Мамлакатамиз ҳукумати томонидан аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги ва хавфсизлигини таъминлаш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.2020 йил 18 март куни ОАВда вирусга чалинишнинг дастлабки ҳолати тўғрисида баёнот берилгандан сўнг таълим тизими барча бўғинлари иш хақи сақлаб қолинган ҳолда навбатдан ташқари меҳнат таътилига юборилди. Таълим беришнинг миллий тизими тўла-тўкис онлайн таълим беришга ўтди.
Масофадан туриб таълим олиш барча давлат ва нодавлат таълим муассасаларида мажбурий тартибда ташкил этилди. Таъкидлаш жоизки, асосий қисми мамлакат пойтахтига тўғри келадиган, мактабгача таълим, хусусий мактаб, гимназия, лицей каби нодавлат таълим муассасалари сектори жуда кенг ва турли хил. Албатта, бу борада кўпчилик ота-оналарни карантин даврида онлайн-таълим учун ойлик тўловлар тўғрисидаги саволлар қийнаши табиий. Чунки масофавий хизматларни тақдим этишда, хусусий таълим муассасаларида ўқувчилар овқатланиши, транспорт ва болалар билан индивидуал ишлаши билан боғлиқ харажатлари шаклланмайди.
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига ота-оналар номидан нодавлат таълим муассасаларининг онлайн-таълим тўловидан норозилиги акс этган мурожаатлар келиб тушмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб, ушбу саволлар бўйича қўшимча маълумот тақдим этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Агентлик томонидан истеъмолчига эслатма ишлаб чиқилди.
ИСТЕЪМОЛЧИГА ЭСЛАТМА! НОДАВЛАТ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИДА ОНЛАЙН-ТАЪЛИМ УЧУН ТЎЛОВ
Ўзбекистон Республикаси таълим тизими давлат таълим стандартларига мувофиқ таълим дастурларини амалга оширувчи, давлат ва нодавлат таълим муассасаларидан ташкил топган.Ўзбекистон Республикаси “Таълим тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддасига мувофиқ, таълим соҳасидаги давлат бошқаруви органларинодавлат таълим муассасаларида таълим тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси ташкил этилди вақуйидагилар унингасосий вазифалари этиб белгилаб берилди:
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш комиссиясининг ишчи органи сифатида нодавлат таълим ташкилотларига лицензиялар бериш;
идоравий мансублиги ва ташкилий ҳуқуқий шаклларидан қатъи назар давлат таълим муассасалари ва нодавлат таълим ташкилотларини аттестация ва давлат аккредитациясидан ўтказиш.
Шунингдек, Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида низомнинг (Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27-мартдаги 241-сонли қарори билан тасдиқланган) 23-бандига кўра, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, таълим тизими бошқаруви ва ваколатли органлар лицензия шартлари ва талабларига лицензиат томонидан риоя этилишини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда назорат қилиши кўрсатилган.
Шундай қилиб, юқоридаги қонун ҳужжатларга мувофиқ, давлат таълим стандартларига риоя этиш талаблари барча таълим муассасалари, шу жумладан нодавлат таълим муассасалари учун ҳам амал қилади. Шунингдек, ушбу меъёрларни ҳамда таълим хизматларини кўрсатишда лицензия талаблари устидан назорат қилишга ваколатли орган ҳам белгиланган.
НОДАВЛАТ ТАЪЛИМ МУАССАСАЛАРИ – ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТИ СИФАТИДА
Ўзбекистон Республикаси “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида” Қонунига мувофиқ:
тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўз товарларини (ишларини, хизматларини), ишлаб чиқариш чиқиндиларини бозор конъюнктурасидан келиб чиқиб, мустақил равишда белгиланадиган нархлар ва тарифлар бўйича ёки шартнома асосида реализация қилиш ҳуқуқига эга, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно (8-модда);
тадбиркорлик фаолияти субъектлари ўзлари тузган шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажариши ва рақобат тўғрисидаги ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этиши (9-модда) зарур.
Давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас (34-модда).
Агар давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари тадбиркорлик фаолияти субъектларининг фаолиятида қонун ҳужжатлари бузилганлигини аниқласа, улар ўз ваколатлари доирасида ва муайян қоидабузарликни бартараф этиш билан бевосита боғлиқ чора-тадбирларни кўриши мумкин. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари қоидабузарлик мавжудлиги фактидан тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ўзга қонуний фаолиятига аралашиш ёки бундай фаолиятни чеклаш учун асос сифатида фойдаланиши мумкин эмас.
