Ҳақиқатдан ҳам тадбиркорлик ва истеъмолчилик маданиятини оширишга қаратилган ўқув семинарларининг айнан хизмат кўрсатувчи корхоналарда ташкил этилгани мақсад сари тўғри йўл бўлди.
Биринчидан, хизмат кўрсатувчи идора ходимларининг истеъмолчиларга кўрсатаётган хизмати Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўўрисида”ги қонунда белгиланганидек ўз вақтида, тўлиқ ҳажмда ва сифатли бўлишини таъминлаш борасидаги масалаларга эътибори қаратилади.
Иккинчидан, хизмат кўрсатувчи идора ходимларининг истеъмолчилик маданиятининг оширилиши уларнинг аҳоли билан бевосита самарали мулоқот ўтказишига хизмат қилади.
Ана шундай тадбирлардан бири “Ҳудудгаз Жиззах” МЧЖ мажлислар залида “Аҳолини табиий газ билан таъминлаш соҳасидаги мавжуд муаммо ва камчиликлар” мавзусига бағишланди.
Тадбирда вилоят Монополияга қарши курашиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари — Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш бошқармаси бошлиғи И.Олтмишев томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” 2019 йил 11 сентябрдаги 5817-сон Фармонининг мазмун-моҳияти ҳамда асосий йўнаишлари ҳақида тушунча бериб ўтилди.
Вилоят Прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ва “Ўзстандарт” агентлигининг вилоят бўлими вакиллари О.Адилов ва М.Бекмирзаевлар Жиззах вилоятида аҳолини табиий ва суюлтирилган газ билан таъминлаш, ҳисоблагичларни кўрикдан ўтказиш бўйича қабул қилинган меъёрий ҳужжатлардан “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ва “Юридик ва жисмоний шахсларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик ва иссиқ сувни ҳисобга олиш ускуналарини ечиш, қиёслашдан ўтказиш, ўрнатиш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорларнинг амалий ижросига доир масалаларга алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Ўқув семинарларини шу тартибда ташкил қилиниши – хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг истеъмолчиларга сифатли хизмат кўрсатишдаги масъулияти ва иш самарадорлигини оширишга қаратилган муҳим қадамдир.
5,611