Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ўзаро ҳамкорлик бўйича келишув битими имзоланди.
Келишув битимини Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори Элмурот Хаитметов ва Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари Ботир Захидовлар имзоладилар.
Мазкур битим томонлар ўртасида молиявий (нотижорат) хизматлар соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шу билан бирга “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” ва “Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Қонунларда белгиланган ҳуқуқий меъёрларга риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширишни назарда тутади.
Битимга кўра томонлар келгусида ҳамкорлик қилишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, шунингдек, соҳага оид маълумотларни алмашиш, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш бўйича ўзаро маслаҳатлашувлар ва ишчи учрашувларни ўтказиб боришни келишиб олдилар.
9,781