Бу ҳақда мамлакатимизнинг Жанубий Кореядаги элчихонасининг савдо-иқтисодий масалалар бўйича маслаҳатчиси Алишер Абдусаломов ва Корея Республикаси истеъмолчилар агентлигининг халқаро ҳамкорлик гуруҳи раҳбари Ким Чон Хён ўртасида ўтказилган учрашувда маълум қилинди.
Тадбирда Корея Республикаси истеъмолчилар агентлиги томонидан таклиф этилаётган “Ўзбекистонда истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш” (“Improving and Specializing Consumer Affairs in Uzbekistan”) лойиҳаси хусусида фикр алмашилди.
Мазкур агентлик вакиллари Жанубий Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) билан ҳамкорликда Ўзбекистонда давлат бошқарув тизимини такомиллаштириш, жумладан истеъмолчилар сиёсати бўйича мутахассисларни тайёрлаш бўйича лойиҳани амалга ошириш устида иш олиб борилаётганлигини билдирди. Лойиҳа грант маблағлари ҳисобига амалга оширилади.
Жорий йилда грант доирасида Ўзбекистон Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фаолиятидаги истеъмолчиларга маслаҳатлар бериш, улар ўртасидаги низоларни ҳал қилиш стандартлари, зарурий ахборот ва маълумотлар билан таъминлаш каби йўналишларда мақсадли консалтинг ўтказиш режалаштирилган.
Мулоқотда 2013 йилдан буён Корея Республикаси истеъмолчилар агентлиги KOICA билан ҳамкорликда кадрлар алмашинуви бўйича турли дастурлар, жумладан, таклифнома асосида Ўзбекистонда мутасадди вазирлик ва идоралар ходимлари учун давлат бошқаруви бўйича ўқув дастурларини амалга ошириб келинаётганлиги қайд этилди.
Шунингдек, Корея Республикаси истеъмолчилар агентлиги вакиллари томонидан жорий йил июнь ойида жамоатчилик билан алоқаларга бағишланган онлайн-конференция ўтказилиб,унда Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида ўзаро англашув Меморандумини имзолаш режалаштирилмоқда.
Учрашув якунида томонлар таклиф этилган тадбирлар дастурларини ва режаларини аниқ шакллантириб олиш мақсадида Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги мутахассислари иштирокида онлайн-мулоқот ташкил этишга келишиб олинди.
6,598