Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги томонидан бу борада сўров ўтказилди.
2019 йилнинг декабрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва 12 та вилоятда истеъмолчининг ўз ҳуқуқларини билиш даражаси ва шаҳар йўловчи ташиш транспорти хизматлари кўрсатиш соҳасида ўтказилган мазкур сўровда 1661 нафар респондент иштирок этди.

Сўров икки қисмдан иборат бўлиб, 1-қисмга Истеъмолчининг ўз ҳуқуқларини билиш даражаси тўғрисидаги саволлар киритилган.
Сўров иштирокчиларининг ярмидан ортиқ қисми истеъмолчилик ҳуқуқлари бузилганини тасдиқлашган, ҳуқуқларни қайта тиклаш, давлат органларига мурожаат қилиш, адвокат хизматидан фойдаланиш тўғрисидаги саволларга иштирокчиларнинг аксарият қисми йўқ деган жавобни келтирган.
Жами қатнашчиларнинг 67,6 фоизи истеъмолчилик ҳуқуқи бузилган ҳолда каерга мурожаат этишни билса-да, бироқ иштирокчиларнинг катта қисми ваколатли органлар ҳамда адвокат маслаҳатидан фойдаланишни лозим деб топмасликларини эътироф этган.
Истеъмолчиларнинг ўз ҳуқуқларини суд-ҳуқуқ тизими орқали ҳимоя қилиш ҳолатларининг камлигини аҳолининг ушбу жараённи ортиқча харажатли ва мураккаб деб билишлари билан изоҳлаш мумкин, ҳолбуки, сўров ўтказилганларнинг 84,2 фоизи судга ариза билан мурожаат қилмаганлигини таъкидлаган.

Сўров анкетасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли органлар фаолиятини иштирокчиларга 5 баллик тизимда баҳолаш таклиф этилди.

Истеъмолчилик ҳуқуқлари ҳимояланганлиги ва ваколатли органлар фаолиятидан умумий қониққанлик даражаси вилоятлар бўйича таҳлил қилинганда, Сурхондарё ва Наманган вилоятлари энг юқори кўрсаткич, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳрида эса ўртача республика кўрсаткичидан (40,3 пункт) паст натижа қайд этилган, Самарқанд вилояти қуйи ўриндан жой олган.

2. Шаҳар йўловчи транспорт хизматларидан фойдаланишида кўрсатилаётган хизматлар сифати, хавфсизлигини ҳамда уларда истеъмолчи ҳуқуқларини бузилишини баҳолаш мақсадида сўровноманинг иккинчи қисмида йўловчи ташиш транспорти тизимидаги бугунги кундаги долзарб саволлар киритилди.
ҳа | йўқ | |
Шаҳар йўловчи ташиш транспортидан доимий равишда фойдаланасизми? | 77,0 | 22,6 |
Йўналишда қатнаётган автобус ва микроавтобуслар сони ва уларнинг хизмат сифати сизни қониқтирадими ? | 46,2 | 53,5 |
Шаҳар йўловчи транспортининг янги йўналишларини очиш зарурми? | 74,3 | 25,3 |
Сизга йўлкира тўлови учун чипта берилмаган ҳолатлар учраганми ? | 63,8 | 35,8 |
Автобус ва микроавтобусларда совитиш ва иситиш тизими ишлайдими? | 39,2 | 60,1 |
Реклама воситаларини жамоат транспорти ташқарисида ва ичкарисида жойлаштирилишига ижобий қарайсизми? | 63,4 | 36,2 |
Бекатларда автобус қатнов графиги (рақами ва қачон келиши) тўғрисида маълумот табличкаси жойлаштирилганми? | 38,6 | 61,0 |
Жамоат транспортлари салонларида ҳаракат йўналиши ва йўлкира нархи тўғрисидаги маълумотлар мавжудми? | 58,5 | 41,1 |
Ҳаракатланишнинг белгиланган графигига риоя этмаслик ҳолатлари тез-тез учраб турадими? | 53,5 | 46,1 |
Асосий ва оралиқ бекатларда узоқ туриб қолиши кузатиладими? | 60,3 | 39,4 |
Соат 19-00 дан кейин жамоат транспорт қатнови тўхтайдими? | 65,8 | 33,9 |
Жамоат транспортлари ўз ҳаракат маршрутларига амал қилишадими? | 63,6 | 35,8 |
Жамоат транспортларида белгиланган йўлкира нархларига амал қилишадими? | 62,3 | 37,4 |
Ойлик йўл чипталаридан фойдаланганизда истеъмолчилик ҳуқуқларингиз бузилиш ва сизни камситиш ҳолатлари кузатилганми? | 29,7 | 69,1 |
Кейинги бекат номи олдинрок эълон қилинадими? | 41,7 | 57,9 |
Автобус йўлда бузилиб қолганда йўлкира ҳақи қайтарилганми? | 55,8 | 43,6 |
Бепул фойдаланувчилардан йўлкира ҳақини тўлаш талаб қилинганми? | 35,8 | 63,5 |
Шаҳар йўловчи транспорт хизматлари иштирокчиларга 5 баллик тизимда баҳолаш таклиф этилди.

