Хорижий давлатлар тажрибасида “Назорат хариди” деган тушунча бор. Бу жамоатчилик назоратининг ўта самарали шакли, дея баҳоланади. Яъни, савдо расталарида сотилаётган маҳсулотлар харид қилиниб, лабораторияларда экспертизадан ўтказилади. Сифати талабга жавоб бермайдиган, давлат стандартларига мос бўлмаган маҳсулот ҳамда уни ишлаб чиқариш (сотиш) билан шуғулланувчилар ҳақидаги маълумотлар оммавий ахборот воситаларида эълон қилинади.
Бунда ишлаб чиқарувчилар ёки сотувчиларга ҳеч қандай молиявий ва ҳуқуқий санкциялар қўлланилмайди. Савдо масканларидан оддий харидор сифатида харид қилинган маҳсулотлар сифати ҳақида аҳолига маълум қилинади, холос. Қолгани харидор ва истеъмолчиларнинг ҳукмига ҳавола.
АГЕНТЛИК ВАЗИФАЛАРИ
Президентимизнинг 2019 йил 11 сентябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 19 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, агентлик зиммасига чакана савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида товарлар ва хизматларнинг назорат харидини ўтказиш, уларни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мослиги жиҳатидан экспертизадан ўтказилишини ташкил қилиш вазифалари юклатилди.
Бундан ташқари, ташкилотимизнинг чакана савдо шахобчаларида халқ истеъмоли товарлари назорат харидини амалга ошириш ва товар (иш, хизмат)ларни экспертизадан ёки лаборатория синовларидан ўтказиш, шу жумладан, импорт ва маҳаллий озиқ-овқат маҳсулотлари таркибида саноат трансёғлари, жумладан техник пальма ёғи бўлмаслиги устидан назорат ўрнатиш вазифаси ҳам белгиланган.
МАҲСУЛОТ ТАРКИБИ ВА ТЕХНИК ҲУЖЖАТЛАРИ БИЛАН ҚИЗИҚИНГ!
Халқимизда нон азиз маҳсулот сифатида қадрланади. Дастурхонимизнинг кўрки — нон. Меҳмонга борганда ҳам бир жуфт нон кўтариб бориш анъанаси бор. Аҳоли энг кўп ва севиб истеъмол қиладиган маҳсулот ҳам айнан шу. Аммо гуруч курмаксиз бўлмаганидек, дўкон расталарини безаб турган турли шаклдаги нонларнинг барчаси ҳам сифат жиҳатдан юқори бўлавермайди. Баъзиларининг ичи яхши пишмай, баъзиларининг муддати ўтиб қолади.
Агентлик томонидан “Ўзстандарт” агентлиги ва Санитария-эпидемиология хизмати билан ҳамкорликда 27 савдо шахобчасида қолипли нон сифатини ўрганиш бўйича тадбирлар амалга оширилди. Шундан 2 та ҳолатда маҳсулотнинг хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича талабларга жавоб бермаслиги аниқланди.
Меҳмондўст халқимизнинг дастурхонини нафақат нон маҳсулотлари, балки шириндан шакар пишириқлар ҳам безаб туради. Айниқса, улар болажонларнинг жону дили десак хато бўлмайди. Аммо биз фарзандларимиз учун тайёрлаб, тортиқ этадиган ширинликлар таркибидаги шакарнинг сифати ҳақида кўп ҳам ўйлаб кўравермаймиз. Текширувлар жараёнида 8 та савдо дўконидаги шакар маҳсулотида (2 та маҳаллий ва 6 та хорижий) норматив-техник ҳужжатлар бўйича камчиликлар борлиги аниқланди.
СЎЗ БОШҚА, АМАЛ БОШҚА(МИ)?
Биламиз, тадбиркор халқи таваккал билан иш кўради. Баъзида кутилганидан ортиқ фойда олиб, ишлари юришса, баъзида камомад ҳам кўзга ташланади. Хомашё нархининг ошиб кетиши у ишлаб чиқараётган маҳсулот таннархига таъсир қилади, албатта. Лекин бу харидорни алдаш керак, дегани эмас.
Рейдлар жараёнида айрим маҳсулотларнинг таркиби ва сифати унинг қадоғида ёзилган жимжимадор сўзларга мувофиқ эмаслиги аниқланди. 6 та савдо белгиси остидаги консерваланган сут маҳсулотлари (3 та маҳаллий, 3 та хорижий) синови натижаларига асосан, миллий ишлаб чиқарувчиларнинг 3 та турдаги маҳсулоти таркибида ўсимлик ёғи мавжудлиги аниқланди. Энг қизиғи, қадоқда ўсимлик ёғи умуман кўрсатилмаган. Яна бир ҳолат ҳам мутахассисларни ажаблантирди: “Белмолпродукт” ОАЖ (Россия) маҳсулотида табиий сут миқдори белгиланган меъёрдан анча паст экан.
