билан қуюлтирилган маҳсулот (480 г.), “Ичнин сутконсерва комбинати” ХАЖ (Украина);
- Таркибида сут бўлган сут ёғи ўрнини босувчи компонент қўшилган маҳсулот (350 г.), “Белмолпродукт” ОАЖ (Россия)
ЭКСПЕРТИЗА
6 турдаги маҳсулот намунаси ГОСТ 31703-2012 “Шакарли, таркибида сут бўлган консервалар. Умумий техник шартлар” ва “Сут ва сут маҳсулотлари хавфсизлиги тўғрисида” Умумий техник регламент талабларига мувофиқлиги “UzTest” ДУКда ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида санитария-гигиена талабларига мувофиқлиги юзасидан синовдан ўтказилди.
ЭКСПЕРТИЗА НАТИЖАЛАРИ
Синов натижаларига кўра, барча танлаб олинган қуюлтирилган сут маҳсулотлари оғир металл ва бошқа заҳарли моддалар нормалари талабларига жавоб бериши маълум бўлди.
Бироқ, бошқа бир қатор кўрсаткичлар бўйича танлаб олинган маҳсулотлар ўрнатилган талабларга жавоб бермаслиги аниқланди. Хусусан, “GOOD FOOD ORGANIC” ҚК МЧЖ (Ўзбекистон) корхонасининг “Зайка” ва “Лакомка” сут асосли шакар билан қуюлтирилган маҳсулотларида органолептик (таъм ва ҳид) талабларга номувофиқлиги, рухсат этилган намлик миқдори, сут қолдиғи ва оқсил умумий ҳиссасининг пастлиги, таркибида ўсимлик ёғларининг мавжудлиги ҳамда қайишқоқлик даражаси каби кўрсаткичлар бўйича талабларга жавоб бермаслиги маълум бўлди.
“Агро Браво” МЧЖнинг қаймоғи олинмаган шакарли қуюлтирилган сут маҳсулотида ҳам намлик миқдори белгиланган нормадан юқори, сут қолдиғи ва оқсил умумий ҳиссасининг пастлиги, таркибида ўсимлик ёғларининг мавжудлиги ҳамда сахароза миқдорининг пастлиги аниқланди. Таъкидлаш керакки, мазкур маҳсулот қадоғида келтирилган таркибга кўра – маҳсулот фақатгина табиий сут ва шакардан тайёрланган бўлиши лозим.
“Белмолпродукт” ОАЖ корхонасининг таркибида сут бўлган сут ёғи ўрнини босувчи компонент қўшилган маҳсулотининг синов натижалари маҳсулот белгиланган зичлик даражасига мувофиқ эмаслигини, сут қолдиғи ва оқсил умумий ҳиссасининг ҳамда сут ёғи даражасининг белгиланган нормалардан пастлигини кўрсатди.
Агентлик томонидан мазкур ишлаб чиқарувчиларнинг мувофиқлик сертификатларини бекор қилиш ҳамда чакана савдо объектларидан ушбу маҳсулотларни истеъмолдан олиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисидаги зарурий маълумотлар ваколатли давлат органларига юборилди. Юқоридаги тўртта маҳсулотдан учтаси бўйича мувофиқлик сертификати бекор қилинган. Хусусан, “GOOD FOOD ORGANIC” ҚК МЧЖ маҳсулотларига нисбатан мувофиқлик сертификатини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ишлаб чиқарувчининг ўзи томонидан тақдим этилди. “Агро Браво” МЧЖ маҳсулотларига нисбатан қўшимча ўтказилган текширув натижаларига кўра қарор қабул қилинган.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг асосий вазифаларидан бири бўлиб, ушбу соҳада давлат назоратини амалга ошириш ҳамда товар (иш, хизмат) хавфсизлиги ва сифатини назорат қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш бўлиб ҳисобланади.
Мазкур назорат хариди натижалари бўйича “O`zbekiston 24” телеканалида эфирга узатилган видеолавҳа(https://t.me/consumeruz/1058)ни томоша қилишингизни тавсия этамиз.
Агентлик республикада сотилаётган маҳсулотларни ўрганишда давом этади ва натижалари бўйича жамоатчиликни хабардор қилиб боради.
7,795