Пандемия шароитида истеъмолчиларга яна ҳам яхши хизмат кўрсатиш ўрнига маҳсулотлар нархини қимматлаётган сотувчилар афсуски, учраб турибди. Косонсой туманидаги дўконлардан биридан икки қоп маҳаллий ун сотиб олган Ф.Т. уннинг бунчалик қимматлигидан хайрон бўлди. Уйга қайтаётиб йўлдаги дўконлардан нархини сўраганида улар бир хилда эканлиги, хотиржам ҳисоблаб чиққанида 110 000 сўм қиммат пул тўлаганини билди.
!!! МАЪЛУМКИ, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида 2020 йил 15 апрелЬ куни ўтказилган йиғилиш баёнига асосан, маҳаллий ҳокимликлар томонидан тузилган рўйхат асосида маҳаллий унни аҳолига етказувчи савдо корхоналарига, унни қайта ишловчи қолипли нон ва макарон ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда ижтимоий соҳа муассасаларига тўғридан-тўғри шартномалар асосида етказиб бериш бўйича вақтинчалик тартиб ўрнатилган.
Бунда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари – коронавирус пандемияси шароитида юзага келган вазиятни инобатга олиб, давлат ресурслари ҳисобидан вақтинчалик тартиб асосида ун маҳсулотини биржа савдоларисиз тўғридан-тўғри дон корхоналаридан туман ва шаҳарлардаги истеъмолчиларга етказиб берилишини таъминлаш ҳамда санитария қоидаларига риоя этган ҳолда уюшган савдосини ташкил этишга шахсан масъул ҳисобланиши белгиланган.
Истеъмолчи Ф.Т. Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига “Call center” орқали мурожаат қилди. Агентликнинг Наманган вилояти ҳудудий тузилмаси ходимлари тадбиркорга тушунтириш берилди. Истеъмолчига сотилган ун маҳсулоти бўйича ортиқча тўлаган 110 000 сўм маблағи тадбиркор томонидан қайтариб берилди ва уни келгусида бундай холатларга йўл қўймаслик юзасидан огоҳлантирилди.
9,684