Истеъмолчиларнинг йўловчи ташиш транспорт хизматлари билан қониққанлик индекси бўйича вилоятлар рейтинги

Истеъмолчининг ҳуқуқий билимини янада ошириш бугунги кундаги асосий масалалардан бири
Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги томонидан ўтказилган сўров натижаларида аҳоли ўз истеъмолчилик ҳуқуқлари бўйича билими ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиниши билан қониққанлик даражаси етарли даражада эмаслигини кўрсатди. Бу борада истеъмолчиларнинг саводхонлигини янада оширишда ваколатли давлат органларининг ҳам роли катта.Агентлик томонидан ваколатли давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича муайян ишлар йўлга қўйилган.
Сўров таҳлиллари бугунги кунда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида қуйидагилар асосий муаммолар эканлигини кўрсатади:
- аҳолининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги, бу ўз навбатида сотувчиларга истеъмолчини нотўғри (ёлғон) маълумот бериш орқали осон чалғитиш имконини бериши мумкин;
- истеъмолчи ва тадбиркор ўртасида низоларни судгача ҳал этиш механизмининг мавжуд эмаслиги;
- истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратининг етарли эмаслиги;
- маҳаллий давлат ҳокимияти ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга ваколатли органларнинг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги вазифаларини аниқ тақсимланмаганлиги;
- истеъмол товарлари сифатининг пастлиги;
- маҳсулот тўғрисида маълумотларнинг ноаниқлиги ва бутунлай мавжуд эмаслиги ёки маълумотни истеъмолчига қулай бўлмаган кўринишда етказилиши;
- истеъмолчилар ҳуқуқларини бузилишини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича ягона самарали комплекс тизимнинг мавжуд эмаслиги;
- истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида суд-ҳуқуқ тизимининг етарли даражада ривожланмаганлиги;
- маънавий зиён суммасини асослашнинг мураккаблиги;
- истеъмолчилар ҳуқуқларини бузилишини тезкор аниқлайдиган ягона тизим яратиш, ушбу тизим истеъмолчининг сотувчига жарима қўллаш тўғрисидаги шикоятини тезкор етказиш имконини беради;
- истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг чет-эл тажрибасини, хусусан Германия давлатининг Инфотекалар (истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича консультатив хизматлар) бўйича амалиётини қўллаш;
суд органлари томонидан маънавий зиён суммасини асослаш тушунтириш қўлланмаларини ишлаб чиқиш (аввалги кўриб чиқилган ишлардан келиб чиққан ҳолда). Ушбу муаммоларни бартараф этиш ва таклиф этилган чораларни босқичма-босқич амалга ошириш юртимизда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимояланганлиги йўналишидаги ҳолатни яхшиланишига замин яратади.
Истеъмолчига транспорт соҳасида сифатли хизмат кўрсатилиши шарт
Йўловчи ташиш транспорт соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш чоралари кўриш мақсадида, ушбу соҳада истеъмолчи олдида турган ҳар бир масалани босқичма-босқич ҳал этиш бўйича “йўл хариталари” ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, жамоатчилик назорати орқали муаммоларни ва уларни бартараф этилганлигини доимий равишда ўрганиб бориш мақсадга мувофиқ. Сўровноманинг йўловчи ташиш транспортига тааллуқли қисми таҳлили бўйича қуйидагилар ушбу соҳадаги асосий камчилик ва муаммолар бўлиб ҳисобланади:
1) Аксарият йўловчиларнинг фикрига кўра, бугунги кунга келиб йўловчи ташиш транспорти соҳасидаги асосий муаммо бу ташиш транспортларининг ҳаддан ташқари эскириб,фойдаланишга яроқсиз ҳолга келгани ҳамда автобуслар паркининг янгиланиш даражаси ва уларга хизмат кўрсатиш сифатининг пастлиги билан боғлиқ.
2) Деярли барча бекатларда, айниқса марказий бўлмаган жойлардаги автобус кутиш жойларида, ҳаракатланиш чизмаси, юриш жадвали ва бошқа зарурий маълумотлар мавжуд эмас ва умуман бекатлар майдонининг кичиклиги, ўтирғичлар сонининг етишмаслиги кузатилмоқда.
3) Ҳайдовчиларнинг вақт интервалига эътибор қилмаслиги, айрим бекатларга жуда ҳам тез келиши, бошқаларига кечикиши, уларнинг йўловчиларга нисбатан қўрс муомалада бўлиши тегишли мутасадди ташкилотларга бу йўналишда назоратни кучайтириши лозимлигини англатади.
4) Автобуслар ҳаракати жойини аниқловчи иловаларнинг фақат Тошкент шаҳрида мавжудлиги, унинг ҳам ишлашига жуда кўп эътирозларнинг бўлаётгани бу борада ҳам етарли ишларни амалга оширилмаётганидан далолат бермоқда.
5) Шаҳар марказларида қатновчи автобуслар, уларга талаб ва эътибор юқорилиги туфайли вақт интервалига амал қилишлари, шаҳар марказидан узоқ жойларда ҳаракатланувчи автобуслар ва маршрутли таксилар мавжуд-тартиб қоидаларга амал қилмай, ўзбошимчаликка йўл қўяётганлиги бу борада ҳам назорат етарли эмаслигини намоён этмоқда.
Истеъмолчилар ҳуқуқларининг ҳимояланганлиги даражаси ва аҳолига шаҳар йўловчи ташиш транспорти хизматлари кўрсатиш соҳасида ўтказилган сўров натижалари ҳамда тегишли таклифлар маълумот ва кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитасига юборилди.
5,665