Кундалик турмушда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида истеъмолчилар муаммоларга учраб туради: маҳсулот истеъмолга яроқсиз чиқади, уни алмаштира олмайди, пули қайтарилмайди. Кўрсатилаётган хизматлар ҳам ўз вақтида кўнгилдагидек бўлмайди. Шу билан бир қаторда товар ва дори воситаларининг нархлари ҳам истеъмолчини қониқтирмайдиган ҳолатлар ҳам учрайди.
Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Жиззах вилояти ҳудудий тузилмаси томонидан “Мадад”-муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилотининг Жиззах вилояти бўлими ҳамкорликда ўтказилган тарғибот акциясида ана шулар ҳақида фикрлар билдирилди.
“Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш йўлида” мавзуига бағишланган мазкур тадбирда ННТнинг вилояти бўлими бошлиғи Р.Юнусов, Фармацевтикани ривожлантириш агентлиги Жиззах вилояти бўлими ходими Ё. Латипов ҳамда Агентликнинг Жиззах вилояти ҳудудий тузилма ходимлари И.Олтмишев, Т.Муродов ва И.Акмурадовлар томонидан аҳолига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ва соҳага доир меъёрий ҳужжатлар ҳақида тушунчалар бериб ўтилди.
7,654