ИСТЕЪМОЛЧИ ҲУҚУҚИ
Биз ўзимиз учун энг керакли нарсани таърифлашда “сув ва ҳаводек зарур”, деган жумлани қўллашга одатланиб қолганмиз. Бундан билинадики, инсоният учун энг кераги сув ва ҳаво. Ҳаво бор, бепул ва энг муҳими, юртимиз ҳавоси дардга малҳам бўлар даражада мусаффо. Аммо сув… Бугунги кунда ҳамон тоза ичимлик сувидан бебаҳра яшаётган инсонлар борлигига биз ҳам ишонмасдик. Токи, таҳририятга ушбу мактублар келгунга қадар… Ушбу мурожаатларнинг ўрганилиши юзасидан Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Наманган вилояти ҳудудий тузилмаси ходими Музаффар АСҚАРОВ изоҳ берди.
ЭКСПЕРТ: Музаффар АСҚАРОВ, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Наманган вилояти ҳудудий тузилмаси ходими
НЕГА ЭНДИ ТАЪМИРЛАШ ИШЛАРИНИ ҲАМ БИЗ ЎЗ ЗИММАМИЗГА ОЛИШИМИЗ КЕРАК?
“Сариосиё туманининг Дийдор маҳалласида истиқомат қиламан. Сув насоси бузилганлиги сабабли биз яшаётган ҳудудда ичимлик суви умуман йўқ. Насосни тузатиш эса ҳеч кимнинг хаёлига ҳам келмаяпти. Бу масала бўйича ичимлик суви таъминотига кўп маротаба мурожаат қилдим. Аммо натижа бўлмади. Сув масаласини ўзингиз ҳал қилинглар, дейишди… Биз тўловларни ўз вақтида амалга оширганмиз. Нега энди таъмирлаш ишларини ҳам биз ўз зиммамизга олишимиз керак? Ўзимиз таъмирлаб, тузатадиган бўлсак, сув таъминотида ишлайдиганлар нима иш қилишади? Бунга чора кўришингиз ва ушбу масала бўйича амалий ёрдам беришингизни сўрайман.
А. Раджапов, Сурхондарё вилояти Сариосиё тумани
—Сув масаласи бўйича Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига етиб келган ушбу мурожаат агентликнинг Сурхондарё вилояти ҳудудий тузилмаси ҳамда “Сурхондарё сув таъминоти” МЧЖнинг Сариосиё туман бўлими билан биргаликда ўрганиб чиқилди. Жойида ўтказилган ўрганишлардан маълум бўлишича, ўша кунларда об-ҳавода кузатилган кескин ўзгаришлар оқибатида электр таъминотида тез-тез узилишлар содир бўлган. Натижада ҳудудни тоза ичимлик суви билан таъминлаб берувчи сув насоси ишламай қолган. Юзага келган ҳолат бартараф этилиб, ишдан чиққан сув насосини вақтинчалик бошқа насосга алмаштириш ишлари эса бироз кечиккан. Шундай бўлса-да, мутахассислар қараб туришгани йўқ, ушбу масалага тезкорлик билан чора кўришга киришишди. Қисқа фурсатда насос таъмирланди ва нафақат истеъмолчи хонадони, балки ҳудуддаги бошқа хонадонларда ҳам ичимлик суви таъминоти қайта йўлга қўйилди.
ИЧИМЛИК СУВИНИ АРИҚДАН ОЛИБ ИЧАЁТГАНЛАР МАСАЛАСИ…
Мен Наманган вилояти Қумтўғон МФЙда яшайман. Биз яшаётган ҳудудда 1998 йилдан буён тоза ичимлик суви йўқ. Ишонасизми, биз ҳамон ариқдан сув олиб, ўша сувни тинитиб қўйиб ичамиз. Биз-ку шу ҳаётга кўникдик, лекин энди бизни фарзандларимиз, набираларимиз ҳам ариқ сувини ичиб ўсишадими? Илтимос, бизга амалий ёрдам беринг. 28 йилдан бери шу ҳаёт. Бормаган идорамиз қолмади, айтмаган ташкилотимиз. Муаммомизга ҳеч бир ташкилот амалий ёрдам бермаяпти.
Қ. Мелиев, Наманган вилояти Учқўрғон тумани
—Агентликнинг Наманган вилояти ҳудудий тузилмаси “Наманган вилоят сув таъминоти” МЧЖнинг Учқўрғон туман филиали мутахассислари билан ҳамкорликда шикоят ўрганиб чиқилди. Ҳақиқатан ҳам Қумтўғон маҳалласининг айрим кўчалари, шу жумладан, мурожаатчининг манзилида ҳам ичимлик суви тармоғи тортилмаганлиги маълум бўлди. Муаммони ҳал қилиш бўйича зудлик билан ишлар бошланди. Учқўрғон туман ҳокимлиги томонидан 76 мм диаметрли 100 метр, 50 мм диаметрли 100 метр қувурлар учун маблағ ажратилди. Амалий ишлар бошланган, яхши янгилигимиз ушбу ҳудудда ичимлик сув тармоғини тортиш учун қазиш ишлари якунига етай, деб қолди. Яқин кунларда мурожаатчи яшаётган ҳудудга ҳам тоза ичимлик суви етиб боради.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг жавобини олгач, Намангандаги мухбиримиз Умида Қўшоқова ҳолатни ўрганиш учун ариза тушган ҳудуддга борди ва шу ерлик аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди.
