Павел Магай,
Савдо, умумий овқатланиш ва туризм соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи:
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги томонидан ички бозорда сифатсиз, истеъмолга яроқсиз, инсонларни ҳаётига хавф солувчи, соғлигига зиён етказувчи маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш мақсадида товарларнинг сифат даражасини ўрганиб борилмоқда.Сабаби истеъмолчилар учун биринчи навбатда маҳсулотнинг сифати ва хавфсизлиги муҳим.
Агентлигимиз кўп сонли фуқароларнинг мурожаатларига асосан озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича харид назоратини ўтказди.Пойтахтимизнинг савдо шохобчалари ва йирик савдо тармоқларидан қуюлтирилган сут маҳсулотининг 6 та намунаси ва газланмаган ичимлик сувларидан 5 та намуна харид қилинди.
«Ўзбекистон илмий-синов ва сифат назорати маркази» давлат корхонаси («UzTest» ДК)да синовдан ўтказилган қуюлтирилган сутларнинг барчаси озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонун талабларига жавоб бермаслиги ҳақида хулоса берилди. Яъни мазкур сут маҳсулоти (қуюлтирилган сут) таркибида катта миқдорда ўсимлик ёғидан фойдаланилгани маълум бўлди. Катта даромад олишни ўз олдига мақсад қилган бундай “тадбиркор”ларнинг маҳсулотлари албатта сотувдан олиниши шарт. Агентлик томонидан бу ҳақда ваколатли органларга тақдимнома киритилди.
Бундан ташқари, газланмаган ичимлик сувлари намунаси Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигида санитар-гигиена, радиология, микробиология ва паразитология талабларига мувофиқлиги юзасидан синовдан ўтказилди. Қувонарлиси, бешта (0,5 л бирликдаги) газланмаган ичимликларнинг хавфсизлик ва сифат кўрсаткичларини талабга мувофиқлиги маълум бўлди.
Жумладан, Агентлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва институционал тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5817-сонли Фармони 2-иловаси билан тасдиқланган “2019-2020 йилларда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури” асосида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқлиги нуқтаи назаридан товарлар (ишлар, хизматлар) устидан экспертиза (тестлар) ўтказиш амалиётини давом эттириб бораверади. Бундай тадбирлар сифатсиз, нуқсонли товарларнинг сотилишига чек қўйиши, шубҳасиз албатта.
11,700