Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 августдаги 4813-сонли қарори билан МДҲ доирасида амал қилувчи истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ҳужжатлар тасдиқланди. Хусусан, ушбу ҳужжатга мувофиқ:
– Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларини истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик қилишнинг асосий йўналишлари тўғрисида Битим (2000 йил 25 январь, Москва);
– Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи-давлатларини истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ҳамкорлик қилиш тўғрисида 2000 йил 25 январдаги Битимига ўзгартириш киритиш ҳақидаги Баённома (2011 йил 19 май, Минск) тасдиқланди.
Мазкур қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича МДҲ Маслаҳат кенгашининг тўлақонли аъзосига айланди. Ушбу Кенгаш фаолиятининг асосий йўналишлари бўлиб:
– истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида МДҲ иштирокчи-давлатлар ҳамкорлигининг мувофиқлаштирилган сиёсатини олиб бориш принциплари ва қоидаларини ишлаб чиқиш, уни амалиётда қўллаш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш;
– МДҲ иштирокчи-давлатлар давлат органлари ва жамоат ташкилотлари ўртасида, шу жумладан, МДҲ иштирокчи-давлатларнинг фуқаролар тегишли ҳуқуқларини таъминлаш бўйича миллий тажрибаси ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг жаҳон тажрибаси тўғрисида ахборот алмашинувининг самарали тизимини яратиш;
– МДҲ иштирокчи-давлатларида ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича тажриба алмашиш ва қонунчиликни уйғунлаштиришда кўмаклашиш.
МДҲ Маслаҳат кенгаши таркибини бугунги кунга қадар, Арманистон, Белорус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон ташкил этган бўлса, энди Ўзбекистон ҳам ушбу давлатлар қаторидан ўрин олди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги МДҲ Маслаҳат кенгашининг тўлақонли аъзоси сифатида миллий қонун ҳужжатлари лойиҳаларини муҳокама қилишда иштирок этиши ҳамда ушбу соҳадаги ўз ҳужжатларини муҳокамага чиқариш ҳуқуқига эга.
Ушбу янгиликнинг энг аҳамиятли жиҳати шундаки, эндиликда ушбу иштирокчи-давлатлар ҳудудида истеъмолчиларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкони яратилди, худди шундай шароит Ўзбекистон ҳудудида ушбу иштирокчи давлатлар фуқаролари учун ҳам амал қилади.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида МДҲ иштирокчи-давлатлар Маслаҳат кенгаш мажлисларида қатнашиш – бу ўзига хос тажриба алмашиш, хорижлик мутахассисларнинг муҳим тавсияларини олиш имконияти, МДҲ барча давлатлари учун муҳим ва долзарб бўлган соҳаларда истеъмолчилар ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоялашни таъминлаш билан боғлиқ глобал муаммоларни муҳокама қилиш майдони бўлиб ҳисобланади.
16,437