Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистонда “фармацевтика маҳсулотларининг сирли харидори” институти жорий этилади ҳамда мазкур тадбирларни ташкил этиш Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда амалга оширилади.
Қуйида халқаро амалиётда кенг фойдаланиб келинаётган “сирли харидор”, “махфий мижоз” тушунчаси ва уни қўллаш амалиётининг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида маълумот келтириб ўтамиз.
Махфий мижоз
Инглиз тилидаги mystery shopper, secret shopper, linkonet сўзларининг ўзбек тилидаги маъноси “махфий мижоз” бўлиб, бу тадқиқот усулидир. У мижознинг маҳсулот ёки хизматни сотиб олиш жараёнида олган истеъмол тажрибасини баҳолашга йўналтирилган маркетинг тадқиқотининг бир қисми сифатида фойдаланилади, шунингдек, ташкилий масалаларни ҳал этиш, масалан, ташкилот ходимлари томонидан мижозларга хизмат кўрсатиш стандартларига мувофиқлик даражасини ўлчашда қўлланилади.
Маълумот тўплаш учун потенциал/ҳақиқий мижозлар ниқоби остида текширувлар ўтказадиган ва текширувлар натижаларини батафсил баён этадиган махсус тайёрланган одамлар (махфий мижозлар) хизматидан фойдаланилади. Тадқиқот мақсадлари махфий мижозларга бўлган талаблар даражасига таъсир кўрсатади. Кўпгина ҳолларда, “махфий мижоз” тадқиқотида иштирок этадиган бу одамлар учун ушбу тадбир ягона даромад манбаи бўлмаслиги керак.
Махфий мижоз ким?
Сиз бир неча бор суҳбат давомида менежернинг сотув техникаси тўғрисидаги катта гапларига гувоҳ бўласиз, аслида эса унинг бу гаплари газли сув сотадиган кичик дўкон учун ҳам тўғри келмаслиги аён бўлади. Савдо ҳақида кўп нарсаларни биладиган менежер — жуда зўр! Aммо унинг муваффақиятини ушбу билимларни амалда қўллай билиши белгилайди. Сотувчи амалда билимларни қай даражада ишлата билаётганини тушуниш учун “махфий мижоз” технологияси қўлланилади.
Махфий мижоз — бу менежернинг савдо ва хизмат кўникмаларидан фойдаланишини баҳолаш вазифаси юклатилган одам.
Махфий мижоз усули бўйича кўникмаларни текшириш технологияси ўқув ва синов тизимига киритилганида самарали бўлади. Масалан, сиз ишонч телефонига жавоб берадиган сотувлар бўйича менежерларни ёлламоқдасиз, уларни тайёрлайсиз, синовдан ўтказасиз ва компанияга амалиёт ўташ учун юборасиз. Махфий мижоз эса улар юборилган ташкилотга қўнғироқ қилади, олдиндан тайёрланган саволларни беради ва менежерни мезонларга мувофиқ баҳолайди. Шундай қилиб, менежер қай даражада билимни ўзлаштиргани ва ишлашга тайёрлиги ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлинади.
Қандай қилиб махфий мижоз бўлиш мумкин?
Ҳар ким махфий мижоз сифатида ишлаши мумкин, барчаси буюртмачининг талаблари ва иш ҳажмига боғлиқ. Мисол учун, агар сиз аёллар косметикаси дўконларига ташриф буюришингиз керак бўлса, унда талабчан эркак киши жуда шубҳали кўринади. Aгар сиз, масалан, ноутбукни таъмирлаш бўйича хизмат кўрсатиш марказини текширишингиз керак бўлса, ушбу соҳадаги мутахассислар энг яхши номзод бўлишади ва бундай иш учун кўпроқ ҳақ тўланади. Бундан ташқари, юқорида айтиб ўтилган кўникмаларга эга бўлиш керак.
Махфий мижоз сифатида ишлашни барқарор деб бўлмайди. Бу вақтнинг сарфланиши билан боғлиқ (текширилаётган ходим бошқа мижоз билан банд бўлиши мумкин, демак махфий мижоз у ишлаётган жойга яна ташриф буюриши керак), шунингдек, даромаднинг беқарорлиги (баъзида махфий мижоз буюртмани бир неча ҳафта кутиши керак бўлади). Шунинг учун, бундай иш мослашувчан меҳнат жадвалига эга ва қўшимча даромадга муҳтож бўлганлар учун кўпроқ мос келади.
5,925