Ўзбекистонда ҳар йили 15 февралдан 15 мартга қадар «Контрафактсиз ой» ойлиги ўтказилади. Бундан кўзланган мақсад мамлакатимизда контрафакт маҳсулотлар реализациясига қарши самарали курашишдир.
Контрафакт маҳсулотларнинг айланмасига қарши курашиш чора-тадбирларини ўтказиш қуйидаги мутасадди ташкилотларга юклатилган:
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти “яширин иқтисодиёт”ни шакллантириш фактларини аниқлайди, яширин тармоқлар фаолияти ва қалбаки маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилишининг олдини олади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси контрабанда ва контрафакт маҳсулотлар, шу жумладан, параллел импортга қарши курашиш ваколатига эга.
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси савдо шохобчаларида қалбаки, қалбакилаштирилган ва ноқонуний олиб кирилган товарларнинг сотилишининг олдини олиш бўйича чоралар кўришга масъул.
Aдлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза қилишни таъминлаш, муаллифлар ва бошқа ҳуқуқ эгаларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўради.
Шуни таъкидлаш лозимки, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси Монополияга қарши курашиш қўмитаси, “Ўзстандарт” агентлиги, Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатасига контрафакт маҳсулотларнинг айланмасини тўхтатиш дастурларини ишлаб чиқиш вазифасини юклайди.
Қонунбузарлар қалбаки маҳсулот билан асл маҳсулот нусҳалари ўртасидаги фарқни сезмайдиган харидорлар ҳаёлида асл маҳсулотнинг онг ости тасаввурини яратади ва уларни йўлдан оздирадилар.
Кўпинча, сохта маҳсулотларнинг арзонроқ нархи ўзига жалб этади. Истеъмолчиларнинг ахборот хабардорлигини ошириш, шунингдек, сохта маҳсулотларнинг тарқалишининг олдини олиш мақсадида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги сохта маҳсулотлар аниқланганлиги тўғрисидаги материалларни ёритиб боради ва улар бошқа оммавий ахборот воситаларида ҳам кенг тарқалиб боради.
Ишлаб чиқарувчилар диққатига!
Aгар ишлаб чиқарувчи ўз маҳсулотининг қалбаки турини мамлакатимиз ички бозорида сотилишини аниқласа, фактларни тақдим этган ҳолда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига хабар бериши керак. Шуни эсда тутиш лозимки, истеъмолчилар бозорида сифатсиз контрафакт маҳсулотларнинг тарқалишининг олдини олишга фақат биргаликда эришиш мумкин.
Агентликнинг 71-207-46-00 рақамига қўнғироқ қилишингиз ёки consumer.uz электрон манзилида шикоятингизни қолдиришингиз мумкин.
4,231