Буюк Британия олимлари эса тадқиқотлар натижасида сутни ҳар куни истеъмол қилиш юрак-қон томир тизимини мустаҳкамлашини ва юрак хуружи ҳамда инсульт хавфини 37 фоизга камайтиришини аниқлаган.
Шукрки, мамлакатимиздаги бозор расталари сут ва сут маҳсулотлари билан кун сайин тўлмоқда. Харидорлар истаганича сотиб олиши, истеъмол қилиши мумкин. Бироқ сут маҳсулотларини узоқ вақт сақлаб бўлмайди, маълум муддатдан сўнг истеъмол қилинса инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатади. Бу эса, ўз навбатида, маҳсулотнинг сифати, яроқлилик муддатига эътибор беришни талаб қилади. Хўш, бугун бозор расталаридаги сут ва сут маҳсулотлари талабга жавоб берадими? Уларнинг яроқлилик муддатига қанчалик эътибор берилмоқда?
Нарх яроқлилик муддати билан ўлчанадими?
Фарғона шаҳридаги марказий деҳқон бозорининг савдо растасида харидорларни чорлаётган сотувчи маҳсулот нархини унинг яроқлилик муддати бор-йўқлиги билан белгилагани ажабланарли.
— «Rash milk» савдо белгиси бор маҳсулотлар бошқа тадбиркорлик субъектлариникига нисбатан қимматроқ, — дейди истеъмолчи Шоҳсанам Эшматова. — Сотувчидан бунинг сабабини сўрасам, «Чунки унда яроқлилик муддати бўлади, шу боис нисбатан қиммат» деб жавоб берди. Наҳотки, шундай бўлса?! Ахир, бу белги ҳамма маҳсулотларда бўлиши керак эмасми? Бироқ биз кузатган «Daza», «Ark milk» ва «Меҳрибону» МЧЖга қарашли қаймоқ, қатиқ, сметана, творог маҳсулотларининг ҳеч бирида ишлаб чиқарилган ва яроқлилик муддати қўйилган сана йўқ. Ўзим ҳам баъзан олган маҳсулотимни сотувчига қайтариб олиб борганимда, «бизга ҳам бугун олиб келишди, янги дейишганига олиб қолавердик», деган жавобни олганман. Ҳатто бошқасига алмаштириб беришларини сўраганимда, «бизнинг дўкондан эмас, бошқасидан олгандирсиз», деган ҳолатлар ҳам бўлган. Тили куйган қатиқни ҳам пуфлаб ичади, деганларидек, мен ҳам харид қилишдан олдин маҳсулотнинг яроқлилик муддатига қарайдиган бўлдим.
Афсуски, бугун савдо расталари, дўконларда муддати аллақачон ўтиб кетган ёки яроқлилик муддати қўйилмаган маҳсулотларнинг сотилаётганини кўриб, инсон саломатлиги тадбиркор учун қадрсиз экан- да, деган хаёлга боради, киши. Сотувчиларга савол берсангиз, «олмасангиз халал берманг», деган дашномини эшитасиз. Нима учун бундай маҳсулотлар савдода? Ё улар фаолияти назоратга олинмаганми?
Мувофиқлик сертификатини талаб қилинг!
— «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 4-моддасига асосан, истеъмолчи сифатида фуқаролар, товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқига эга, — дейди «Ўзстандарт» агентлиги ҳузуридаги «UzTest» маркази директор ўринбосари Музаффар Хайриддинов. — Шунга асосан, ҳар бир истеъмолчи ўзи харид қилаётган маҳсулотнинг сифат ва хавфсизлиги юзасидан ишлаб чиқарувчи ёки сотувчидан тўлиқ маълумот олишга ҳақли. Қолаверса, маҳсулотнинг сифатли бўлишини талаб қилиш ҳуқуқи бор. Бугунги кунда озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлигини назорат қилишга нафақат давлат назорат органлари, балки барча фуқаролар масъулдир. Яъни ҳар бир истеъмолчи ўзи харид қилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг мувофиқлик сертификатини талаб қилиши, озиқ-овқат маҳсулотларининг қадоқланган санасига, маҳсулотнинг амал қилиш муддатига эътибор қаратиши зарур.
