Сўнгги вақтларда аксарият реклама воситалари, жумладан интернет, ижтимоий тармоқлар ва телеграмм каналлар орқали берилаётган коронавирус инфекциясини (COVID-19) даволаш ва профилактика қилиш учун мўлжалланган биологик фаол қўшимчалар рекламаси жойлаштирилаётгани кузатилмоқда.
Яқинда ижтимоий тармоқларда жойлаштирилган “NOVITAM LIFE” биологик фаол қўшимчалар рекламасида ҳам айнан “Коронавирусни даволаш ва олдини олишдаги самарали восита, ионлаштирилганлиги сабаб ҳужайрага осон ва қулай кириб, танага тарқалади ва даволайди. Шунинг учун экстрактни қабул қилсангиз тез кун ичида коронавирус дардидан фориғ бўласиз” мазмунида реклама ахборотлари берилди.
Рекламани жойлаштириш тўғрисидаги Низомга асосан (рўйхат рақами 1024, 06.04.2001 й.) биологик фаол қўшимчалари (БАД) рекламасига қўйилган талабларда:
унинг даволаш учун комплекс муолажани талаб қиладиган касалликларни тузатиши ёки уни олдини олиши қайд этилмаслиги, реклама қилинаётган ушбу маҳсулотлар истеъмолчининг тасаввурида дори воситаси эканлиги ва у даволаш хусусиятига эга эканлиги сингдирилмаслиги керак.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги “NOVITAM LIFE” биологик фаол қўшимчалар (БАД) рекламаси амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид равишда жойлаштирилганини маълум қилади:
биринчидан, ушбу биологик фаол қўшимчаси истеъмолчининг тасаввурида дори воситаси эканлиги ва у даволаш хусусиятига эга эканлиги сингдирилмоқда, ваҳоланки бундай касалликларга фақатгина шифокор кўриги ва тегишли таҳлиллар ёрдамида дори воситалари билан қарши курашиш мумкин. Шу муносабат билан, реклама берувчи ва тарқатувчилар томонидан амалдаги реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига тўлиқ амал қилмаётганликлари маълум бўлмоқда.
иккинчидан, рекламада қўлланилган “коронавирусни даволаш ва унинг олдини олишдаги самарали восита, ионлаштирилганлиги сабаб ҳужайрага осон ва қулай кириб, танага тарқалади ва даволайди. Шунинг учун экстрактни қабул қилсангиз тез кун ичида коронавирус дардидан фориғ бўласиз” ибораси умуман (илмий, амалий) асосланмаган, яъни нотўғри реклама ҳисобланади.
Бугунги кунда, Агентлик томонидан реклама қилинган мазкур маҳсулотнинг хусусиятларини ҳақиқатга мослиги юзасидан ўрганиб бериш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат киритилди.
Маълумот тариқасида: Агентлик томонидан амалга оширилган мониторинг натижаларида 130 дан ортиқ дори воситалари ва биологик фаол қўшимчлар рекламаларидаги қонунбузилишлар бартараф этилди.
Ҳурматли истеъмолчилар, ҳуқуқ ва манфаатларингиз бузилган тақдирда Агентликнинг 1159 ҳамда consumer.uz.сайтига мурожаатингизни қолдиришингиз мумкин.
9,409