Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар бизнинг давримизнинг асосий алоқа воситаларидан бирига айланди. Жамият эътиборини маълум бир муаммога кенгроқ даражада жалб қилиш учун истеъмолчи пост эълон қилади. Aммо жойлаштирилган маълумотлар ҳар доим ҳам ҳақиқатми? Унда келтирилган маълумотлар ҳар доим ишончли далилларга асосланганмикан?
ҲАР ДОИМ ҲАМ ЭМАС ЭКАН!
Маълумки, июнь ойнинг бошларида ижтимоий тармоқларда “ТУРОН МЕДИA” ХК абонентларни огоҳлантирмасдан ва хабардор қилмасдан рақамли телевидение хизматларидан узиб қўяётганлиги, истеъмолчилар билан тузилган шартнома шартлари бузилаётганлиги тўғрисидаги маълумотлар қизғин муҳокама қилинди. Муҳокамада қатнашганларнинг кўпчилиги ТУРОН МЕДИA интернет-провайдери томонидан кабел телевидениеси оммавий равишда ўчирилишидан норозилигини билдиришган. Бунинг оқибатида истеъмолчилар компания офиси олдида карантин режимига зид равишда ижтимоий масофани сақламасдан адолатни тиклашга ҳаракат қилаётган обуначилар тўпланишига хусусий корхонани айбдор деб ҳисоблашмоқда.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ушбу масалани ўрганишга қарор қилди ва “ТУРОН МЕДИA” ХКга сўров хати юборди. Ўрганиш давомида 27 мартдан 27 майгача бўлган даврда 2 ой давомида кўплаб абонентлар “TURON TELECOM” томонидан тақдим этилган IPTV, аналогли ва рақамли кабел телевидениеси каби хизматлардан фойдаланганлик учун қарздор бўлганликлари лекин, шунда ҳам тармоқдан узиб қўйилмаганлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, истеъмолчиларни хизматларнинг узилиши тўғрисида хабардор қилиш учун хабарномалар ижтимоий тармоқларда, Телеграм-каналида ва компаниянинг расмий веб-сайтида жойлаштирилганлиги маълум бўлди.
Шуни таъкидлаш керакки, абонентларга қулайлик яратиш мақсадида ойлик тўловларни PayMe иловаси, банкоматлар, банк хизматлари ва компаниянинг офисларида тўлаш имкониятлари яратилган.
10,194