Ҳар истеъмолчи бозорлардан, савдор дўконларидан сабзавот, мевалар, ёрма, ун, макарон ва қандолат маҳсулотларини сотиб олади. Сотувчи уни тарозида тортиб беради, баъзиларини эса харидорга қулай ҳолда вазни кўрсатилиб, қадоқланган ҳолда тақдим этилади. Мавжуд тартиб-қоидаларга кўра, савдо шохобчаларида қадоқланган товар ўрамига этикетка ёпиштирилади, унда унинг номи, тайёрловчи корхонанинг ёки тайёрловчи мамлакатнинг номи, нархи, тайёрланган санаси, яроқлилик муддати, қадоқланган санаси, қадоқловчининг тартиб рақами ёки фамилияси кўрсатилади. Маҳсулотларда бундай маълумотларнинг йўқлиги савдо қоидаларига зид ҳисобланади. Харид қилинган маҳсулот тўғрисидаги маълумотнинг бўлмаслиги истеъмолчини ўлчов тарозининг тўғрилиги ва сотувчининг ҳалоллигига шубҳа туғдиришига олиб келиши табиий.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 8-моддасига мувофиқ, истеъмолчи сотиб олинган товар (иш, хизмат) сифатини, бутлигини, вазни ва нархини текшириш ҳуқуқига эгалиги, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) эса, назорат-ўлчов асбобларини, нархга доир ҳужжатларни тақдим этиши, товарни ишлатиб кўрсатиши, ундан хавфсиз ва тўғри фойдаланишни ўргатиши, зарурат бўлса, товарни экспертизага юбориши шартлиги белгиланган. Бу қонун ўз ўрнида истеъмолчига маҳсулоти вазнини текшириш имкониятини яратади.
Шу мақсадда, Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 13 февралдаги
75-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларида 3 ва ундан кўп иш ўринли озиқ-овқат дўконларининг савдо залларида назорат тарозилари ўрнатилиши кераклиги ҳамда майдони 1500 кв.м ва ундан ортиқ бўлган савдо залларида эса аҳоли учун қулай бўлган жойларда назорат тарозилари икки жойда ўрнатилиши белгиланган. Ҳар бир истеъмолчи ўзи харид қилган маҳсулотини мазкур назорат ўлчов тарозида тортиб, текшириб олиши мумкин.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 28 августдаги “Бозорлар ва савдо комплекслари фаолиятини тартибга солишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 253-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси бозорларида савдо фаолиятини ташкил этиш қоидалари ва Ўзбекистон Республикасида савдо комплекслари фаолиятини ташкил этиш қоидаларига мувофиқ бозорлар ва савдо комплекслари ҳудудида харидорлар учун қулай бўлган жойларда назорат ўлчови тарозилари бўлиши лозимлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан юқорида қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларидан келиб чиқиб, истеъмолчиларнинг қонун билан белгиланган ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш ва уларнинг ишончли хариди учун қулайлик яратишга катта эътибор қаратилган. Жумладан, ҳудудларда жойлашган чакана савдо билан шуғулланувчи барча озиқ-овқат бозорлари ва савдо комплексларида “Ўзстандарт” агентлиги органларининг текшириш тўғрисидаги кўзга яққол ташланадиган ишонч тамғасига ёки гувоҳномасига эга бўлган назорат ўлчов тарозиларини ўрнатилганлиги юзасидан Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ҳудудий бошқармаларига тегишли топшириқлар берилди.
Бу ўз навбатида ҳар бир истеъмолчи ўзи харид қилган маҳсулотини назорат ўлчов тарозида тортиб кўриш имкониятини яратади.
5,777