ШАРТНОМА – ТОМОНЛАРНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ КАФОЛАТИ
Одатда нодавлат таълим муассасаси ва истеъмолчи ўртасида барча шартлар, томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари келишилган битим тузилади. Таълим хизматларини кўрсатиш бўйича шартнома муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 703-708 моддалари билан тартибга солинади, шартномага кўра хизматларга ҳақ тўлаш талабларига мувофиқ, буюртмачи ўзига кўрсатилган хизматлар ҳақини ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш шартномасида кўрсатилган муддатларда ва тартибда тўлаши шарт.
Юқоридаги меъёрлардан келиб чиқиб, хусусий тартибда лицензия асосида фаолият юритувчи таълим хизматларини тақдим этувчи ташкилотлар, истеъмолчи билан муносабатларини шартнома асосида ташкил этади ва ушбу шартнома муносабатларига давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслариаралашишга ҳақли эмас. Ўз навбатида нодавлат муассасалари кўринишидаги тадбиркорлик субъектлари шартномада кўрсатилган мажбуриятларга мувофиқ, уларга юклатилган мажбуриятларни бажаришга мажбур. Бунда шартнома бўйича хизмат ҳақи мустақил равишда белгиланади. Бироқ ҳар бир ташкилотда алоҳида харажатлар сметаси мавжуд бўлиб, унда таълим жараёни ва овқатланиш бўйича хизматларга харажатлар тавсифланган бўлади. Шундан келиб чиқиб, жорий вазиятда қўшимча битим тузилган ҳолда, қайта ҳисоб-китоб қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки бугунги кунда шартномада таълим олувчиларни овқатланиши билан боғлиқ хизматларни кўрсатиш бўйича мажбуриятларни бажариш имконсиз (ҳукумат томонидан қабул қилинган мажбурий чоралар). Бундан ташқари, бошқа мавжуд шартномаларга мос равишда, енгиб бўлмас куч (форс-мажор) ҳолатлари юзага келган ҳолларда, томонлар мажбуриятларни бажарилмаслиги учун жавобгарликдан озод этилади. Хусусан, ҳар бир шартномада форс-мажор ҳолатлари тавсифланган бўлимлар мавжуд бўлади.
!!!Агар таълим хизматларини кўрсатиш бўйича шартномада масофавий таълим олишда шартнома ҳақиқий бўлиши тўғрисидаги шарт кўрсатилмаган бўлса, ота-оналар таълим ҳақини камайтириш тўғрисида қўшимча келишув тузиш бўйича мурожаат этишга ҳақлидир. Таълим муассасаси бундай таклифни олгандан сўнг уни кўриб чиқиши ва белгиланган муддатда ўз қарорини ёзма равишда тақдим этиши лозим. Рад жавоби олинган тақдирда, ота-оналар тегишли ўзгаришларни киритиш учун судга мурожаат қилишлари мумкин.
Ўз навбатида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги таълим хизматларини кўрсатишда бузилган шартнома мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонунга мувофиқ, хусусан, унинг қуйидаги моддалари бузилган ҳолларда:
10-моддаси – товар (иш, хизмат)лар учун ҳақ тўлаш шакли ҳамда тартиби;
19- моддаси – ишни бажариш, хизмат кўрсатиш тўғрисидаги шартнома шартлари бузилган тақдирда истеъмолчининг ҳуқуқлари;
20-моддаси – товар (иш, хизмат)нинг нуқсонлари туфайли етказилган зарар учун мулкий жавобгарлик;
21-моддаси – шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган шартлари ҳақиқий эмаслиги ҳолатларида амалий ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдиради.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш лозимки, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
Нодавлат таълим муассасалари бўйича юқорида келтирилган қонун ҳужжатларининг бузилиш аломатлари аниқланган ҳоллардаИстеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ўз ваколатлари доирасида юзага келган муаммоларни, шу жумладан таълим хизматларини кўрсатиш соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилади.
Нигора Асланова,
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя
қилиш агентлигининг юридик бюроси
бош маслаҳатчиси
8,820