“Зебо” савдо мажмуасидаги 9-сонли савдо дўкони маиший электр техника жиҳозлари сотилишига ихтисослашган бўлиб, Жиззах шаҳрида жойлашган. Истеъмолчи З.Амиров ушбу дўкондан рўзғори учун “Бирюса” русумли музлатгични танлаб, уни харид қилди. Аммо музлатгич қисқа муддат ичида ўзининг “ҳунари”ни кўрсатди. Бу ҳақда дарҳол дўкон сотувчиси хабардор қилинди. Сервис хизматидан келган мутахассис унинг ишлаб чиқаришдаги нуқсони борлигини аниқлаб, хулоса ёзиб берди.
Ана шундан сўнг истеъмолчи қўлидаги мутахассис хулосаси билан дўкон сотувчисига яна мурожаат қилди. Шунга қарамай сотувчи масалани жойида ечиш ўрнига музлатгичдан нотўғри фойдалангансиз деб, харидорни ўзини айблашга тушди. Товарни фақат таъмирлатиш мумкин, деб туриб олди.
Аслида ҳар бир маиший техника жиҳози сотилганда унга кафолат муддати бўйича талони ҳам тақдим этилади.Лекин З.Амиров харид қилган товар истеъмолга яроқсиз бўлганлиги сабаб бундай хизматга яъни таъмирлатишга ҳеч бир эҳтиёжи бўлмаган…
Бундай оворагарчиликдан ҳеч қандай натижа чиқмаслигини билгач, истеъмолчи бу борада ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишини сўраб
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ишонч телефонига мурожаат қилди. Мурожаат мазкур қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлигига йўналтирилди. Агентлик томонидан мурожаатда келтирилган муаммолар ўрганилганда ҳақиқатан ҳам истеъмолчининг ҳақлиги маълум бўлди. 2 миллион 660 минг сўмга харид қилинган носоз музлатгич дўконга, унга тўланган пул эса эгасига қайтариб берилишига эришилди.
8,603