—Ёзда-ку бир нави эплаймиз, лекин қиш-қировли кунларда шу сув билан боғлиқ муаммойимиз бироз бизга ноқулайлик туғдиряпти. Нега десангиз, қиш кунлари биз кўчамиз бошидан оқиб ўтадиган ариқдан сув олиб ичамиз, — дейди Қаҳрамон Мелиев. — Бу ҳам баъзида қуриб қолади ва биз катта каналга боришимизга тўғри келади. Ўзи бу сув ҳам каналдан келади, бироқ босим пасайса ариққа сув чиқмайди. Каналга бориш эса музлама ва ёғингарчиликда бироз хавфли. Бу масала бўйича бир неча бор мурожаат қилдик. Ўтган сафар Учқўрғон сув таъминотидан ходимлар келиб қўл қўйиб беринг, розимиз деб дейишди. — Нимага десам, 2021 йил дастурга кирган. Ўша йили қилиб берамиз, йил тугашига ҳам оз қолди-ку отахон, аризангизни розилигингиз билан ёпишимиз керак деб қолишди. Ҳа, майли дедим. Бизга шу сув масаласи ҳал бўлса бўлгани. Икки маҳалла нарида водопровод бор, бизни маҳаллада йўқ, ўша пайтларда қолиб кетган экан. Ҳа, деганда у маҳаллага сувга боргани ҳам хижолат бўласан одам.
Мухбиримиз мазкур ҳолат ва аҳолининг муаммосига ечим топиш мақсадида Учқўрғон туман ҳокимлигида бўлди. У ерда туман ҳокимининг ўринбосари Козимжон Акрамов билан суҳбатлашди.
Мутасадди аҳолига тоза ичимлик суви тортилган, фақат шу 13 кўчадаги 12 та хонадонга тармоқ тортилмагани, амалий ечим ва кўмак бериш мақсадида декбарь ойининг охирига қадар маҳаллага 200 метр полиэтелин қувур тортилиши “Наманаган сув таъминоти” МЧЖ Учқўрғон туман бўлими томонидан амалга оширилиши, бироқ бунда аҳоли вакиллари ҳам кавлаш ишларида ҳашарга кўмаклашишлари кераклигини билдирди.
Ушбу мурожаат таҳририятга келиб тушган куннинг ўзидаёқ масъулларга бириктирилган эди. Орадан бир ой ўтди ва юқорида айтилган, бажарилиши ваъда қилинган ишлар қанчалик амалда ўз ифодасини топганига қизиқиб, мурожаатчи билан боғландик. Қ. Мелиевнинг айтишича, бугун аҳоли учун кран ўрнатилиб, тоза ичимлик суви билан 100 фоиз таъминланган. Масъулларнинг мурожаатга бўлган тезкор реакциясига тасанно демасдан иложимиз йўқ!
ДАРВОҚЕ…
Хабарингиз бор, газетанинг олдинги сонларида ҳам наманганлик мухбиримиз Умида Қўшоқованинг ушбу тумандаги йўллар тўғрисидаги “Нурли кўчанинг, нурсиз йўллари” сарлавҳали мақоласи чоп этилган эди. Унда ҳам аҳолининг носоз йўлдан азият чекиб йўллаган аризаси ўрганилган. Шу куни туман ҳокими берган маълумотда тез кунларда мазкур кўча ҳам бошланишига шағаллаштириб турилишига келишилган.
МУШТАРИЙЛАРГА МУРОЖААТ
Агар савдо ва хизмат кўрсатувчилар ҳуқуқларингизни қонунга хилоф равишда поймол этишса, республиканинг қайси ҳудудида бўлишингиздан қатъи назар, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва “Даракчи” нашри ҳамкорлигида ташкил этилган “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳаси сизга ёрдамга келади. Бунинг учун сиз ҳафтанинг ҳар сешанба куни соат 10:00 дан 16:00 гача газетанинг (+998 95) 194-64-16 ва ҳафтанинг иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача Агентликнинг 1159 қисқа рақамли ишонч телефонига қўнғироқ қилишингиз мумкин. Фақат мурожаат қолдиришдан олдин “Истеъмолчи ҳуқуқи” лойиҳасига дейишни унутманг.
Моҳинур РУСТАМОВА тайёрлади
6,532