🔎 ИСТЕЪМОЛЧИДАН МУРОЖААТ.
“Олтинкўл туманида фаолият юритувчи тадбиркордан 2020 йил апрель ойида ошхонам учун “Юмшоқ мебеллар” телеграм каналига буюртма бердим. Май ойида битта стол ва дивандан иборат бу буюртма уйга келтирилди. Унга 3 миллион сўмни электрон тарзда тўладим. Аммо сотиб олган юмшоқ мебелим сифатсиз экан.Диванга ишлатилган материал чидамсиз, юпқа экан, бириктириб тикилганда сўкилиб кетганлиги маълум бўлди. Бу ҳақда тадбиркор Х.А.га мурожаат қилиб, мебель узоқ фойдаланиладиган жиҳоз, унинг матоси сифатли, пишиқ-пухта бўлиши зарурлигини тушунтирдим. Тадбиркор “Ўрнига бошқа ясаб берамиз…” деган ваъдани берди. Орадан 2-3 ҳафта ўтиб такроран қилган телефон қўнғироқларимга умуман жавоб бермади.
Мана бир неча ойдирки, тадбиркор уни таъмирлаш учун олиб ҳам кетмаяпти, пулимни ҳам қайтармаяпти. Сиздан юқорида кўрсатилган масалада амалий ёрдам кўрсатишингизни сўрайман.
Истеъмолчи Х.А.”
🔎 АГЕНТЛИК МУРОЖААТНИ ЎРГАНДИ ВА НАТИЖАДА …
Мазкур мурожаат Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Андижон вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан ўрганиб чиқилди. Ўрганишлар ҳақиқатан ҳам истеъмолчининг ҳуқуқлари бузилганини кўрсатди. Яъни истеъмолчига сифатсиз юмшоқ мебель сотилганлиги, унинг камчиликларини бартараф этиш эса тўрт ойдан бери пайсалга солиб келинган. Тадбиркор муаммога сабаб қилиб карантин даврини кўрсатишдан нарига ўтмади. Шундан сўнг вилоят ҳудудий тузилма томонидан Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддаси товар (иш, хизмат)нинг нуқсонлари туфайли етказилган зарар учун мулкий жавобгарлик ҳақида тадбиркорга тушунча бериб ўтилди.Хусусан,унга кўра сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) билан шартнома муносабатларига киришган-киришмаганидан қатъи назар, ҳар қандай истеъмолчи товар (иш, хизмат)нинг нуқсони туфайли етказилган зарар қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Ниҳоят мурожаат қонуний ечимини топди.Тадбиркор томонидан истеъмолчи Х.А.га нуқсонли товарга тўланган 3 миллион сўмни қайтариб берилишига эришилди.
9,019