Бу каби ҳолат бошқа кузатувларда ҳам қайд этилди. Хусусан, иккита маҳсулот намунаси (“N`Medov “Киевское масло 82 фоиз”, “FINLAND BUTTER” ХК, Ўзбекистон)да техник регламент талабларига зид равишда ўсимлик асосдаги мойлар ва ёғлар аниқланган. “FINLAND BUTTER” ХКни олсак, техник регламентнинг 51 банди бузилган, яъни маҳсулот қадоғида “сариёғ” атамаси келтирилган. Ҳолбуки, мой ва қаймоқли-ўсимлик асосдаги маҳсулотларни маркировкалашда истеъмолчини чалғитиб, “сариёғ” атамасидан фойдаланиш тақиқланади.
Кўпчилик гўшт ва гўшт маҳсулотларини севиб истеъмол қилади. Айниқса, турли оилавий йиғинлар ва байрамларни уларсиз тасаввур қила олмаймиз. Расталарни тўлдириб, кўзни яшнатиб турган колбаса ва консерваланган гўшт маҳсулотлари таркиби-чи? Улар талабга қанчалик мос?
Айтиш керакки, бир неча колбаса маҳсулотидан намуна олиб текширилганида 4 таси умумий техник регламентга номувофиқ деб топилди. Яъни маҳсулотда оқсил умумий ҳиссаси 12 фоиздан кам бўлмаслиги белгиланганига қарамай, уларда бу кўрсаткич ундан ҳам паст даражада қайд этилган. Бу, ўз навбатида, колбаса маҳсулотида гўшт миқдорининг камайтирилганидан далолат беради.
6 та савдо номидаги консерваланган гўшт маҳсулоти (4 та маҳаллий ва 2 та хорижий) учта намунадаги техник регламент талабига тўлиқ жавоб бериши маълум бўлди. Бошқа намуналарда эса гўшт, ёғ, оқсил ва ош тузи ҳиссаси бўйича талабларга номувофиқ кўрсаткичларни қайд этишган.
Шунингдек, инсон организмини калций билан таъминлайдиган пишлоқ маҳсулотларининг сифати ҳам назоратдан ўтказилди. Аксарият пишлоқ намуналари таркибида ўсимлик ёғлари мавжудлиги аниқланди. Аслида техник регламент талабларига кўра, бунга йўл қўйилмайди. Айрим намуналарда ёғнинг умумий ҳиссаси меъёрдан ошиб кетган бўлса, айримларида намлик даражаси пастлиги аниқланди. Айтайлик, 10 намунадаги пишлоқ маҳсулоти текширувдан ўтказилган бўлса, уларнинг 9 таси регламентнинг қайсидир талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлди.
НАЗОРАТ ХАРИДИ ТИЗИМЛИ РАВИШДА ДАВОМ ЭТАДИ
Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 1 январдан бошлаб Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги “Ўзстандарт” билан биргаликда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари миллий стандарт ва меъёрларга мувофиқлиги ҳамда маҳсулот ўрамидаги маълумотларнинг тўғрилигини холис ўрганувчи “Сифат назорати” телевизион кўрсатуви намойиши йўлга қўйилади.
Кейинги йилдан “Озиқ-овқат маҳсулотлари сифат ҳафталиги” тадбири Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўзстандарт” агентлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар йили ноябрь ойида мунтазам равишда ўтказилади.
Экспертиза натижалари тўғрисидаги маълумотлар агентликнинг www.соnsumer.gov.uz расмий сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилиб борилади.
Албатта, бу каби жамоатчилик текширувлари орқали айрим тадбиркорлар зарар кўриши, сифатсиз маҳсулотини ўтказа олмай қийналиши, юриб турган бизнесининг илдизига болта урилиши мумкин. Аммо бу табиий ва тўғри қабул қилиш керак бўлган жараён. Қайсидир сифатсиз маҳсулотни сотаётган тадбиркорга тўсқинлик қилмаслик учун аҳоли саломатлигини хатарга қўйиб бўлмайди.
Бу аслида барча эътибор тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантиришга қаратилган бир пайтда уларнинг фаолиятига аралашишдек туюлмаслиги керак. Чунки бозорнинг ягона шарти — аҳолига хавфсиз ва сифатли маҳсулот етказиб бериш. Бу талаб бугун бутун дунёда амал қилади ва ҳеч қандай баҳона сифатсиз маҳсулот чиқариш учун асос бўла олмайди.
Элмурод ҲАЙИТМЕТОВ,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори
4,942