Шу ўринда савол туғилади, бозорга борган харидор харидини қилсинми ё бўлмаса сертификат суриштирсинми? Қишнинг совуқ кунида тезроқ бозор қилиб, иссиқ уйга бориш, ишларини тезроқ тугатиш илинжидаги ҳеч бир харидор сертификат сўрамаслиги табиий. Ҳатто яроқлилик муддатини текширмасдан олиб кетаверадиганлар ҳам, афсуски кўп. Баъзан муддати ўтган, истеъмолга яроқсиз маҳсулотни уйга борганда, тановул қилишдан олдин билиб, аттанг деб қолишади. Мутасаддиларга юзлансангиз «фалон ташкилотга, фалон департаментга мурожаат қилишингиз мумкин, ишонч телефонига қўнғироқ қилинг», деган жавобни оласиз.
28 номдаги маҳсулот талабга номувофиқ
Бугун фаолият юритаётган Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги аслида ана шундай ҳолатларда ўз номи билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиши керак. Хўш, яроқлилик муддати ўтган ёки мутлақо бундай муддат берилмаган маҳсулотларни харид қилган истеъмолчилар ҳуқуқлари қандай ҳимоя қилинмоқда?
— Чакана савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларида товарлар ва хизматларнинг назорат харидини амалга ошириб, уларни истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мослиги жиҳатидан экспертизадан (тестдан) ўтказилиши ташкил қилинмоқда, — дейди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг таҳлил ва стратегик дастурларни ишлаб чиқиш йиғма бошқармаси бошлиғи Фаррух Мадаминов. — Агентлик томонидан ўтказилган назорат харид ва бошқа назорат тадбирлари, уларда аниқланган камчиликлар, талабга мос келмайдиган товарлар, уларни ишлаб чиқарувчиси ҳақидаги маълумотлар ОАВ, расмий веб- сайт, ижтимоий тармоқлар орқали истеъмолчиларга етказиб берилмоқда. Хусусан, 12 турдаги озиқ- овқат ва ноозиқ-овқат бўйича ўтказилган назорат хариди тадбирида 79 та маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчининг 88 номдаги маҳсулоти намуна сифатида олинди. Экспертиза натижаларига кўра, 28 номдаги маҳсулот норматив-техник ҳужжатлар талабига номувофиқлиги аниқланди, улардан 5 таси бўйича ваколатли орган («Ўзстандарт» агентлиги) томонидан мувофиқлик сертификати бекор қилинди.
Қадоғи «пустой» бўлса…
«Ўзстандарт» агентлиги расмий сайтида озиқ-овқат маҳсулотларининг техник регламенти берилган бўлиб, унинг 20-банди айнан сут ва сут маҳсулотларига қўйиладиган талаблар ҳақида сўз боради. Қисқасини айтганда, маҳсулотга ёпиштириладиган махсус ёрлиқда унинг озуқавийлигидан тортиб, ишлаб чиқарилган жойи, санаси, соати ва минутигача барча маълумотлар берилиши керак. Табиийки, ишлаб чиқариш муддати ҳам кўрсатилиши лозим.
Афсуски, бугун барча ишлаб чиқарувчилар ҳам бунга амал қилаётгани йўқ. Биргина Самарқанд шаҳри бозорлари, савдо дўконларини кўздан кечирганимизда на ишлаб чиқарувчининг номи, на яроқлилик муддати бўлмаган сут маҳсулотлари очиқ савдодалигининг гувоҳи бўласиз. Биргина «Идеал» номи остида сотилаётган маҳсулот бунинг мисоли. Қадоқланган идиш худди оқ қоғоздек «топ-тоза». Қадоғи «пустой» маҳсулотнинг қаеридан топамиз шунча маълумотни?..
* * *
Бугун ана шундай маҳсулотлар қайсидир йўллар билан, кимларнинг қўли билан очиқ савдода. Ана шу қўллар яроқсиз маҳсулотни олиб, пулига куяётган фуқароларнинг ҳолатини тасаввур қилишармикан? Наҳотки улар пул, бойлик йўлида инсон саломатлигини ўйлашмаса!
Ноилахон АҲАТОВА
«Mahalla»
4,565