Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги
Б Р И Ф И Н Г
ПРЕСС-РЕЛИЗ
МАВЗУ: “Шаҳар йўловчи ташиш жамоат транспорти хизматлари кўрсатилишида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасининг қониқарлилиги юзасидан ўтказилган сўров ва унинг таҳлили”
2020 йил 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги томонидан “Шаҳар йўловчи ташиш жамоат транспорти хизматлари кўрсатилишида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасининг қониқарлилиги юзасидан ўтказилган сўров ва унинг таҳлили” мавзуида брифинг ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
11сентябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 5817-сонли Фармони ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 19 декабрь 2019 йилдаги 1015-сонли “Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Агентлик томонидан Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва 12 та вилоятда шаҳар йўловчи ташиш жамоат транспорти хизматлари кўрсатилишида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасининг қониқарлилиги юзасидан сўров ўтказилди.
Агентлик томонидан 2019 йилнинг декабрь ойида республика бўйича истеъмолчилар ҳуқуқларининг умумий ҳимояланганлик даражаси билан бирга аҳолига шаҳар йўловчи ташиш транспорти хизматлари кўрсатиш соҳасида уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилинганлиги ҳолатига баҳо бериш мақсадида 1661 нафар респондент ўртасида ижтимоий сўров ўтказилган.
Сўровнинг биринчи бўлимида дастлаб истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини билиш даражаси ўрганилди. Сўровда иштирок этган 52,5% респондент истеъмолчилик ҳуқуқи бузилгани, 63,9% респондент ҳуқуқларини қайта тиклай олмагани, 73,7% респондент эса ваколатли давлат органига бу ҳақда мурожаат қилмаганлиги ҳақидаги фикрларини билдиришган. Агентлик томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ушбу соҳада аҳолининг, яъни истеъмолчиларнинг ҳуқуқий билими ва саводхонлигини оширишга қаратилган тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. “Саволга жавоб”, “Истеъмолчи ён дафтарига” ва “Тадбиркорларга эслатма”мавзуларида қўлланмалар тайёрланмоқда.
Сўровнинг иккинчи бўлимида йўловчи ташиш транспорти хизматларидан фойдаланиш, транспорт хизматларини баҳолаш, истеъмолчиларнинг йўловчи ташиш транспорт хизматлари билан қониққанлик даражаси ўрганилди.
Ўтказилган сўров натижалари таҳлил қилинганда, респондентларнинг 77% жамоат транспортидан фойдаланишини, 74,3% йўловчи томонидан транспортда янги йўналишларни очиш бўйича таклифлар берилган, 50%дан ортиқ иштирокчи йўналишда қатнаётган автобус ва микроавтобуслар сони ва уларнинг хизмат сифати қониқтирмаслигини билдирган.
Бундан ташқари, йўлкира учун тўланган пулга чипта берилмаслик, автобусларнинг бекатларда узоқ вақт туриб қолишини, автобус ва микроавтобусларда совутиш ва иситиш тизимининг ишламаслиги ҳамда бекатларда автобус қатнов жадвали (рақами ва қачон келиши) ҳақидаги маълумотларнинг мавжуд эмаслигини ҳақида ўз фикрларини баён қилишган.
Шунингдек, сўровда баъзи транспорт хизматларини янада яхшилаш, ҳайдовчи ва назоратчи муносабати, жамоат транспорти техник ҳолати ҳамда маршрутли таксилар (микроавтобуслар) хизматлари бўйича таклифларини қайд этишган. Жамоат транспорти бекатлари ҳолатига респондентлардан 29,7% салбий фикр билдирган ва 75% йўловчи ташиш транспортларидаги ўриндиқлар ҳолатини ўртача баҳолаган.
Сўровнома натижалари бўйича маълумот ва таклифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги,.тегишли давлат органлари ва ташкилотларига тақдимнома киритилди.
Агентликда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш, қурилиш ва транспорт бошқармаси томонидан аҳолининг жамоат транспорти ва ундан фойдаланишдаги асосий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари ҳақида тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Шунингдек, истеъмолчилардан Агентликка келиб тушаётган мурожаатлар атрофлича ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилмоқда.
Маълумот ўрнида
Агентлик томонидан истеъмолчилардан тушаётган оғзаки, ёзма ва электрон шаклдаги мурожаатлар белгиланган тартибда кўриб чиқилиб, ижобий ҳал этилишига эришилмоқда. 2020 йилнинг ўтган даврида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича фуқаролардан жами 343та мурожаат келиб тушган бўлиб, улардан 78таси (22,7%)коммунал соҳадаги камчилик юзасидан, 163таси (47,5%) савдо ва умумий овқатланиш,
27 таси (7,9%)транспорт ва алоқа хизматлари, реклама соҳаси 34 таси(9,9%) ҳамда 41 таси (11,9%) бошқа соҳаларга тўғри келади. Мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида 280 миллион сўмдан ортиқ пул маблағлар истеъмолчиларнинг фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилинган ҳамда уларнинг бузилган ҳуқуқлари қайта тикланиши таъминланган.
Агентликнинг www.consumer.uz интернет саҳифаси, шу билан бир қаторда телеграм (t.me/сonsumerUz) ва фейсбук месенжерларида Агентлик саҳифалари очилди.Унда истеъмолчилар учун зарур бўлган қонун ҳужжатлари, соҳага оид амалга оширилаётган ишлар тўғрисидаги маълумотлар билан бериб борилмоқда.
Шунингндек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш масалалари бўйича халқаро ташкилотлар, ваколатли давлат органлари ва хорижий мамлакатларнинг нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилишни йўлга қўйиш бўйича 10 дан ортиқ халқаро ташкилотларга билан музокаралар олиб борилмоқда.
Ахборот хизмати:У.Мансурова тел.71-207-46-00 (328)
6,510