Қиш мавсумидаги об-ҳавонинг совуқ кунларида иситиш батареяларининг совуқлиги ҳамон долзарблигича қолмоқда. Тошкент шаҳар Олмазор туманида яшовчиларнинг уйлари иситилмай қолди.
Чорасиз қолган Олмазор тумани Бешқўрғон 4-мавзедаги кўп қаватли уйларда яшовчи аҳоли Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига нажот излаб мурожаат қилишди. Иситиш тизими куз-қиш мавсуми бошланганидан буён истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етарли даражада етказиб берилмаяпти, балки совуқ радиаторлар совуқлигича қолмоқда.
Нима учун ресурсларни етказиб берувчи ташкилот зарур иссиқлик таъминоти параметрларини таъминлай олмайди? Муаммони ҳал қилиш мақсадида Агентлик ишчи гуруҳи Олмазор тумани иссиқлик таъминоти идораси ходимлари ҳамда ушбу кўп қаватли уйларга бириктирилган “Obod Olmazor ta’mirlash” масъулияти чекланган жамияти бошқарув компанияси вакилларини жалб қилди.
– Ҳозир бу ердаги муаммо босим етиб келмаслиги билан боғлиқ,- дея изоҳ берди Олмазор тумани иссиқлик таъминоти инспектори Дилшод Абдураҳмонов.- Босимнинг меъёрдан паст келаётгани учун кўпгина уйлар исимаяпти. Бугунги кунда шунга чора қилиб бошқа жойдан трасса тортяпмиз. Бир ҳафта-ўн кун ичида муаммо ҳал этилади.Ҳозирда бу борада етарли ишлар олиб борилмоқда.
Шунингдек, мазкур кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқароларга етарли даражада иссиқлик таъминоти етказиб берилмаган давр учун амалга оширилган тўловларни истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиш юзасидан “Тошиссиққуввати”ДУКга керакли ҳужжатлар тақдим этилди.
Маълум бўлишича, хонадонларда радиаторларнинг совуқ бўлишига бутун уйнинг иситиш тизимида циркуляция етишмаслиги сабаб бўлган. Аслида бу тизимдаги иссиқлик таъминотининг циркуляцияси иситиш тизимини лойиҳалашда қилинган ҳисоб-китобларга мос келиши керак. Яъни, қувурлар орқали сув маълум бир тезликда ҳаракатланиши лозим. Агар айланиш тезлиги пастроқ бўлса, унда батареялар совуқ бўлади. Иссиқлик таъминотининг тик қувурлар бўйлаб ҳаракатланишида унинг тезлиги иссиқ сув етказиб беришга таъсир қилади.
Мазкур вазият бўйича Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги етакчи бош мутахассиси Шарофиддин Қаҳҳоров ўз фикрларини билдирди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги 194-сонли қарори билан тасдиқланган Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш Қоидаларининг 75-бандида етказиб берувчининг:
иссиқлик таъминоти шартномасида назарда тутилган ҳажмда, иссиқлик энергиясининг уланган тармоқ орқали узлуксиз етказиб берилишини таъминлаш ва томонлар билан келишилган режимига риоя этиш; иссиқлик энергиясини стандартлаштириш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларга мувофиқ сифат билан етказиб бериш; иссиқлик таъминоти шартномасига мувофиқ иссиқлик тармоқларининг баланс мансублилиги ажралиши чегарасида иссиқлик манбаи (иссиқ сув) параметрларини сақлашдан иборат мажбуриятлари кўрсатиб ўтилган.
Шунингдек, “Истемолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 19-моддасига асосан, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт.
Фуқаролар томонидан ушбу ҳолат 2020 йил 20 ноябрдан буён давом этаётганлиги маълум қилиниб, аниқланган ҳолатлар юзасидан белгиланган тартибда тегишли далолатнома тузилди. Ҳамда Агентликнинг “Тошиссиққуввати” ДУКга юқоридаги кўп қаватли уйларнинг иссиқ сув ва иссиқлик тизимида вужудга келган муаммоларини бартараф этиш чораларини кўриш, истеъмолчилар томонидан етарли даражада иссиқлик таъминоти етказиб берилмаган давр учун амалга оширилган тўловларни қайта ҳисоб-китоб қилиш бўйича кўрсатма хати юборилди.
Маълумот ўрнида: Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги масъул ташкилот вакиллари билан тузилган далолатномага кўра 20 ноябрдан бошлаб ушбу муаммо бартараф этилгунича аҳоли иссиқлик таъминоти бўйича кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ тўламайдиган бўлди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги
Ахборот хизмати.
3,751